Главная » 2013»Iyul»16 » Миср полицияси собиқ президент тарафдорларига қарши газдан фойдаланди
19:41
Миср полицияси собиқ президент тарафдорларига қарши газдан фойдаланди
15 июль куни Қоҳирада полиция Миср собиқ президенти Муҳаммад Мурси тарафдорларини тарқатиб юбориш учун кўздан ёш сиздирувчи газдан фойдаланди. Бу ҳақда Agence France-Presseагентлиги хабар берган.
15 июль куни кечки пайт пойтахтда мингга яқин киши бир неча автомагистралларни ёпиб қўйиб, президент саройи ҳамда Республика гвардияси биносига киришга уринган.
Шу сабаб полиция ходимлари билан тўқнашув келиб чиқди, оқибатда камида 22 киши жароҳатланди. Шунингдек, мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам шунга ўхшаш норозилик намойишлари бўлиб ўтган.
Муҳаммад Мурси ҳокимият тепасидан олиб ташланганидан буён Мисрда собиқ президентнинг тарафдорлари ва унга қарши бўлганлар ўртасида доимий равишда тўқнашувлар бўлиб турибди.
Жумладан 8 июль куни Қоҳирадаги Республика гвардияси биноси олдида рўй берган тўқнашувда Мурсининг 53 нафар тарафдори ва 4 полициячиҳалок бўлган.
"Мусулмон-биродарлар” ҳаракати вакили бўлган Муҳаммад Мурси 4 июлга ўтар кечаси ҳарбий ҳокимият томонидан президентликдан четлаштирилган эди.
Бунга миллионлаб киши қатнашган қатор намойишлар сабаб бўлди. Ҳозирда мамлакатни Конституцион суд раҳбари Адли Мансур вақтинча бошқариб турибди. У навбатдан ташқари президент ва парламент сайловларига қадар давлат раҳбари вазифасини бажаради.