Главная » 2013»Iyul»19 » Рашид Холиқов: "25 йил ичида биринчи марта узоқ таътилга чиқишим"
23:06
Рашид Холиқов: "25 йил ичида биринчи марта узоқ таътилга чиқишим"
Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқов ҳақида турли миш-мишлар тарқалди. Айниқса, унинг соғлиғи билан боғлиқ гаплар мухлисларни ҳовотирга солгани ҳам аниқ. Хонанда билан суҳбатимизда Рашид Холиқов ҳақидаги барча энг муҳим маълумотларга аниқлик киритамиз...
— Кўринишингиз яхши. Ўзингизни анча тиклаб олибсиз? — Раҳмат.
— Германияга қилинган сафар сабабини ҳамма ўзича талқин этди. Аслида, бир ой мобайнида Германияда нималар билан банд бўлдингиз? — Сафар давомида Ўзбекистон билан алоқани узганим йўқ. Доимий равишда интернет орқали маълумотларни кузатар эканман, журналистлар мухлисларни анча ваҳимага солиб қўйганига гувоҳ бўлдим. Яхши хабардан кўра, ёмон гап тез тарқалиши бор нарса экан. Мен янги қўшиқлар куйлаганимда ҳам одамлар бу қадар тезкор муҳокама қилишмаган эди (кулади). Энди сафар сабабига тўхталсам. Мен бир ой давомида Германия шифохоналарининг бирида даволандим. Гап шундаки, қиш фаслида оила аъзоларим билан Бали оролларида дам олган эдик. Оёғимни ҳашарот чақиши оқибатида қонимга инфекция тушган экан. Йиринг пайдо бўлди. Германияда уч маротаба кичик жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказдим. Айни кунларда муолажа ишларини уйда давом эттиряпман. Германия шифокорлари қоним таркиби ва инфекциянинг турига қараб менга махсус дори тайёрлаб беришди. Яратганга шукрки, ҳозир ҳаммаси изига тушяпти. Ўзимни анча яхши ҳис қила бошладим. Фақат шу ойнинг ўрталарида яна бир марта шифокорлар кўригидан ўтиш учун Германияга боришим керак. У ерда физотерапия олсам, бутунлай тузалиб кетаман.
— Вазн йўқотишингизга ҳам мана шу сабаб бўлган, шекилли... — Авваллари вазним 115 –120 кг бўлса, Германияга кетишдан аввал оёғим касаллангани учун қисқа вақт ичида 88 килогача оздим. Мана бугун эрталаб тарозига чиқсам 95 килограммни кўрсатяпти. Айтганимдек, аста-секин ҳаммаси ўз жойига тушиб боряпти.
— Бутунлай тузалиб кетишингиз учун шифокорлар яна қанча вақт керак дейишяпти... — Бу борада ҳеч ким аниқ жавоб айтолмайди. Айни кунларда шифокорлар берган махсус ҳасса билан юряпман. Оз бўлса-да, кўчага чиқиш ва машина ҳайдашга рухсат бор. Ҳаммаси худодан. Ўйлайманки, тез кунларда кўрмагандек бўлиб кетаман.[www.BePuL.NeT - Saytdan olindi]
— Ижодни ҳам соғингандирсиз? Қачондан иш бошламоқчисиз? — (Кулиб) Менинг хоҳиш-истагимга боғлиқ бўлганда эди, ҳозироқ ишга киришардим. Минг афсус... Қўшиқ куйлашни, саҳнани, ҳатто хизматлардан толиққан пайтларимни соғиндим. Пул учун эмас, шунчаки, кимнингдир тўйига бориб қўшиқ куйлаб берсам эди, деяпман гуруҳимдагиларга ҳазиллашиб (кулади). Ўйлаб қарасам, ижодни бошлаганимга 25 йил бўлибди. Биринчи маротаба узоқ таътилга чиқдим. Шу кунга қадар ишни деб кунни тунга улаганмиз. Байрам, туғилган кунларда ҳам иш билан овора бўлдик. Аммо ҳамма нарсани ўз вақтида асрай олиш ҳам керак экан. Эҳтиёткорлик ҳеч кимга зарар қилмайди.
