SHERLAR.BIZ Juma, 29.03.2024, 00:26
Приветствую Вас Mehmon | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Latifalar [11]
Primyeralar [12]
Mobil telfonlar [197]
Sevgi dunyosi [826]
Qo'shiq matni [94]
Texnogoliyalar [98]
Kino yangiliklari [71]
Jahon yulduzlari [58]
Dunyo xabarlari [706]
Salomatlik sirlari [13]
Sport yangiliklari [589]
O'zbek yulduzlari [130]
Shou biznes olami [575]
Foydali maslahatlar [253]
Taomlar retseptlari [6]
Yulduzlar biografiya [59]
Qiziqarli malumotlar [697]
O`zbekiston Yangiliklari [641]
Munajjimlar bashorati 2017, 2018, 2019 / Мунажжимлар башорати 2017, 2018, 2019 [0]
Yangi qo'shiqlar 2017, 2018 [0]
Yangi mp3lar 2017, 2018 [0]
25-May bitiruvchilar kuni uchun she'rlar [1]
Ramazon tabriklari / Ro'za haqida she'rlar tilaklar [1]
Onalar haqida juda tasirli she'rlar / Manoli / Mazmunli [1]
Do'stlik haqida sherlar / Yaxshi va yomon do'stlar haqida she'rlar to'plami [1]
Наш опрос
Sayt haqida fikringiz
Всего ответов: 284
Мини-чат
Статистика


Hozirda saytda: 1
Mexmonlar: 1
Foydalanuvchilar: 0
Главная » 2013 » Iyul » 2 » Тўй бошлаб қўйдингизми? Келинг, қанча пул кераклигини ҳисоблаб кўрамиз
00:45
Тўй бошлаб қўйдингизми? Келинг, қанча пул кераклигини ҳисоблаб кўрамиз

Тўй ўзбек халқининг энг эзгу удумларидан бири. Катталар "бошимиз тўйлардан чиқмасин”, деб дуо қилишади. Бу ниятнинг замирида жуда катта маъно бор. Ҳам тўй қилиб, ҳам унга тадорик кўраётиб ширин орзиқишни туйганлар қанча... Хабарингиз бор, юртимизда тўйларнинг рисоладагидек ўтказиш, бу каби тадбирларни ихчамлаштириш борасида бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Айни талабларга амал қилиш ҳам ҳар биримизнинг зиммамиздаги бурч, чунки шу орқалигина тўйларимиз ихчам, исрофгарчиликсиз ўтади.

Авваллари тўйлар ҳовлиларда, кўчаларда ўтказиларди. Шундан ҳам тўй соҳиблари маросимдан кейинги йиғди-тердилардан чарчаб, тўйга ким келиб, ким кетганини билолмай қолишарди. Ҳозирги вилоятларнинг чекка қишлоқларида ҳам замонавий тўйхоналар очилган. Бундай масканларда тўй ўтказиш маҳаллий аҳоли учун қулай. Чунки қишда ҳам, ёзда ҳам меҳмонларга тўкин дастурхон ёзиш мумкин. Қолаверса, тўй эгаси ортиқча уринмасдан меҳмонларни кутиб олиш ва ҳеч бир ташвишсиз кузатиш имкониятига эга бўлади. Аммо бу қулайлик баъзи ҳамюртларимизнинг фикрига қараганда, бироз "қимматга” тушаётганини ҳам айтиб ўтмасликнинг иложи йўқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги Фармони, шунингдек, 2012 йилнинг 10 сентябрь куни қабул қилинган Тошкент шаҳар ҳокимининг "Тошкент шаҳридаги тўйхона, ресторан ва кафеларда тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори тадбир ўтказувчи шахс ва хизмат кўрсатувчи ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни йўлга қўядиган бўлди. Қарор ижроси борасида бир қанча юртдошларимиз ижобий фикрларни билдиришди. Аммо улар орасида бу ижро таъминланмаяпти, дегувчилар ҳам йўқ эмас.

ТЎЙНИ ҚАЕРДА ЎТКАЗГАН ЯХШИ?
Акмал Бегалиев, Жиззах вилояти, 74 ёш.
— Шу йилнинг бошида ўғлимни уйлантирдим. Тўйни ўтказиш учун яқинимиздаги тўйхонани ижарага олмоқчи бўлдик. Аммо нархи қимматлик қилди. Тўйхонага ҳар бир киши учун ўртача 25 минг сўм тўлашимни сўрашди. Катта тўйхонада ўтказсам, 500 киши учун 12 500 000 сўм тўлашим лозим бўлади. Ахир ижара пулидан ташқари мевалар, салқин ичимликлар, салатларнинг ўзига қанча ҳаражат кетади? Тўйни ресторанда ўтказиш биз каби кекса одамлар учун айни муддао, аммо нархи сал қиммат.

