SHERLAR.BIZ Dushanba, 30.12.2024, 19:31
Приветствую Вас Mehmon | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Latifalar [11]
Primyeralar [12]
Mobil telfonlar [197]
Sevgi dunyosi [826]
Qo'shiq matni [94]
Texnogoliyalar [98]
Kino yangiliklari [71]
Jahon yulduzlari [58]
Dunyo xabarlari [706]
Salomatlik sirlari [13]
Sport yangiliklari [589]
O'zbek yulduzlari [130]
Shou biznes olami [575]
Foydali maslahatlar [253]
Taomlar retseptlari [6]
Yulduzlar biografiya [59]
Qiziqarli malumotlar [697]
O`zbekiston Yangiliklari [641]
Munajjimlar bashorati 2017, 2018, 2019 / Мунажжимлар башорати 2017, 2018, 2019 [0]
Yangi qo'shiqlar 2017, 2018 [0]
Yangi mp3lar 2017, 2018 [0]
25-May bitiruvchilar kuni uchun she'rlar [1]
Ramazon tabriklari / Ro'za haqida she'rlar tilaklar [1]
Onalar haqida juda tasirli she'rlar / Manoli / Mazmunli [1]
Do'stlik haqida sherlar / Yaxshi va yomon do'stlar haqida she'rlar to'plami [1]
Наш опрос
Sayt haqida fikringiz
Всего ответов: 286
Мини-чат
Статистика


Hozirda saytda: 17
Mexmonlar: 17
Foydalanuvchilar: 0
Главная » 2013 » Iyul » 4 » Муҳаббат ўйини
07:04
Муҳаббат ўйини
Ҳайвонлар ҳеч қачон ўз жуфтини хўрламайди, бу фақат инсонга хос иш.
(Абдурашид тоғамнинг ҳикматларидан)
Агар Арпақор қишлоғида ўнта раҳмдил одам бўлса, шунинг биттаси Ислом. Аммо шу лаҳзада, милтиқ қўндоғини елкасига тираганча, совуқдан карахтлашиб қолган бармоғи билан тепкини босаётганда унинг қалбида заррача раҳм-шафқат бормиди ёки юраги бутунлай тошга айланганмиди, буни айтолмайман. Милтиқ нилининг учидаги зиғирдек қора нуқта бетин титраб турибди. Ислом мўлжалга аниқ уриш учун қўндоқнинг совуқ ва силлиқ сиртига чаккасини босиб, сўнгги марта ўпкасини тўлдириб нафас олди, аммо ўқ узилмади. Қора нуқта бир силкиниб нишондан узоқлашди ва оппоқ қор устида титраганча туриб қолди. Нишонга олинган жонивор эса худди шундай бўлишини билгандек бақувват кўкрагини кериб, тумшуғини осмонга чўзганча ҳавони ҳидлаб-ҳидлаб кўряпти. Унинг ҳўл, қоп-қора тумшуғи, бурун карракларининг ҳар бир титраши барча ҳидларни илғаб олишга қодир бўлса ҳам шу дақиқада рўпарасида, жуда яқинда турган ўлим шарпасини сезмаётир. Алғов-далғов эсаётган шамол жониворни чалғитмоқда.

Ислом аслида овчи ҳам эмас. Бундаи уч йил аввал икки дона каптар отиб келганини ҳисобга олмаганда, бирор жониворни бежон қилмаган. Жуда кўп марта милтиқ кўтариб тоғу тошларни кезган бўлса-да, овчиликнинг ҳадисини ололмаганди. Тўғриси, бу касбга унда ҳақиқий қизиқиш уйғонмади. Ҳатто милтиқ отилгандан сўнг тарқаладиган аллақандай қўнғирсиқ ҳид, қўндоқнинг елкага зарб билан тепиши, атроф гумбирлаб, тоғу тошнинг ларзага келиши уни ҳамиша чўчитарди. Милтиқ отилиши билан чуғур-чуғур қилаётган қушлар, мастона сайраётган какликларнинг овози тиниб қолар, борлиқ сукунат қўйнига чўмарди. Айниқса ўқ тегиб яраланган жониворнинг жон ҳолатда патирлаши Ислом учун энг хунук манзара бўлиб туюларди.

