"ntt” телеканалида намойиш этилаётган "Уй бекаси” сериали ҳақида аввал ҳам ёзган эдик. Комедия жанридаги сериал томошабинларга хуш кайфият бериш билан бирга анчагина танқидларга ҳам сабаб бўлмоқда. Куни кеча таҳририятимизга шу мазмундаги яна бир мактуб келди.
Жалил Парсаев, ўқитувчи: — "Уй бекаси” сериалига эътирозим бор. Менимча сериал кулгули саҳналарга бой бўлиши режалаштирилгану, лекин бунинг уддасидан чиқа олишмаган. Сериал бошиданоқ бачканаликдан иборат. Актриса Фотима Режаметованинг хатти-ҳаракатларини мушоҳада қилиб кўрсангиз ҳайрон қоласиз. Унинг уйига меҳмонга келадиган "юлдуз”ларнинг ролларидаги мақсад ҳам ноаниқ.
Азал-азалдан ўзбек қизлари ўз ибо-ҳаёси, одоби ва гўзал хулқи билан донг таратган. Сериал қаҳрамонининг катта қизи институт талабаси. Ота ишдан чарчаб, уйга қайтганида кутиб олишга чиққан қизлари унга салом беришни ҳам унутиб тарбиясизларча ҳаракат қилиши ҳаммасидан ўтиб тушди. Отага айтган гапини қаранг: "15 дақиқа олдин келсангиз бўлмасмиди?”. Ахир у оила бошлиғи, хизматкормас. Биз ўзбекларда ота оила қўрғони, устуни ҳисобланади. Сериалда ёшларни тарбияга чақирувчи ғоя ёки фикрни кўрмаяпман. Савияси паст фильмлар кўпайиб бораётган бир пайтда маъно-матраси йўқ сериалларни суратга олишдан кимга наф? Сценарий ёзаётган ижодкорлар нимани ўйлашяпти экан? Ёки бу сериалда қатнашишга рози бўлаётган актёр ва актрисалар-чи?
Мактубни ўқигач мухлиснинг эътирозларига жавоб олиш мақсадида сценарий муаллифи ҳамда бош роль ижрочиси билан боғландик.
Иродабегим, сценарий муаллифи: — Ҳамманинг ўз фикри ва муносабати бор. Мен мактуб йўллаган томошабиннинг фикрларини нотўғри эканлигини исботлашга ҳаракат қилмайман. Биз ғоя муаллифи Назира Иноятова билан барча қонун-қоидалардан келиб чиққан ҳолда сценарий ёздик. Биринчи ишимиз бўлгани учун камчиликларга йўлга қўйилганини ҳам инкор этмайман. Аммо, назаримда биз ёмон ишламадик. Насиб этса, "Уй бекаси-2” сериали устида иш бошлаганимизда сериалнинг биринчи фаслидаги нуқсонларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз.
Фотима Режаметова: — Шахсан мен бу томошабиннинг фикрига бироз қўшилмайман. Сабаби, мен вазиятдан келиб чиққан ҳолда гапларимга мос ҳаракат қилганман. Уни бачканаликка йўймаслик керак. Ҳар бир нарсадан камчилик излайвериш ҳам ноўрин. Бу енгил комедия. Ўзбек телевидениесида янгилик бўлгани учун ҳам унга томошабинларнинг кўникиши бироз қийин бўлаётгандир, аммо вақт ўтса, ҳаммаси ўз жойига тушиб кетади. Тошабинлар ҳам ўрганиб кетишади, кези келганда биз ҳам ўз хатоларимизни тушуниб, бунданда пухтароқ ишлашга ҳаракат қиламиз.