Главная » 2013»Iyul»16 » Хоразм аҳолисининг бир қисми кўмирга ўтказилади
03:54
Хоразм аҳолисининг бир қисми кўмирга ўтказилади
2013 йил 5 июль санасида Республика Вазирлар Маҳкамасининг «Хоразм вилояти истеъмолчиларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида"ги қарори қабул қилинди.
Бундан кўзланган асосий мақсад Хоразм вилояти аҳолиси ва ташкилотларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш тизимини такомиллаштириш, истеъмолчилар учун етказиб берилаётган табиий газни кўмир ва газ баллонидаги сиқилган газ билан алмаштириш орқали ундан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш ва буни кейинчалик республиканинг бошқа худудларига ҳам тадбиқ этишдан иборат.
Ҳужжатга мувофиқ, 2013 йилнинг охиригача Хоразм вилоятида табиий газдан фойдаланувчи якка ва улгуржи истеъмолчиларнинг бир қисмини кўмирга ва газ баллонларига ўтказиш кўзда тутилган.
Бунинг учун "Хоразм кўмир етказувчи" УКнинг қўшимча 6та филиалини ташкил этиш, шунингдек 1та газ тўлдирувчи станция, 3 та газ баллонларига газ тўлдирувчи пункт ва «Шимолгаз-таъминот» УКнинг газ баллонларини етказиб берувчи 6 та худудий сервис пунктларини ташкил этиш режалаштирилган.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Шимолгазтаъминот» УК, «Ўзтрансгаз» АК ва «Ўзбеккўмир» ОАЖга Хоразм вилояти аҳоли пунктларига табиий ва сиқилган газ ҳамда кўмирни узлуксиз равишда кафолатли етказиб бериш топширилди.
Қарорда «Ўзбекэнерго» ДАК ва «Ўзбеккўмир» ОАЖ «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК билан ҳамкорликда Хоразм вилоятига 100,0 минг тоннадан кам бўлмаган миқдорда кўмир етказиб бериши белгиланган.
Ўзбекэнерго ДАК ва «Ўзбеккўмир» ОАЖ Хоразм вилояти ҳокимияти билан ҳамкорликда 2013 йилнинг 1 августига қадар йилига 100,0 минг тонна кўмир етказиб берувчи корхонани ишга туширишлари лозим.
«Ўзбекнефтгаз» МХКга вилоятга узлуксиз равишда 2013 йилда 8 минг тонна, кейинги йиллари эса 16 минг тонна сиқилган газ етказиб бериши топширилди.
2013 йилнинг 1 ноябрига қадар Хоразм газ тўлдириш станцияси қувватини уни кенгайтириш ва йилига 15 минг дона газ баллонларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали ошириш режалаштирилган.
Қарорда таъкидланишича, «Хоразм кўмир етказувчи» УК филиалларини ташкил этиш ва уларни ёритиш лойиҳаси Халқ банкининг 11,7 млрд. сўм миқдоридаги кредити эвазига молиялаштирилади.
Газ баллонларига газ тўлдирувчи пунктлар «Ўзтрансгаз» АКнинг 14,1 млрд. сўмлик ўз маблағлари эвазига ташкил этилади.
«Хоразм кўмир етказувчи» УК кўмир ташиш учун 22 дона ISUZU русумли юк автомашиналарини лизинг асосида харид қилади.
«Шимолгазтаъминот»УК ҳам газ баллонларини етказиш учун лизинг асосида 33 дона ISUZU юк машиналарини сотиб олади.