НОЗ-НЕЪМАТЛАР КЎНГИЛДАГИДЕК ТОРТИЛМАДИ
Рисолат Отамуродова, Фарғона вилояти, 54 ёш.
— Яқинда қизимни турмушга бердим. Қуда билан келишиб "Келин салом”, "Чақириқ”ларни битта қилиб ўтказишга қарор қилдик. Тўйхона ходимлари билан келишиб, мева ва салқин ичимликларни ўзим олиб келадиган бўлдим, шу аснода ижара нархини бироз арзонлаштирдим. Аммо тадбир давомида ўзимни жуда ноқулай ҳис қилдим. Чунки тадбир бошланиб, қудалар кириб келгач ичкарига кириб, не кўз билан кўрайки, столда мен олиб келган ичимлик ва мевалар кам қўйилган. Билмаган одам, булар кам олинибди-ю, ҳаммага етказиш учун столга шундай жойлаштиришибди-да, деб ўйлайди. Тадбир тугаганидан кейин раҳбариятига кириб гапирдим, аммо энди бундан нима наф, ҳаммаси ўтди-кетди. Бир томондан аёл кишиман, улар билан тортиша олмасам...

Биз айни фикрни ўрганиш мақсадида шаҳримиздаги 50 дан ортиқ тўйхона, ресторанларга, шу жумладан, тўй учун ижарага олиш мумкин бўлган барча нарсалар ҳақида маълумот олиш мақсадида бир қанча ташкилотларга қўнғироқ қилдик.

НАҲОРГИ ОШ
Дастлаб, тўйхоналарга қўнғироқ қилиб, наҳорги ош маросимини ўтказиш ниятида эканимизни билдирдик. 2012 йил қабул қилинган қарорга кўра тўйхона, ресторан ва кафелардаги тадбир иш кунлари соат 07:00 дан 09:00 гача, 12:00дан 14:00гача ва соат 18:00дан 23:00гача ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин тўй, тантана ва тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди. Наҳорги ош нархини келишишдан аввал уларни синаш ниятида бизга эрталабки соат 07:00 кеч эканини, қимматроққа бўлса-да, соат 06:00 да ўтказиш таклифини бердик. Аммо, барча тўйхона ходимлари бунинг иложи йўқлигини, бу қонун билан тақиқланганини, қолаверса катта миқдорда жаримага тортилишлари мумкинлигини айтиб рад жавобини беришди.

Тадбиркорларимизнинг қонун талабларига қатъий риоя қилаётганидан очиғи қувондик. Зеро, қонунлар барқарорлиги тараққиёт учун хизмат қилиши ҳаммамизга аён. Тўйхонага таклиф қилинадиган меҳмонларнинг сонига қараб наҳорги ош бир киши учун 10 000 дан 50 000 сўмгача тушар экан. Ўртача 25 000 сўмдан ҳисоблаганда, ошга 250 киши таклиф қилинса, тўй эгаси 6 250 000 сўм тўлаши лозим. Агар стол устига қўйиладиган барча ноз-неъматларни ўзингиз олиб келсангиз анча арзонга тушади.

НИКОҲ ТЎЙИ
Мазкур қарорга кўра, пойтахтимизда никоҳ тўйи тантаналарини 18:00 дан 23:00 гача ўтказиш белгиланган. Биз боғланган ресторанлар ушбу тартиб қатъий риоя қилишларига ишонч ҳосил қилдик.
Тўйхона учун тўловларга келадиган бўлсак, бу борада ижара пули наҳорги ошдан фарқли равишда, тўйхона томонидан таклиф қилинадиган таомномалардан қай бирини танлашингизга қараб, бир киши учун 30 000 дан 90 000 сўмгача тўғри келади. Агар ҳар бир киши учун ўртача 50 000 сўм деб баҳоласак, унда тўйхона томонидан биринчи, иккинчи таомлар, нон, чой, 4 хил салат, тўй эгаси томонидан эса мевалар ва салқин ичимликлар олиб келиниши лозим бўлар экан. Тўйга тахминан 400 киши атрофида меҳмон чақирилса, ресторан ҳаражатлари 20 млн сўмга бораркан. "Келин салом”, "Чақириқ” каби тадбирларнинг нарх-навоси ҳам шунга яқинлашиб қолишини эътиборга олсак, тўй харажатлари унча-мунча одамнинг белини букиб қўйиши ҳеч гап эмас.

Шундай экан, тўй эгалари, қудалар тўйларни янада ихчамроқ, камхаржроқ ўтказиб, ортиб қолган пулни бошқа, янада фойдалироқ ишлар (масалан, ёш оиланинг рўзғори, тадбиркорлигини йўлга қўйиш...) га сарфлашса мақсадга мувофиқ бўлармиди?

КИМ ҚАНДАЙ БЕЗАТИШНИ ИСТАЙДИ
Тўй ўтказиладиган тўйхонани безатиш истагида шу иш билан шуғулланадиган ташкилотларга мурожаат қилган бир қатор юртдошларимиз қуйидаги фикрни билдиришди.