Ўшанда каптарларни отганда ҳам шундай бўлди. Ислом саросима ичида худди биров кўриб қолишидан қўрққандек атрофга аланглаганча қушларни шоша-пиша халтасига тиқиб уйига жўнади. Аслида у кун бўйи юриб тоғдан ҳеч нарса отолмай қайтаётганди. Қишлоққа кираверишда бир тўп каптарга дуч келди. Қуёш эндигина ботиб, атрофга ғира-шира қоронғилик чўка бошлаган бўлса ҳам Ислом ёнғоқ дарахтининг яланғоч новдаларида қушлар қўниб турганини пайқади. Тўғри, у шохлардаги қорамтир шаклларни кузда тўкилмай қолган япроқлармикин деб бироз иккиланди ҳам, аммо шу пайт икки-учта қорамтир «япроқ» ўрнидан қўзғалиб, патирлаб қанот қоққанча бошқа новдага кўчиб ўтди. Демак, аниқ, каптарлар!

Тоғ этагидаги қишлоқларда қуёш ботгандан кейин бир неча фурсат давом этадиган бундай паллани «гов-гум» дейишади. Бу пайтда шундай бир қорамтир, кулранг, кўкимтир ранглар қоришмаси пайдо бўладики, ҳатто яқингинада турган нарсаларни ҳам илғаш қийинлашади. Аксинча, орадан бироз вақт ўтгач, қоронғилик бошқа рангларни маҳв этиб, тиниқлашади. Говгум палла ўтиб кетади. Ислом каптарларни отганда ҳам ана шундай бир неча дақиқа давом этадиган говгум палла эди. Агар қушлар ерда ёки бўлмаса пастроқ бирор дарахтда бўлганда овчи уларни балки пайқамай ўтиб кетарди. Аммо улкан ёнғоқ дарахтининг шохлари атрофдаги ясси тепаликлардан ажралиб, ҳали батамом қораймаган, хира оқ шафақ ўйнаб турган осмон гумбазида ўзининг новдалари, эгри ва катта-катта бўртмалари билан билиниб турарди.

Тепки босилди. Милтиқ нилининг учида ялт этиб қизғиш шуъла кўринди ва атроф қаттиқ гумбирлашдан ларзага келди. Кушлар аралаш-қуралаш бўлиб осмонга кўтарилдилар. Зум ўтмай қанотларнинг шапирлаши тинди. Ислом ўзидан тўрт-беш қадам нарида патирлаётган ярадор каптарни дарҳол топди. Уни оларкан, нарироқда жон ҳолатда қанот қоқиб қочишга уринаётган яна бир каптарни кўриб қолди.

Ислом сўнгги тепаликни ошиб тўғри йўлга тушиб олди. Аммо қишлоқ ўртасидан юрмай, сой ёқалаб кетди. Чунки магазин олдида неон чироқлари ярақлаб нур сочиб турар ва у ерда одамлар ҳамиша гавжум бўларди. Ислом йўлда кўндаланг тушиб ётган тошдан сакраб ўтаркан, халтадаги каптарлар қаттиқ патирлади. Шунда Исломнинг хаёлига «каптар ўзи ҳалолмикин» деган фикр келди ва шу билан бир вақтнинг ўзида мияси, бўғзи, оғиз бўшлиғида ғамгин бир куй сўзларга қоришиб айлана бошлади:

Сайд этма кабутари ҳар-а-амни...

Тўхта, қандай бошланарди шу қўшиқ? Ислом товушсиз ички бир нидо билан ўзидан сўради ва ғазалнинг матнини топди:

Қошингга тегизмагил қаламни,

Бу хат бирла бузмагил рақамни.

