Главная » 2013»Iyul»17 » Овқатдан заҳарланиш кўзни кўр қилиши мумкин
10:36
Овқатдан заҳарланиш кўзни кўр қилиши мумкин
Саломатлик рукнининг бу галги мавзуси -ботулизм. Ушбу касаллик ҳақида Учтепа тумани Давлат Санитария эпидемология назорати маркази бош шифокори Муҳаббат Шамсиддинова маълумот беради.
Савол - Ботулизм хасталигининг келиб чиқиш сабаблари нимада, унинг белгилари қандай?
Жавоб - Сифатсиз консерваланган маҳсулотлар, яроқлилик муддати ўтган, айниган таомларни истеъмол қилиш ботулизм хасталигининг бошланишига олиб келади. Ботулизм — овқат токсикоинфекциялари ичида оғир кечадиган хасталик саналиб, ботулизм таёқчаси ва унинг заҳри тушган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида юқади. "Botulus” сўзи лотинчадан олинган бўлиб, "колбаса” деган маънони англатади. Касаллик асосан заҳарланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилинганда намоён бўлади. Ушбу касаллик аҳоли консерваланган маҳсулотни кўп истеъмол қиладиган мамлакатларда кўпроқ қайд этилади. Тошкент шаҳрида аҳоли ўртасида қишки маҳсулотларни консервалашга ўтилган вақтдан бошлаб, ботулизм хасталиги кўпая бошлайди. Ботулизмнинг яширин даври 2 ҳафтагача давом этади. Хасталик аломатлари токсиннинг меъда-ичак йўллари ва асаб тизимига таъсири билан боғлиқ. Хасталик тўсатдан бошланади. Енгилроқ кечганида овқат ҳазм қилиш йўлларининг жароҳатланиши билан яққол ифодаланадиган оғир ҳолларда эса асаб тизимининг заҳарланиш аломатлари кузатилади. Дастлаб беморнинг қорнида оғриқ пайдо бўлади, 1-2 марта қайт қилади ва тўхтайди. Ботулизм хасталигида ич кетиш деярли кузатилмайди. Беморнинг ҳарорати 38 С дан ошиши ҳам мумкин. Хасталик кечаётган даврда кишида оғиз қуриш ва тез-тез чанқаш аломатлари кузатилади.[
Савол - Эшитишимча, баъзи ҳолатларда ботулизм хасталигига чалинган кишининг кўзи ҳам кўрмай қолиши мумкин экан, шу тўғрими?
Жавоб - Ҳа. Бу ҳам хасталик аломатларидан бири саналади. Хасталик бошланганидан бир неча соат, ёки кун ўтгач, асаб тизимининг жароҳатланиши кузатилади. Беморнинг кўриш қобилияти пасаяди. Атрофдаги нарсалар яққол кўринмайди, худди кўзга парда тушгандек туюлади, бирор нарсани ўқиш қийинлашади. Баъзида эса ғилайликнинг ривожланиши оқибатида битта нарса иккита ҳам кўриш мумкин. Мускуллар бўшашиши — миостения ҳам ботулизмнинг ўзига хос белгиларидан ҳисобланади. Дармонсизликдан бемор оёғида тик тура олмайди. Токсин юрак қон-томир тизимига ҳам кучли таъсир кўрсатади. Юрак уриши секинлашади. Ботулизм хасталигини даволаш узоқ муддатга, тахминан 20-30 кунга чўзилиши мумкин. Бунда бемор шартли равишда шифохонада, шифокорлар назорати остида даволаниши шарт. Хасталик қачон бошланганидан қатъи назар, беморнинг меъдаси яхшилаб ювилиб, ичаги тозаланади. Ботулизм даволанишида асосий қўлланиладиган восита бу —ботулизмга қарши зардобни организмга юборишдан иборатдир.
Савол - Ботулизм хасталигига чалинмаслик учун нималарга аҳамият бериш лозим?
Жавоб - Энг аввало, бозор ҳудудидан сифатини кафолатловчи ҳужжатларга эга бўлмаган, номаълум ёки уй шароитида тайёрланган турли хилдаги гўшт ва балиқ маҳсулотлари, консерваланган маҳсулотлар, ёввойи ҳолда ўсган, сифати кафолатланмаган, ҳужжатларга эга бўлмаган қўзиқорин кабиларни харид қилмаслик тавсия этилади. Чунки бу билан сиз саломатлигингизни хавф остига қўйган бўласиз. Ҳар бир нарсани харид қилаётганда маҳсулотнинг яроқлилик муддатига аҳамият беришни унутманг. Бунда маҳсулот сотилаётган жой — пештахтанинг тоза, озода бўлиши ҳам катта аҳамиятга эга. Агар маҳсулот гигиена талабларига риоя қилинмаган жойда сотилаётган бўлса, турли юқумли касалликларни юқтириш хавфи катта бўлади.