"Сўғдиёна" газетаси таҳририятига Рамазон ойи муносабати билан хат келди. Унда муштарийнинг газета саҳифаларида босилган рўза тақвимига мувофиқ, 09.07.2013 дан рўза тутгани, лекин муборак ой 10.07.2013 дан бошланганига тушунтириш сўралган.
"Чунки БАА Маданият ва Ахборот департаментига қарашли Шаржа планитарийси маълумотларига кўра, Рамазон ярим ойи 8 июл 11:14 да шаклланиб 19:08 да тўлиқ ўрнашар экан, яъни кун ботишдан беш минут олдин", деб ёзади муштарий ўз хатида.
- Ярим ой осмони-фалакда ўз ўрнини 9 июл куни кечкурун эгалллар экан, бу дегани Рамазон кейинги куни яъни 10 июлдан бошланар экан. Аммо сизларнинг тақвимингизда 9 июлдан кўрсатилган. Мен шунга амал қилдим.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда "Ҳеч қайси бирингиз Рамазон бошланишидан бир кун ёки икки кун олдин рўза тутишни бошламасин дейилган экан, фақатгина рўза тутиб юрган одамгагина мумкин” (м а н б а: Сахих аль-Бухари, важнейший источник Ислама - стр. 405 пер. А.Нирша).
Мен рамазон ойидан олдин рўза тутиб юрмаган эдим. Ҳадисга зид амал қилган бўлиб чиқаяпман. Энди бу чалкашликка ким жавоб беради? Сиздан шу вазиятни тушунтириб беришингизни сурайман.
Мирзааҳмад Мирабзалов. и.ф.н., BTUZ компаниялар гуруҳи Маркетинг бўйича менеджери
Ушбу муштарийнинг саволи барчага қизиқ бўлгани учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурга мурожаат қилдик. Шайх ҳазратлари бу ҳолатга шундай изоҳ бердилар:
— Дарҳақиқат, Рамазондан олдин, янги ой кўринмай туриб рўза тутишни Пайғамбаримиз (с.а.в) тақиқлаганлар. Аммо бу ҳадис Рамазондан икки-уч кун олдин атай рўза тутадиганлар учун айтилган. Бу "рўзани ортиғи билан тутдим”, деб билан мақтаниш бўлади. Бундай рўза тутиш — Рамазонни бошқа ойлардан ажратмаслик саналади. Муштарийнинг 9 июлдан рўза тутишига сабаб, бизнинг тақвимда шу сана кўрсатилганди. Бу ҳолат бир бизда эмас, бошқа давлатларда ҳам кузатилди. Агар ўша тавқимга қараб "Шу тўғри бўлса керак”, деб рўза тутган бўлса гуноҳкор бўлмайди. Бир кун ортиқча тутган бўлса ҳам, агар чин дилдан, ихлос билан тутган бўлса Аллоҳ Таоло қабул қилади. Чунки у Рамазон рўзаси дея ният қилиб тутган. Шунинг учун тутган рўзаси Рамазон ойига киради.