Либос танлаш - шундай нозик бир санъатки, бошқалар томонидан қандай қабул қилинишингиз аксарият ҳолларда айнан шу танловингизга боғлиқ бўлади. Қўшни уйдаги Азизага ўхшаб кийиниш сиз учун орзу бўлса, бу орзуингиздан яхшиси воз кечиб қўя қолинг. Чунки Азизага ярашган либос сизга ярашмаслиги, сиз истаган образга тамомила тескари образ пайдо қилиши мумкин. Шу боис либос танлаётганингизда ҳамма нарсани: бўй, вазн, қадди-қомат, юз тузилиши, соч ва кўзларингиз ранги, соч турмагингиз, фаолиятингиз ҳаттоки, ҳаёт тарзингизни ҳам инобатга олишингиз керак бўлади. Бундан ташқари, либосларнинг фарқига бора оладиган инсонларнинг фикр-мулоҳазасига ҳеч қачон эътиборсиз бўлманг. Маслаҳат оладиган кишингиз малакали стилист бўлиши эса сизнинг ютуғингиздир. Дарвоқе, ҳар қандай тортинчоқликни четга суриб қўйиб, қўшни подъезддаги «Гули танноз» ёки ишхонангизда юксак диди билан ажралиб турадиган ҳамкасабангиздан маслаҳат сўрашингиз мумкин. Тортинчоқлик қилиб, бирор инсон билан маслаҳатлашмасангиз, сизга ҳеч ким ҳайрат тўла нигоҳ ила қарамаётганидан нолиб юриш сиз учун одатий ҳолга айланиб қолади. Шу жумладан чиройли кийиниш истаги ҳам орзулигича қолиб кетаверади... Ҳа, айтганча бирон жойга борар бўлсангиз, «кийинишингизга қараб кутиб олиш»ларини унутманг!