Главная » 2013»Iyul»19 » Кўриш қобилиятини яхшилаш учун нима қилиш керак?
23:15
Кўриш қобилиятини яхшилаш учун нима қилиш керак?
Кўриш қобилиятини яхшилаш учун нима қилиш керак?
Бутун жахон статистикасига кўра, сўнгги йилларда ер юзи аҳолисининг 30-40 фоизи кўзи яхши кўрмаслигидан шикоят қилади. Кўз ўтмаслашиши муаммоси йилдан-йилга ёшариб келаётганини айтиш мумкин. Бизнинг асримиздада 21 ёшдан ошганларнинг аксарияти кўриш қобилияти сустлигидан шикоят қилади. Шу билан бир қаторда кўздан арзи бўлмай туриб, кўзойнак ёки линза тақиш ҳам деярли русум даражасида оммалашди.
Кўриш қобилияти пасайганда даволанмаслик касалликнинг оғирлашиб кетишига олиб келади. Вақтида қилинган муолажа, кўзойнак ёки линза тақишнинг эса кўз саломатлигини сақлаб туришда ўрни катта. Яъни кўз ишлаганда зўриқмаслиги учун кўзойнак ёки линза тақиш лозим.
Бу воситаларнинг қай бири афзаллиги борасида кўпгина мунозаралар мавжуд. Албатта, бунда беморнинг истак ва хоҳишлари ҳам инобатга олинади. Бу гал истакларингизни тўғри йўналтириш учун ёрдамчи бўлишга ҳаракат қиламиз.
КЎЗОЙНАК
Кўзойнак – кўриш қобилиятини яхшилашда кенг қўлланиладиган асбоб. Ачинарлиси, кўриш қобилияти пасайиб кетган кишилар аксарият ҳолларда мутахассис маслаҳатисиз, мустақил равишда кўзойнак танлайдилар. Бу кўз саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Аслида беморга кўзнинг узоқ ва яқинни кўриш қобилиятини текширган ҳолда мутахассис шифокор тарафидан плюс ёки минус даражали кўзойнак тавсия қилиниши керак.
Танлаш имконияти бор
Ҳозирги кунда шиша ва пластик ойнали кўзойнаклар мавжуд.
Пластик ойна шишага нисбатан енгил ва мустаҳкам. Уни кўпроқ болаларга тавсия қилишади. Аммо пластик ойна тез тирналиши ва шикастланиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Єолаверса, нархи шиша ойнага нисбатан икки баробар қиммат.
Шиша ойнали кўзокнаклар эса синувчан ва вазни нисбатан оғир.
Салбий тарафлари:
кишида ён тарафни кўриш қобилияти пасаяди.
кўзойнакни тўғирлаб, тузатиб туриш лозим.
фаол жисмоний машқларда ҳалақит беради.
ёмғир ёки қор ёққанда кўзойнак тақиб юриш мушкуллашади.
бир марта сотиб олиб, узоқ вақт фойдаланиш мумкин;
замонавий гардишли кўзойнаклар хушбичимлиги билан ажралиб туради.
кўзойнакни ечиш ва кийиш линзага нисбатан қулай.
Іозирги кунда антиблик – нурга қарши кўзойнакларни ҳам кўриш мумкин. Улар асосан ҳайдовчилар ва кун давомида компьютерда ишловчиларга тавсия қилинади ва кўзни зўриқишдан асрайди.
Тайёр кўзокнаклар нархи эса 15.000 сўмдан 100.000 сўмга қадар.
КОНТАКТ ЛИНЗАЛАР
Кўзойнак тақиб юришни ҳамма ҳам ёқтирмайди. Іозирги кунга келиб улар ўрнига линза тақиш анча оммалашди. Шу билан бирга охирги пайтларда линзалардан фақат кўз нурини асраш учун эмас, шунчаки безак сифатида (кўз рангини ўзгартириш учун) фойдаланиш ҳам кенг тус олди.
