Главная » 2013 » Iyul » 6 » Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси жаҳон чемпионатидаги иштирокини якунлади
22:35
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси жаҳон чемпионатидаги иштирокини якунлади
Туркияда давлатида бўлиб ўтаётган футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида чорак финалнинг дастлабки учрашуви ўтказилди. Унда ЎЗбекистон терма жамоаси Франция ёшларига йирик 0-4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Ўйин бошидан фрацузлар ташаббусни ўз қўлларига олишди ва дарвозамиз олдида кетма-кет ҳужумларни амалга оширишди.
Ўйиннинг 31-дақиқасига келиб ушбу ҳужумлар ўз самарасини берди. Чап қанотдан ошириб берилган тўп, ҳимоячиларимиз ва дарвозабондан ўтиб рақибларнинг Яя Саного исмли ўйинчисига келиб тушди ва у осонлик билан ҳисобни очди.
Орадан 4 дақиқа ўтиб, дарвозамиз томон пеналти белгиланди. Поль Погба бу имкониятдан унумли фойдаланиб ҳисобни 2:0га етказди. 43-дақиқада эса жарима майдончаси ичда вакилларимиздан бирининг қўлига тўп теккани учун навбатдаги 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди ва Таувин ҳисобни йирик кўринишга олиб келди, 3:0.
Иккинчи бўлимда Франция ёшлар терма жамоаси яна ҳужумга отланди. 62-дақиқада Курт Зума бурчакдан оширилган тўпни боши билан дарвозамизга жойлаб қўйди.
Ўйин давомида рақибларда яна қатор вазиятлар бўлди, бироқ дарвозамизга бошқа тўп киритилмади.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, Франция терма жамоаси вакилларимизда анча кучли экани кўриниб қолди. Французлар майдонда жуда эркин ҳаракат қилиб, жарима майдончасига бемалол кириб боришди. Бунга биринчи галда терма жамоамизнинг асосий ҳимоячилари ўйинга тушмагани, қолаверса бош мураббийнинг французлар кучини тўғри баҳолай олмагани сабаб бўлди, дейиш мумкин.
Кучли ва тезкор терма жамоага қарши худди шундай ҳаракат қилган вакилларимиз, рақибига тезда имкониятни бой берди. Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон ушбу ўйинда ҳимоя ва пас темпга асосланган тактикани танлаши ва шу билан рақибнинг ўйинига салбий таъсир кўрсатиши лозим эди. Бироқ шундай бўлсада, ЎЗбекистон ёшлар терма жамоасининг Жаҳон чемпионати чорак финалига қадар етиб борганининг ўзи ҳам ютуқ саналади. Қолаверса бу ана шу ёшдаги терма жамоаларимизнинг жаҳон чемпионатида қайд натижалари орасида энг яхшиси саналади. Шундай экан, жаҳоннинг энг кучли саккиз терма жамоаси сафига кирган Аҳмаджон Мусаев шогирдларига миннатдорчилик билдирамиз.