14 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши майдонга тушадиган Туркия миллий терма жамоаси делегацияси 12 август куни Тошкент шаҳрига етиб келади.
Туркия Футбол Федерацияси хабарига кўра, Туркия терма жамоаси аъзолари 11 август куни йиғиладилар ва 12 август куни Тошкентга учадилар. Маълумот ўрнида, Туркия терма жамоаси бош мураббийи Абдулла Овчи Ўзбекистонга қарши ўйин учун 35 нафар футболчидан иборат кенгайтирилган таркибни эълон қилган эди. Терма жамоанинг Ўзбекистонга қарши ўйинда майдонга тушиши мумкин бўлган футболчиларнинг якуний таркиби Тошкентга учиш арафасида маълум бўлади.
Таъкидлаш жоиз, ушбу ўртоқлик ўйини Туркия терма жамоаси учун сентябрь ва октябрь ойларида бўладиган ЖЧ-2014 саралаш ўйинлари учун тайёргарлик вазифасини ўтаб берса, Миржалол Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун бу ўйин орқали ЖЧ-2014 саралаш плей-оффида Иордания терма жамоасига қарши кечадиган ўйинлар учун тайёргарлик кўради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳамда Туркия миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 14 август куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади. Учрашувни аввалроқ хабар берганимиздек, озарбайжонлик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Мазкур ўйиннинг бошланиш вақти 18:00га белгиланган.