Баъзилар ёзнинг жазирама кунларида бехаловат бўлишади, кечалари ухлолмай чиқишади. Бундай вақтда шифокорлар салат баргларини кўпроқ ейишни тавсия қилишади. Баъзилар ёзнинг жазирама кунларида бехаловат бўлишади, кечалари ухлолмай чиқишади. Бундай вақтда шифокорлар салат (коҳу) баргларини кўпроқ ейишни тавсия қилишади. Римлик машҳур ҳаким Гален кексайган пайтида уйқусизлик дардига чалинган ва салат барглари ёрдамида даволаниб, бу касалликдан қутулган экан. Халқ табобатида салат асаб тизимини тинчлантирувчи ва уйқу чақирувчи доривор ўт сифатида қадрланади. Салатни янгилигида кўпроқ истеъмол қилинг. Унинг ним яшил баргларини қиш учун қуритиб қўйсангиз ҳам бўлади. Ана шунда бу доривор ўт уйқусизликни енгишда сизга йил давомида фойда келтиради. Рецепт: 3-4 ош қошиқ қуритилган салат баргига бир стакан қайноқ сув қуйиб, икки соат дамлаб қўйинг. Бир ой давомида ҳар куни 2-3 маҳал илиқ ҳолда бир стакандан ичиб турсангиз, самараси яхши бўлади.
Гастрит, колит, ичак касалликларида… Баргизуб (подорожник) бизнинг шароитимизда энг кўп тарқалган ва ҳар қадамда учрайдиган доривор гиёҳдир. Қадимги греклар ичбуруғ, ошқозон ва ичак яллиғланишини тез даволашда баргизуб япроғидан фойдаланишган. Абу Али ибн Синонинг фикрича, баргизуб япроқлари яраларни тузатади, қон оқишини тўхтатади, ошқозон-ичакдаги яра касалликларини битиради. Рецепт: 3 чой қошиқ қуритилган баргизуб япроғига 1 стакан қайноқ сув қуйинг. 6-8 соат тиндиринг. Овқатланишдан ярим соат олдин кунига чорак стакандан 2 маҳал ичинг. Муолажа бир ой давомида бажарилади.Ёшларда учрайдиган гастрит, колит, энтероколит, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраларини даволашда ушбу муолажани қўлласа бўлади. Рецепт: ичак касалликларини даволаш учун баргизубнинг янги баргларини совуқ сувда ювинг. Сўнг қайноқ сувга ярим дақиқа солиб олинг. Гўштқиймалагичдан чиқаргач, қалин матода сувини сиқинг. Агар гиёҳнинг суви қуюқ бўлса, тенг миқдорда сув билан аралаштиринг. Кейин бир-икки дақиқа қайнатинг. Кунига уч-тўрт маҳал бир-икки ош қошиғини тенг миқдорда асалга аралаштириб, 30 кун давомида қабул қилсангиз, яхши натижаларга эришасиз.
Қалампир ва бодрингли «дори» Бўйин остеохондрози туфайли елка оғриқларидан азият чекадиган уй шароитида қуйидаги осонгина муолажа қўллашлари мумкин. Рецепт: 3 донадан аччиқ қалампир ва унча катта бўлмаган тузланган бодрингни майдалаб тўғраб, устидан ярим литр сув қуйинг. 12 кун давомида қоронғу жойда сақланг. Вақти-вақти билан аралашмали идишни чайқатиб туринг. Бу малҳамни кечқурун ётишдан олдин бўйин ва елка соҳасидаги оғриқли жойларга суриб, ўраниб ётинг. 3-4 кун ичида оғриқлардан халос бўласиз.
Шивитқорин дам бўлишига қарши… Шивит қорин дам бўлиши билан боғлиқ ноқулайликларни бартараф этиш хусусиятига эга. Ҳозирги кунда кўп учрайдиган дисбактериоз (айрим сабабларга кўра ичаклардаги фойдали микрофлоранинг камайиб кетиши ва зарарли бактерияларнинг кўпайиши) касаллигини даволашда ҳам шивитнинг фойдаси катта экан. Рецепт: дисбактериозга учраган бемор шивит уруғини қаҳвамайдалагичдан чиқариши, сўнг эрталаб ва кечқурун ярим чой қошиқ майдаланган шивитни ярим ош қошиқ ўсимлик ёғига аралаштириб истеъмол қилгани маъқул. Муолажа муддати: бир ҳафта. 5 кун танаффус қилиниб, сўнг шу муолажа яна такрорланади. Қарабсизки, қорин дам бўлиши йўқолади, ич қулдираши барҳам топади, ич келиши яхшиланади, кекирик ва жиғилдон қайнашидан ҳам қутуласиз.
Лавлаги ангинани даволайди Жазирама кунларда кўпчилик совуқ егулик-ичимликларни истеъмол қилади. Бунинг натижасида сурункали ангинага чалинганларда дард қайта хуруж қилиши мумкин. Рецепт: ангина пайдо бўлиши биланоқ 2-3 та лавлагини яхшилаб ювиб, сувда юмшагунича қайнатинг. Пишган лавлагини идишга олиб, қайнаган сувини тиндириб, шиша банкага қуйинг. Ичига бир неча томчи прополис эритмаси томизинг. Шу аралашма билан ҳар куни оғзингизни чайиб туринг. Яна бир усул. Хом қизил лавлагини қирғичдан чиқариб, битта стаканни тўлдиринг. Бир ош қошиқ сирка қўшиб, бир соатча тиндиринг. Сўнг докада сиқиб сувини чиқаринг. Бир ҳафта давомида шу сув билан томоғингизни чайсангиз, ангинадан батамом фориғ бўласиз.