МАЛОМАТ
"Онамдан қолган дунё" туркумидан
Шу кунларда қувончимиз ичимизга сиғмасди: оиламизда қиз туғилди! Ундан аввал онамнинг икки фарзанди нобуд бўлгани боис жони тошдек қаттиқ бўлсин деб бувим қизалоққа Тошгул дея ном қўйдилар. Ҳартугул бувим ният қилганларидек, у соғлом ўса бошлади. Эндигина икки ёшга тўлганида қувончимизга қувонч қўшиб учинчи қиз дунёга келди. Биз энди оилада уч ўғил, уч қизмиз! Адабиётга, шеъриятга меҳри баланд онам Зулфияхонимга ҳавас қилиб, навбатдаги қизчаларига Зулфия деб исм қўйдилар. У шунчалик чиройли эдики, термулиб тўймас эди киши. Билмадим унда қандай сеҳр бор, отам уни барчамиздан аъло кўрардилар. Сингилчам аста-секин улғайган сари чиройига чирой қўшилиб, янги-янги кўринишлари билан ҳаммани ўзига жалб қиларди. Унинг вазмин ҳаракати, салмоқлаб сўзлаши катталарга ўхшаб кетарди. Қизалоқ икки ёшга етганда эса оиламизда тўртинчи ўғил туғилди. Бу билан уйдагиларнинг Зулфияга бўлган меҳри ортса ортдики, зинҳор камайгани йўқ. Сингилчам тўрт ёшга тўлганда шеър ёдлашга қизиқар, эртаклар айтиб беришни сўрар, радиодан эшитган "ёр-ёр"ларини хиргойи қилиб юрарди: –Токчадаги қайчини занг босибди, ёр-ёр, Эрга чиққан синглимни ғам босибди, ёр-ёр. Синглим тушган жойларга ой бўлайин, ёр-ёр, Эшигидан оқиб ўтар сой бўлайин, ёр-ёр... Унинг ширин тилда айтаётган "ёр-ёр"лари камондек қайрилган қошлари-ю, шу қошларга тегиб турган киприклари, бошида телпак мисол қўнғироқ сочлари, оппоқ юзларидаги қизиллик – бари атрофдагилар диққатини ўзига тортмай қўймасди. Ноябр ойининг охирлари эди. Кун анча совуқ, қўлбола печлар ёқилган. Эртага мактаб томонидан пахта йиғим-теримига кетган болалар ҳашардан қайтади деб ҳамма тараддудда. Бизнинг оиламиздаги катта ўғил ҳам ҳашарга кетганди. Ўша пайтлар аҳоли ўртасида юқумли грипп тарқалиб, тўртинчи ўғлимиз ҳам шу дард билан оғриган. Зулфия эса эрталабдан этикчасини олиб келиб печ ёнига қўйди-да: – Мен ҳам эртга пахтачиларни кутиб олишга чиқаман, этигим иссиқ бўлиб турсин, – деди. Ҳар саҳар ишга жўнай туриб уни битта ўпиб хайрлашардим. Бу эрта ҳам ўша одатимни такрорлар эканман, хаёлимда сингилчамнинг ранги оқаргандек, кўзлари маъюс, юзлари сўлғин. Тушгача қўлим ишга бормади, уйга қайтдим. Зулфия печ олдида ғужанак бўлиб ётарди. Уни турғазмоқчи бўлдим. Кўзларини очарди-ю, туришга ҳоли йўқ эди. Кечга яқин онам атала пиширдилар-да: – Зулфияжон, атала ейсанми? – дедилар. – Ҳа, – деди эринибгина. Онам бир пиёла атала бердилар. Ичди-ю, яна ётди. Кечга бориб тўртинчи ўғлимизнинг ҳарорати кўтарилиб, безовта бўла бошлади. Уни кўрсатиш учун дўхтир чақирдик. Келган шифокорлар ҳар иккаласини касалхонага олиб боришни маслаҳат беришди. Ота-онам икки фарзандларини олиб жўнадилар. Биз уйда бувим билан қолдик. Орадан уч соатлар ўтди чамаси, кеч соат ўн бирларда қўшнимиз келиб, отам телефон қилганини, бир адёл олиб боришимиз лозимлигини, кичкинтойлардан бири "бўлмаганини" айтди. – Қайси бири? – сўрадим жон ҳолатда. – Зулфия. Бу жавобдан қулоқларим битиб қолди. Бошимга осмон қулади гўё, анча вақтгача ўзимни йўқотиб қўйдим. Бувимнинг "у ким?" деган овозидан ўзимга келгандек бўлдим-у, лекин карахт эдим. Кўзларимдан жавдираб ёш оқар, томоғимга бир нарса тиқилган, бувимга гапиролмас эдим. Адёлни олиб, касалхонага бордик. У ерда онам букилиб қолган, ўн ёшга қаригандек, отамнинг боши кўтарилмас эди. Шифокор Зулфиянинг бошида туриб, унинг семиз, оппоқ оёқларини ушлаганча ўзича гапирарди: – Нима қилдиларинг буни, нега дарров олиб келмадиларинг? Онам мажолсиз ҳолда жавоб қилдилар: – Ахир... бу бир-икки кун касал бўлиб ётган бўлса экан, бирор безовта бўлган бўлса экан, мен олиб келсам... – Томоғидан