Рамазон ойида бажариладиган амаллар ва уларнинг айрим муҳим жиҳатлари хусусида кўп минг сонли мухлисларни қизиқтирган саволлар билан "Оила даврасида" газетаси мухбири Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратларига мурожаат қилди. Қуйида ушбу суҳбатни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.
— Кўпроқ савоб умидида хайр¬ли ишлар ва ибодатларни юртдошларимиз айни Рамазон ойи¬да қилишни афзал билишади. Жумладан, закот ибодати ҳам шундай амаллардан бири. Закотни мукаммал адо этиш учун унга кимлар ҳақли бўлиши ҳамда бу йилги закот нисоби қанча экани кўпчиликни қизиқтиради.
— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ислом дини беш асос устунида қурилган бўлиб, шулардан бири, закот ибодатидир. У мўмин бандаларга фарз қилинган. Албатта, закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун унинг муносиб ўринларга берилиши муҳимдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда закот бериладиган ўринларни аниқ баён қилиб берган. «Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (ғайридин)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчи (мусофир)га бериш Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли Зотдир». Бу саккизта ўриндан ғайридинлар ва қуллар чиқариб ташланган. Ғайридинлар Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) даврида саҳобалар ижмоси билан, қуллар эса ҳозирги асримизда мавжуд эмаслиги сабабли бекор қилинган. Мамлакатимизнинг турли билим даргоҳларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётганталабаларнинг шартнома тўловига ёрдам бериш энг савобли ўринлардан биридир. Чунки улар билим олиш ва ҳунар ўрганиш орқали келажакда эл-юрт учун зарур мутахассислар бўлиб етишадилар. Ота-она фарзандларга, фарзандлар ота-онага, шунингдек, эр-хотин бир-бирларига закот бериши мумкин эмас. Лекин кам таъминланган ака-ука, опа-сингил ва бошқа қариндошлар бир-бирларига закот беришлари мумкин. Закот масжид ва турли ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш ва таъмирлаш ишларига ҳам сарфланмайди. Ўзи яшаб турган ҳудудда фақир ва мискинлар мавжуд бўла туриб, закотни бошқа жойлардаги муҳтожларга юбориш яхши эмас. Агар закот берувчининг яқин қариндошлари ёки ўта мискинлар бўлса, закот юбориш жоиз. Закотнинг нисоби 85 грамм олтиннинг баҳосига тенг ҳисобланади. Бугунги кунда 1 грамм олтиннинг бозордаги ўртача нархи 94 минг 118 сўмни ташкил этаётгани маълум бўлди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвосига кўра, бу йилги нисоб миқдори 8 миллион сўм, деб белгиланди. Яъни, зарурий эҳтиёжидан ташқари саккиз миллион сўмга эга бўлган киши (агар шу маблағ бир йил давомида турган бўлса) унинг қирқдан бир улуши миқдорида — 200 минг сўм закот беради.
— Яна бир молиявий ибодат — фитр садақаси ҳам бевосита Рамазон ойи рўзаси билан боғлиқ. Шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз.
— Фитр садақаси рўза тутган кишидан содир бўлган баъзи хато ва камчиликларнинг ўрнини тўлдириш учун берилади. У муҳтож кишиларнинг молиявий аҳволини яхшилашга қаратилган ибодат. Унинг вожиб бўлиш вақти Рамазон ҳайити кунининг тонгидан бошланиб, ҳайит намози ўқилгунча. Аммо Рамазон ойи ичида хоҳлаган пайтда берса бўлади. Уни Рамазон ойи давомида беришга улгурмаганлар кейинчалик бўлса ҳам, албатта, беришлари лозим. Чунки у Рамазон тугаши билан зиммадан соқит бўлмайди. Фитр садақаси аслий эҳтиёжидан ташқари мол-мулкидан кумушнинг закот бериш учун белгиланган қиймати (яъни, 200 грамм кумуш) миқдоридаги бойликка эга кишилар учун (балоғатга етмаган бўлса ҳам) вожиб бўлади. Шу ўринда аслий эҳтиёж деганда нималар тушунилишини тўғри англаб олмоқ лозим. Битта турар жой, рўзғор учун зарурий анжомлар, уйга керакли жиҳозлар, касб қуроллари, қиш-ёзда кийиладиган кийимлар аслий эҳтиёжлардир. Бериши вожиб бўлган мусулмон ўзи ва бойлиги йўқ балоғатга етмаган фарзандлари учун фитр садақаси чиқариши керак. Фитр садақаси ҳам закот олишга ҳақли кишиларга берилади. Она қорнидаги ҳомила учун фитр садақаси берилмайди. Унинг миқдори ун, майиз ва буғдойдан (берувчи) киши бошига икки килограмм, хурмо ва арпадан (берувчи) киши бошига тўрт килограммни ташкил этади. Садақа сифатида юқорида санаб ўтилган маҳсулотларнинг айнан ўзи ёки уларнинг бозор нархидаги қийматини бериш мумкин. Бу йилги фитр садақаси миқдори икки килограмм буғдойнинг ҳар бир ҳудуднинг ўз бозоридаги нархи қилиб белгиланди. Масалан, Тошкент шаҳри бозорида бир килограмм буғдойнинг ўртача нархи 1500 сўм бўлса, демак, фитр садақаси миқдори бу шаҳар аҳолиси учун 3000 сўмни ташкил қилади.
— Шу ўринда Рамазон рўзасини тутишга қодир бўлмаган кишиларга вожиб бўладиган амаллар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Шариатимизда улар учун қандай кўрсатмалар бор?
— Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «... Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса, (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши…» (Бақара сураси, 184-оят). Оятдаги «Мадори етмайдиганлар» дейилганида кексалик ёки оғир беморлик туфайли ёхуд бошқа узрли сабабларга кўра рўза тута олмайдиганлар назарда тутилган. Бундай кишилар ҳар бир кун учун бир кишининг кунлик таоми миқдорида фидя (бадал) тўлашлари лозим. Бу йилги фидя миқдори бир кунлик озиқ-овқат нархи баробарида ўртача 8000 сўм деб белгиланди.
Аллоҳ таоло бу муборак кунларни рўзадорлик, тоат-ибодат, Қуръони карим тиловати ёки эшитиш, кишилар қалбига сурур ва хушнудлик туҳфа қилиш билан ўтказишга, солиҳ ва эзгу амалларни кўпроқ бажаришга муяссар қилсин!
Манба: Дин ишлари бўйича қўмита
|