Турлари
Шаффоф материалдан тайёрланган линзалар оптик, рангли оптик ва астигматик турда бўлади. Оптик линзалар ўз номи билан кўриш қобилияти бузилган инсонларга тавсия қилинади.
Рангли оптик линзалар эса кўриш қобилияти паст бўлиши билан биргаликда, кўз рангини ўзгартирмоқчи бўлганларга мўлжалланган.
Астигматик линзалар бир кўзда икки хил ёруғлиқ синиши бўлган ҳолда тақилади. Кўз гавҳари тузилишининг бузилиши оқибатида юзага келган кўз иллати.
Бугун аксарият ҳолларда 60-70 фоиз сувдан ташкил топган ва махсус полимерлардан тайёрланган линзалар ишлатилади.
Линзани махсус кўз шифохона ва клиникаларида мутахассис назорати остида танлаш зарур. У 3 ойдан 6 ойгача тақилади. Линза билан бирга махсус қисқич, суюқлиқ ва идишча ҳам сотиб олишингиз лозим. Рангли линзаларнинг ҳам турли хили бор, истакка кўра кундузги ёки 1 ой давомида узлуксиз тақиб юриладиган линзалар танлашингиз мумкин.
КОСМЕТИК ЛИНЗАЛАР кўриш қобилияти меъёрида бўлган, аммо кўз рангини ўзгартиришни ёки кўзидаги нуқсонларни беркитишни истаганлар учун турли ранг ва ҳатто турли расмлларда бўлади. Албатта, бундай линзалар узоқ вақт тақиб юриш учун мўлжалланмаган. Уларни кунига 2-3 соатгина тақиш мумкин.
Ижобий тарафлари:
кўзнинг ўзига тақилади, бу кўришдаги яхлитликни таъминлайди.
фаол спорт турлари билан шуғулланиш мумкин (сувда сузиш ва боксдан ташқари).
Рангли косметик линзалар нархи эса 38.000 сўмдан – 60.000 сўмга қадар. Баъзи кўз клиникаларида ташхис қўйиш ҳамда линза тақиш, ечиш, фойдаланиш ва сақлаш борасидаги маслаҳатлар бепул кўрсатилади.
ЛАЗЕР АМАЛИЁТИ
Баъзи ҳолларда кўриш қобилиятини кўзойнак ва линзалар ёрдамида ҳам тиклаб бўлмайди. У кундан кунга пасайиб кетаверади. Мана шундай ҳолларда беморга лазер амалиёти тавсия қилинади. Ундан ташқари, кўзойнак тақиш кундалик ҳаётга ҳалақит бериши мумкин, линзани эса ҳамма ҳам тақа олмайди.
Кўзойнак ва линзалар кўриш қобилияти тушиб кетмаслигини сақловчи восита бўлса, лазер амалиёти эса кўриш қобилиятини даволаш воситасидир.
Лазер амалиёти қилишдан аввал шифокор-офтольмолог назоратидан ўтинг. Кўриш қобилияти ва саломатлигини текшириш муддати 6 ойдан 1 йилгача бўлиши мумкин. 18-19 ёшдан кейин, умумий ҳолатингиздан келиб чиқиб амалиёт тайинланади. Амалиёт оғриқсиз ва қонсиз кечади. У 20 дақиқагача давом этади. Амалиётнинг эртаси куни бемор ўз кундалик юмушлари билан шуғулланиши мумкин. Амалиётдан сўнг 6 ой давомида тандирда нон ёпиш ва иссиқ ҳаммомга кириш тавсия қилинмайди. Бемор бир йил давомида шифокор назоратида бўлиб, кўрсатмаларни диққат билан бажариши лозим.
Лазер амалиётининг нархи 1.000.000 сўм – 1 кўзга.
Мақола олий тоифали шифокор офтольмолог Алиджонов Абдулатиф Абдуворисович тавсиялари асосида тайёрланди.