Рауф Очилов, Тошкент шаҳри
— "Тўйхонани ҳамма ҳар хил безатади. Кимдир келин-куёв кириб келадиган эшикнинг остонаси чиройли бўлиб туриши учун гул ва матолардан тайёрланган аркаларга буюртма берса, бошқа биров, "бош қаҳрамонлар” ўтирадиган жойларга кўпроқ эътибор беради. Арканинг ўзи 100 000-150 000 сўмга тайёрланади. Агар гул билан безатилса, тахминан 400 000-500 000 сўм, шарлар билан 200 000-400 000 сўм, мато билан 200 000-300 000 сўм сарфланади. Мен тўйхонага зеб беришни ортиқча исрофгарчилик деб биламан”. Тўғри, инсонда орзу-ҳавас бўлгани ёмон эмас. Бироқ, бизнингча, ортиқча ҳашамларга кетадиган харжни ҳам оилавий бюджетга сарфлангани яхшироқ.

ВИЛОЯТ ТЎЙХОНАЛАРИДА
Яқинд тўй қилган кўпгина юртдошларимиздан ўз ҳудудлардаги тўйхоналаридаги нарх-наво ҳақида сўрадик.

Зубайда Одилхонова, Қашқадарё вилояти
— "Бизда тўйлар асосан уйда ўтказилади. Ресторандаги тўйлар киши бошига ўрта ҳисобда 10 000 сўмдан 25 000 гача тўғри келади. Бунда тўй эгаси ўзи билан чой ва нондан бошқа барча нарсаларни олиб келиши лозим”.

Соҳиб Дадаев, Самарқанд вилояти
— "Самарқандда ҳар бир киши учун тўйхонага 15 000-50 000 сўмгача ижара ҳақи тўланади. Бунда салқин ичимлик, чой, нон, икки хил салатдан бошқа барча нарса тўй эгасининг ҳисобидан бўлади”.

Абдулазиз Дадаев, Навоий вилояти
— "Яқинда турмуш қурдим. Тўйга 500 кишини таклиф қилдик, тўйхона ижараси учун жами 1 000 000 сўм тўладик. Столга қўйилган барча неъматларни ўзимиз олиб келдик. Тўйхона маъмурияти билан келишиб зиёфат берилса, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўйилмайди”.

АВТОМОБИЛ ИЖАРАСИ
Келинчакни уйдан тўйхонага олиб борадиган автомобиллар ижараси ҳам анча қиммат экан. Буни биз бир эмас, бирваракайига бир неча машинани буюртма қилган ҳамюртларимиздан сўраб билдик.

Нодир Тўлаганов, Тошкент шаҳри
— "Ҳозирги кунда кўпчилик Хаммер лимузини, Лимузин Крайслер 300, Mercedes Benz S-klasse, Жип, Прадо, Лексус, Ласетти, Нексия каби машиналарни буюртма қилади. Уларнинг ижара нархи ўртача 250 000 сўмдан 400 АҚШ долларигача баҳоланади”.

НОЗ-НЕЪМАТЛАР ИЖАРАСИ
Бугунги кунга келиб деярли барча тўйхоналарда мева, қуруқ мева кабиларни ҳам ижарага олиш имконияти бор. Кўпчилик юртдошларимизнинг бу келишув тўй қилаётганлар учун жуда қулай эканини айтишди. Сабаби, хўл мева ва қуруқ меваларни истакка қараб танлайсиз. Столга қўйиладиганларининг оғирлиги ўлчанади. Масалан, хандон пистанинг бир килограмми ўртача 50 000 сўм деб баҳоланади. Столга жами 8 килограмм қўйилади. Тадбир ўтганидан кейин улар қайта тортилади ва истеъмол қилингани қуруқ меванинг ўзигагина ҳақ тўланади. Қолгани эса кейинги тўйларга "ярайди”...

ХУЛОСА
Тўйларда ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликлар масаласида бир тўхтамга келиш осон эмас, албатта. Чунки бу масала ҳар кимнинг чўнтаги, имконияти, истаги, виждони, маънавияти каби кўплаб омилларга бориб тақалади. Тўй қилиш - одамларнинг бу ҳақда беш-олти кун гапириб, мақтаб юришини деб фалон пулни ҳавога совуриш дегани эмас. Дабдабадан нима наф? Фақат чўнтаккина эмас, асаб ва саломатлик ҳам зарар кўришини ўйлаб кўриш вақти келмадимикин?.. Ҳа, тўйнинг негизида аслида яхшилик, ёруғлик бор экан, у аввало мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларнинг бахти, ўзаро тотувлиги учун гўзал асос, муқаддима бўлиши зарур. Агар ҳашамлар билан бахтли бўлишнинг имкони бўлганида эди, бу дунёда бахтсиз одамнинг ўзи қолмасмиди?..

Умида ЯКУБОВА тайёрлади
Категория: Qiziqarli malumotlar | Просмотров: 1125 | | Теги: Тўй бошлаб қўйдингизми? Келинг, қанча пул кераклигини ҳисоблаб кўра | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт

Ro'yxatdan o'tish
Parolni unutdingizmi?
Поиск
Календарь
«  Iyul 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Хостинг от uCoz