Хосиятнинг қошлари ҳам худди қалам билан чизилгандек эди. У келин бўлиб тушган дастлабки пайтларда тез-тез ўсма қўярди. Бошини гоҳ у, гоҳ бу томонга эгганида ўсма қошлари орасидан сизиб боши эгилган томонга оқарди. Ислом бу машғулотга синчиклаб разм солар, аёл бошини эгаётганда қўнғир кўзлари сузилиб кетишини, бутун диққати ўсма сувини чапламасдан, ингичка бурчакдор ва бежирим қилиб қўйиш билан банд бўлганидан юзидаги ифода ўзгариб, лабларининг чети беихтиёр бурилиб кетишини кўриб завқланса-да, ўзини енгилгина аччиқланган қилиб кўрсатарди.

Бир сафар хотини яна ўсма қўйишга чоғланаётганда унинг рўпарасида ўтириб олиб Амирийнинг шу ғазалини айта бошлади. «Рақам бузилса ҳам сизнинг кўнглингиз бузилмасин» деди аёл ёш келинларга хос ғамза билан. Жуда масрур ва бахтга тўла эди ўша дамлар. Аммо кейинчалик эр-хотин ўртасидаги муносабат ўзгара бошлади. Мана, Хосиятнинг қошлари ўсма кўрмаганига ҳам анча йиллар бўлди. Озиб-тўзиб қолди бечора аёл. Эрига мўлтирабгина қарайди. Кеч бўлаверса дилгирлиги ортади. Ислом хотинидаги бу ҳолатни кўрган сари аччиғи чиқадиган бўлиб қолган. У ҳар куни ишдан қайтаётганда Хосиятга илиқроқ гапириш, кўнглини кўтаришни дилига тугиб олади, аммо остона ҳатлаб уйига кириши билан нима ҳам бўлади-ю, қовоғи осилиб кетади, қўрслиги тутади.

Каптар отиб келган куни ҳам шундай бўлди. Ярим овоз билан «қошингга тегизмагил қаламни» деб хиргойи қилиб келаркан, «Кеч бўлса-да, бир шўрва ос дейман, сўнгра буларни говгум паллада қандай отганимни гапириб бе-раман» деган хаёл билан эшик тутқичини тортди. Ичкаридан Хосиятнинг шошилинч қадам товуши эшитилди. Уй жимжит эди. «Ҳеч бўлмаса телевизор ҳам қўйиб ўтирмайди-я, қанақа нокас ўзи бу. Уй эмас, мозор». Бу фикрдан Исломнинг кўнгли алланечук бўлиб кетди. Аммо ўзини қўлга олди. Хонага кираркан, хотинига қарамасдан туриб халтасини кавлай бошлади. Қани энди шу пайт Хосият қувноқ ва ўктам овоз билан бирор нарса деса, ҳеч бўлмаганда қарғаса, ҳақорат қилса ҳам майли эди, фақат эгасининг таъқибидан зада бўлиб қолган итдек мўлтираб қарамаса. Ислом ана шу умид билан халтани кавлаб имирсиларди. Этигига ёпишган қор эриб, суви тахта пол устига оқиб бормоқда. Аммо Хосият ҳеч нарса демади. Ниҳоят, у каптарларни олиб шундайгина аёлнинг оёқлари остига ташлади ва йўлда дилига тугиб олган гапларни айтишга чоғланиб бошини кўтарди.

Хосият миқ этмай каптарларга қараб турарди. Уларнинг бири аллақачон ўлиб қолган, иккинчисининг қаноти остидан қон сизиб чиқиб полга оқар ва Исломнинг этигидан сизиб ҳосил бўлган халқоб сув билан қўшилиб борарди. Ислом ҳам хотинидан кўз узиб каптарларга қаради. Шунда жуда ғалати бир ҳолат унинг эътиборини тортди. Жон таслим қилаётган қуш оғзини сўнгги бор очиб ёпди, гўё уйқуси келиб эснаётгандай. Жониворнинг кўзлари парда тортилгандай хиралашди. Аммо буни Ислом пайқамади, фақат у қушнинг патлари бирдан ҳурпайиб кетганини сезди.

— Бекор отибсиз... — Хосиятнинг хаста ва ҳазин овозда айтган бу гапи толиққан ва очиққан овчининг бирдан ғазабини келтирди. Бирор аччиқ гап айтиб қаршисида турган нотавон кимсани чақиб олиш истаги туғилди унда. Ислом узоқ ўйлаб ўтирмади, ғазабга тўла мияси тез ишлаб кетди:

— Каптарга бошқоронғимикансан деб ўйлагандим!