бўғма касаллиги теккан, – деди дўхтир, – вақт ўтган. – Бир кунда-я? – ҳайратландим. – Наҳот бир кун ётган бўлса?! – ажабланди ҳамон синглимнинг устида бош эгиб ўтирган дўхтир. Ўша дамда у бир ночор одам бўлиб кўринди кўзимга; ўз касбидан минг-минг пушаймондек, шу қизчани сақлаб қололмагани учун ўзидан ўзи нафратланаётгандай... Шундай қилиб отам билан онам Зулфияни олиб, уйга қайтдилар. Мен касалхонада – кичик укам ёнида қолдим. Кечани мижжа қоқмай ўтказдим. Эндигина ғира-шира тонг ота бошлаганда эса ёнимдаги каравотда боласини олиб ётган янгамдан укамга қараб туришини илтимос қилдим-да, уйга қараб югурдим. Хаёлимда синглим тирилиб қолгандек, яна бир хаёл уни бошқа кўролмаслик даҳшати. Уйга келсам, эрталабдан бир-икки қариндошлар йиғилган, синглимни уй тўрига ётқизиб қўйишибди. У гўё ширин уйқуда эди. Жон ҳолатда бориб қучдим. Қўйворгим келмас уни, қариндошлардан бири елкамдан тутиб кўтармоқчи бўлди: – Ўт бу ёққа, тентаклик қилма! Ундан ажралгим йўқ эди. Йиғлашдан кўзлари шишиб кетган, тирик мурдага айланган онам оҳиста мен томон сижидилар-да, бошимни силаб, секин оғушларига олдилар. Менинг эса хўрлигим келиб, илк маротаба ночорлигимни ҳис қилганча ҳўнграб йиғлаб юбордим. Синглимни қабрга қўйган кунимиз теримчилар қайтди. Ўша куни маҳаллада ҳар хил мишмиш тарқалди: – Кечагина ўша қизчани биз эшик олдида кўрган эдик, зинадан йиқитишган бўлса керак. (Уйимиз икки қаватли эди). – Фалончининг қизи деразадан тушиб кетибди. – Машина уриб кетибди. – Шу аёлнинг бир балоси бор-ов, болаларини бўғиб ўлдириб кетади. Бу узунқулоқ гаплар бир тараф бўлди. Энг ёмони кичкина укамни касалхонадан олиб келганимиздан кейин бошланди. Уйимиз тўрида катта шкаф қўйилган бўлиб, Зулфия ва митти укам ўшанинг ичига кириб бекинмачоқ ўйнарди. У шкаф ичини бориб ахтарар, бешик орқасини ҳам кўрар, "опа қани?" деб дод соларди. Бир томондан оғзига кучи етмаган мишмишчиларнинг маломати-ю, иккинчи тарафдан укачамнинг хатти-ҳаракати онамни адойи тамом қилди. Гулдек очилиб-сочилиб, бир гапириб, ўн куладиган онам одамови бўлиб қолдилар. Одамлар орасидан, давралардан ўзларини олиб қочар, ҳатто қўшнилар уйига чиқишдан истиҳола қилар, келин тўйлардан умуман оёқ узиб қўйдилар. Бир нарсалари бўлиб, болаларни бўғиб кетишига ўзлари ҳам ишонгандай гўё... Нафақат онам, балки отам ҳам анча ёшга қаригандек эдилар. Мен-ку ҳали-бери ўзимга келолмасдим. Куну тун уйнинг аллақайси бурчагидан Зулфия чиқиб келаётгандай бўлар, хаёлан у билан суҳбатлашардим. Ҳатто тушларимда у билан ўйнаб ўтириб, бирданига йўқотиб қўярдим-да, уни чақирганча бақириб уйғониб кетардим. Онам бу аҳволимдан анча хавотирда эдилар. Шу тахлит орадан олти ойлар ўтиб, оилада бешинчи ўғил туғилди. Унга Тошпўлат деб исм қўйишди. Уч йилдан кейин эса олтинчи ўғил! Ҳар бир ўғиллари туғилганда онам йиғлардилар "Шу қиз бўлса бўлмасмиди!" деб. Хуллас, олти ўғил, икки қиз ўсиб-улғайдик. Йиллар ўтиб, онам аста-секин одамларга қўшиладиган бўлсалар-да, ўша маломат заҳри, фарзандлар доғи катта асорат қолдирди. Бўқоқ деган тузалмас дардга учрадилар онам. Куйинди бўлган юраклари кун сайин фаолиятини сусайтириб борарди. Биз она бўлиб, фарзанд қадрини англайдиган дамда ҳам онам билан суҳбатлашиб ўтириб, бот-бот ўша маломатли кунларни эслаб, беихтиёр бошлари эгилиб, қадлари букиларди. Бу маломат асоратлари онамда то сўнгги кунларигача сезилиб турди. Ёнларида суҳбатлашиб ўтирган одам онамнинг оғзидан куйиндининг ҳиди келаётганини ҳис қиларди. Ичишга фақат муздек нарса сўрардилар. Мен ўз онам мисолида чиндан-да инсоннинг юраги куйиши, жигари кабоб янглиғ бўлиши мумкинлигини кўрганман.
Муаллиф:Malika_mumtoz
|