— Сиз ҳақингизда яна бир миш-миш юрибди. Айтишларича, сиз "Coca cola” компаниясининг раҳбари бўлибсиз? — Бу гаплар қиш фаслида "болалаб” кетган эди. Бали оролларидан Тошкентга қайтарканман, шу гапни эшитдим. Ким билан гаплашмай, ҳамма мени янги лавозим билан табриклаяпти. Ҳеч нарсани тушунмадим, кейин билсам йўқлигимда мени "Coca cola”нинг раҳбарига айлантириб қўйишибди. Аввалига, бу гапларга аҳамият бермай, ҳазил ва оддий миш-мишдек қабул қилдим. Кейинчалик жонимга тегди. Одамларнинг бўлар-бўлмас гапларга ишонишидан жаҳлим чиқди. Соддадил халқимиз бундай гапларга эътибор бермаслигини истардим. Мен ҳам бошқалар қатори бу машҳур ичимликни фақат ичиб кўрганман. Уни ишлаб чиқаришга раҳбарлик қилиш эса умуман хаёлимга келмаган.
— Оилавий саволларга ҳам ўтсак. Билишимизча, рафиқангиз жуда рашкчи экан? — (кулиб) Аввалари шундай эди, ҳозир эмас. Илгари мухлисларнинг турли қўнғироқлари, хатлари ва севги изҳорларидан жаҳли чиқарди. Ҳозир анча улғайдик, топганимни фақат оила учун сарфлайман, бор эътиборимни фақат умр йўлдошим, фарзандларим, яқинларим ва уйимга бағишланган. Мана шу нарсаларни у ҳам тушуниб етди. Рашк биз учун оилавий турмушнинг бир босқичи, ҳаёт синови эди. Уни аъло даражада енгиб ўтдик.
— Қизингиз Азизани узоқ вақт кутганингизни яхши биламиз. Ҳатто, у туғилганда бутун туғруқхона ҳодимларига ош тарқатган экансиз? — (кулиб) Йўғ-е-е-е... Қизимнинг туғилишини узоқ кутганим рост. Аммо ош тарқатиш борасидаги гаплар - лоф. Эсимда, турмуш ўртоғим ва қизимнинг туғриқхонадан чиқишидан аввал анча тайёрланганмиз. Ҳатто хонадонимизнинг маликаларини қаршилаб олиш учун ҳовлини байрамона безатгандик. Дарвозадан уйга киришдаги узун йўлакка қип-қизил атиргул япроқларини сепиб чиққанмиз. Ўшанда ҳеч қандай мутахассислар кўмагисиз уч ўғлим билан барча дизайнерлик ишларини ўзимиз эплаганмиз.
— Қиз фарзанд дунёга келтиргандан сўнг турмуш ўртоғингизга "ЖИП” русумидаги автоулов совға қилганингиз-чи? — Сизлардан ҳеч нарсани яшириб бўлмас экан-ку... Шунча маълумотларни қаердан биласизлар? (Бироз сукунатдан сўнг) Ваъдага вафо қилиб, янги машина олиб берганим рост!
— Хонанда Райҳон Ғаниева билан қўшни эканлигингизни ҳам биламиз. Хўш, унга қўшни сифатида қандай таъриф берган бўлардингиз? — Райҳон билан жуда иноқ қўшнилармиз. Бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўраб туришни канда қилмаймиз, яхши-ёмон кунларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Бу қўшнилар ҳатто, соғлиғим билан муаммолар чиққанда ҳам тез-тез йўқлаб туришди. Турмуш ўртоғи Йигитали ҳақида фикрларим жуда яхши. Оила бошлиғи сифатида масъулиятли экан. Биласизми, опа-сингилнинг қўли жуда ширин. Куни кеча сомса олиб чиқишди, таъми ҳали оғзимда турибди.
— Эшитишимизга қараганда, турмуш ўртоғингиз Райҳоннинг синглиси Насибани келин қилмоқчи бўлган экан... — (Бироз ўйланиб) Ростини айтсам, бундай гаплардан хабарим йўқ. Мен кўча одамиман. Кўп вақтим иш билан ўтади. Шунинг учун оилавий масалалар билан рафиқам шуғулланади. Менимча, бу ҳам одамларнинг навбатдаги миш-миши бўлса керак. Уйда шундай жиддий гапни муҳокама қилишганда, мен бехабар қолмасдим.
— Умуман олганда, Насибани келин қилган бўлармидингиз? — Ота-онам доим ўзинг ёқтирган қизни олиб бераман дейишган. Шундай бўлди ҳам. Мен ҳам ўғилларимни ўзлари танлаган қизга уйлантиришни афзал биламан. Насиба масаласига келсак, у жуда ақлли қиз. Агар буни ўғлимнинг ўзи истаса, келин қилган бўлардим...