Аёл худди Бальзак асаридаги сағри терисидай бирдан кичрайиб ғужанак бўлиб қолди. У ич-ичидан йиғларди. Бошини қуйироқ солганча нарироқ борди, хона ўртасида ниманидир унутгандай тараддудланиб тўхтаб қолди. Гўё қаерга боришини унутгандай, эсдан чиқаргандай турарди. Шунда аёллик ҳиссиёти уни ошхона томон бошлади. Ичкаридан гугурт чақилгани, газнинг лоп этиб олов олгани эшитилди.

Исломнинг ғазаби энди сўниб, унинг ўрнини алам ва дилгирлик эгаллай бошлади. Этигини ечиб бўшашганча полга ташлади. Ҳатто этикнинг полга тарақлаб урилиши ҳам Хосиятни чўчитиб юборди. У ошхонанинг очиқ турган эшиги олдида лип этиб бир кўриндию, яна ўзини ичкарига олди. Шу лаҳзада аёл бутун умр бўйи ошхонадан чиқмасликка, гувиллаб яшил аланга таратиб, шиддат билан ёнаётган оловга қараганча сўнгги нафасигача туришга ҳам, эрининг кўзига кўринмаслик учун мана шу алангага қўшилиб кетишга ҳам розидай эди. Камфорка тешикчаларидан куч билан отилиб чиқаётган алангага хаёлчан қараб турар ва "Олов қандай нарса ўзи? Нега уни ушлаб, эркалаб бўлмайди? Унинг вужуди нимадан иборат?" деб ўйларди.

Ислом овқатдан кейин ёнбошлаб олиб, иссиқ-иссиқ чой ҳўплади. Хосият нариги хонага кириб кетди. Янги крахмалланган чойшабнинг шитирлаши эшитилди. Исломнинг диққати бўлинди. Эшикка тутилган нафис парда ортидан хотинининг ойна олдига борганини кўриб турди. Шиша идишлар тиқирлади. Аёл афтидан атир суртмоқда эди. Ислом хотинининг баъзи пайтлар иккала қулоғи ортига ва кўкраклари орасидаги хамликка атир суртишини биларди. Бироздан кейин хонада электр чироқ ўчди. Парда ортида энди тунги чироқнинг хирагина кўкимтир шуъласи таралди. Диван-каравот оҳиста ғижирлади ва яна чойшабнинг шитирлаши эшитилди.

Ислом тунда аёлнинг сочларини ички алам ва хўрлик қоришиқ бир меҳр билан силай бошлади. Хосият унинг кўкрагига юзини босди.

— Йиғлама.

Аёл индамади, фақат йиғламаяпман, дегандай бошини силкитди.

