Главная » 2013»Iyul»20 » Шоира Рауфбоева дугонасининг уйидаги воқеадан карахт бўлиб қолди
14:04
Шоира Рауфбоева дугонасининг уйидаги воқеадан карахт бўлиб қолди
Бундан бироз аввал актриса Зуҳра Солиеванинг бир пайтлар ичига жин кириб қолгани ҳақидаги ҳикояси чоп этилгандан кейин, сайтда қолдирилган фикрлардан ташқари таҳририятга ҳам кўплаб қўнғироқлар бўлди. Хусусан, журналист Шоира Рауфбоева ҳам таҳририятимизга сим қоқиб, ўзи гувоҳ бўлган воқеани ҳикоя қилиб берди.
Ёшим катта бўлиб қолган бўлса ҳам, ҳеч қачон иримларга ишонмаганман. Лекин ўтган йилнинг худди мана шу ойида яқин бир танишимнинг ҳаётида рўй берган ҳодиса мени буткул ўзгартириб қўйди. Ҳали-ҳануз шу воқеани унута олганим йўқ. Актриса Зуҳра Солиеванинг ҳикояси эса уни яна бир бор ёдимга солди.
Ҳамкасб дугонам билан бир куни узоқ гаплашиб қолдик. У нимадандир жуда сиқилган, ҳорғин кайфиятда ўтирган эди. Юрагига қўл солгандим, ўзи билан содир бўлган бир воқеадан сўз очиб қолди.
– Куни кеча бир кекса аёл эшигимизни тақиллатиб, садақа сўради. Унга эҳсон бериш мақсадида ташқарига чиққан эдим: "Бу ҳовлидагиларнинг бошидан мусибат аримай қолган, яқинда катта йўқотишлар бўлади”, – деб қолди. Унинг гапларини эшитиб жоним ҳалқумимга тиқилди. Айвонда ўтирган онам ҳам аёлнинг ҳайқириғини эшитиб қолиб ичкарига киришини сўрадилар. У остона ҳатлашни истамади-да, бир оз сукут қилиб, ҳовлимиз ўртасидаги дарахтнинг тагини кавлашимизни буюрди. Аввалига унинг гапларига унчалик ҳам эътибор қилмадим. Лекин онамнинг қистови билан дарахт тагини кавлашга тушиб кетдик.
Бироз қазигач, дарахт тагидан аллақандай чириб кетган буюмлар, қоғозга ёзилган, аммо хира тортиб, уваланиб кетган дуоларни топдик. Ҳайратдан кўзим косасидан чиқиб кетаёзди. Ҳалиги аёл эса эшикдан ичкарига кирмай кавлаб олганларимни унинг қўлига олиб боришимни буюрди. "Айтмаганмидим олдингизда катта мусибатлар турибди деб, истасангиз қайтариқ қилиб бераман”. Онам ўз кўзи билан кўргани, қулоғи билан эшитганларига чиппа-чин ишониб, унинг қўйни-қўнжини тўлдирдилар.
Истаганини муҳайё этиб, қайтариқ қилишини ўтиндилар. Бироқ ҳалиги аёл қайтариқни ҳам эшик тагида амалга оширди. Бир неча кундан сўнг мана шу нарсаларни дарахт тагига кўмган кишининг ўзи уйингизга телбанамо бўлиб кириб келади ва қилмишлари учун ёлвориб узр сўрайди, мен эса бир ойдан кейин хабар оламан, деб хайрлашиб кетди.
Дугонам айтиб берган воқеа мен учун бир чўпчакдек туюлиб, роса мириқиб кулдим. Уйингга ким келса ишониб, қўйнини совға-салом билан тўлдириб юбораверасизларми? У аёл сизларни роса чув тушириб кетибди-ку дедим. Орадан бир неча ҳафта ўтди. Бўлиб ўтган воқеалар иккимизнинг ҳам ёдимиздан чиқиб, ўз ишларимизга ўралашиб кетдик. Бир куни ҳалиги дугонам ҳовлиққанча қўнғироқ қилиб лаби лабига тегмай гапира кетди.
"Тонг саҳардан уйимизга анчадан буён келмай кетган аммам турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан кириб келди. Эс-ҳушини йўқотганча ҳеч ким билан салом-алик қилмай қўлига белкуракни олиб бояги дарахт тагини кавлади. Ҳеч нарса тополмай ерга чўк тушиб ўтирган аммамга онам барча сирдан воқиф эканликлариини айтгандилар ҳамки, аммам жазавага тушиб кечирим сўрашга ўтди”.
Орадан анча вақт ўтди. Дарахт остига яширинган сир топилмагунча дугонамнинг боши ташвишдан чиқмай қолганди. Синглисининг турмуши бузилди, ишлари ортга кетди. Бугун эса ҳаммаси аста-секин изига тушяпти. Дугонамнинг оиласидан ташвишлар ариди. Балки Яратган бояги аёлни уларга атайин рўпара қилгандир. Ахир, ҳеч нарса бесабаб бўлмайди-ку. Дарвоқе, мана бир йилдирки, келиб қолармикин деган илинжда дугонам ўша аёлнинг йўлини пойлайди. Негадир ўзим ҳам ўша аёл билан бир учрашиш умидидаман. Ундан эса ҳалигача дарак йўқ. Балки энди умуман келмас.