...Бўрининг кенг, юнгдор ва баққуват қўкраги устида титраб турган нуқта сакраб кетди. Рўпарадан эсаётган аччиқ изғиринда Исломнинг нишонга қадалган кўзи ёшланиб, ҳамма нарса чаплашиб кўринмай қолди. Унинг кўзларидан ёш оқар, балки изғириндан ҳам аччиқ хотиралар уни йиғлатмоқда эди. Ислом яна бошини кўтариб қараганда қаршисида қорайиб турган бўри уяси ва оппоқ қордан бўлак ҳеч нарса кўринмади. Бўри аввалги жойида йўқ. Ислом атрофга аланглади. Шу пайт жуда яқин ерда, ўзи беркиниб олган тош ортида қуруқ қорнинг шитирлаб сачрагани, қитирлаб босилгани эшитилди. Ислом беркинган жойидан аста кўтарилиб пастликка энгашиб қаради. Бу ерда кичикроқ сойлик бўлиб, ўнгирда қор жуда бўлиқ тўпланганди. Бир неча дақиқа аввал нишонга олинган кўк бўри ҳар томонга ирғишлаб ўйнар, оёқларидан атрофга қор учқунлари сачрар, қулоқларини динг қилганча жимгина турган жуссаси кичикроқ, ориққина, сарғиш юнгли бўри теграсида гир-гир айланарди. Аммо сарғиш бўри думини оёқлари орасида қисганча миқ этмай тураверди. «Буларнинг ҳам жанжали бор экан», хаёлидан ўтказди Ислом. Бу хазилга мойил фикрдан унинг лабларида маҳзун жилмайиш зоҳир бўлди. Ислом энди нима учундир бўриларни отишга шошилмасди. Кўк бўрининг антиқа ҳаракатларидан сеҳрланиб қолгандай жимгина қараб турарди. Жониворларнинг ҳеч нарсадан ҳадиксирамай эркин ўйин қилаётган бундай ҳолатини кўриш камдан-кам овчига насиб этган бўлса керак. Чунки ҳақиқий овчи бўрини кўриши билан дарҳол ўқ узиб, ҳеч бўлмаганда жониворларнинг бирини отиб олган бўларди. Ислом эса бундай қилолмади. Энди кўк бўри ҳамроҳи қаршисида тўхтаб тумшуғини унинг бўйнидаги юнглари орасига тиқди, бўйнини, қулоғининг ортини аста-аста тишлаб қўйди, балки ҳидлагандир. Ислом яна бахтиёр жилмайди. «Бу ҳам атирни қулоғи орқасига суртарканда», Исломнинг жилмайишига ана шу гап сабаб бўлганди. Нар бўрининг бундай «атир ҳидлаши» дан урғочисининг кўзлари сузилиб кетди. Ислом бу манзарани жуда яқиндан аниқ-тиниқ кўриб турарди. Унинг назарида нар бўрининг эркалашлари урғочисига ёқаётган бўлса ҳам яна бироз ялинтириш ниятида пинак бузмай тургандай туюлди. Кўк бўри олдинги оёғини жуфтининг елкасига қўйиб турди, сўнгра аразлагандай бошини эгиб нари кетди ва бирдан кескин ортига қайрилиб югурганча келди-ю, уни кўкраги билан уриб қорга думалатди.

Аммо бу қилиқларни кўк бўри шу қадар нафосат ва меҳрибонлик билан бажарардики, бундан урғочи бўри ҳеч қандай озор топмасди. Мана, у ҳам сакраб туриб ўзини кўк бўрига отди. Кўк бўри ерга йиқилди. Аммо у атайлаб шундай қилди. Жуфтининг кўнгли учун, унинг дилгирлигини ёзиш учун, балки яна бошқа, фақат бўриларга хос, одамлар тасаввур қилолмайдиган истаклар учун шундай қилди. Гўё у Исломнинг шу ерда кузатиб турганини билгани ҳолда аёл зотига қандай муомала қилиш лозимлигини кўрсатаётгандай эди. Ҳар ҳолда Исломга шундай туюлди. Худди шу дақиқада Исломнинг нигоҳи кўк бўрининг кўзлари билан тўқнашди. Жонивор бир лаҳза нима қиларини билмай қотиб қолди. Сўнгра бир ғингшиди-ю, шиддат билан олға интилди. Зум ўтмай бўрилар ўнгир ортига ўтиб беркинишди. Бўрининг кўзига қараган паллада нимадандир Исломнинг юраги ҳаприқиб, бутун вужуди титраб кетди. Йўқ, у қўрқмади. Ҳатто шу лаҳзада бўрини қучоқлаб олишга, унинг ҳўл ва муздек тумшуғини юзларига босишга ҳам тайёр эди. Ислом бутун вужуди кучга тўлиб, дили ёришиб бораётганини ҳис қилди.

* * *

Мен яқинда Ислом яшаётган уй яқинидан ўтиб қолдим. Аёл кишининг шўх ва жарангдор кулгиси диққатимни тортди. Оппоқ гулга кирган ўрик дарахти остида Хосият билан Ислом чой ичиб ўтиришар, нарироқда эса жажжигина болакай ўйнаб юрарди.

...Боланинг оти Бўривой эди.
Категория: Sevgi dunyosi | Просмотров: 924 | | Теги: Муҳаббат ўйини | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Iyul 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Хостинг от uCoz