Тошкент вилояти қишлоқларида кўплаб янги мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, шифохоналар, стадионлар бунёд этилди. Бир қанча таълим ва тиббиёт муассасалари капитал реконструкция қилинди, таъмирланди. Хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари кўпаймоқда. Йўл ва кўприклар талаб даражасига келтирилиб, атрофи ободонлаштирилмоқда. Қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қурилиши бошланган 2009 йилда Бўка, Чиноз ва Янгийўл туманларида 60 якка тартибдаги замонавий уй бунёд этилди. Вилоятда 2010 йили 635 оила янги уйга кўчиб кирган бўлса, 2011 йили 680, ўтган йили эса мингдан зиёд оилага шундай бахт насиб этди. "Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2013 йил дастури тўғрисида”ги Президент қарорига биноан вилоятнинг 41 аҳоли пунктида 1050 та ана шундай замонавий уй-жой қуриш ишлари давом этмоқда. Намунавий уй-жой қурилган массивларда маҳалла гузари, стадион, болалар майдончаси, дўкон, тиббиёт маскани, дорихона, сартарошхона ҳамда бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилмоқда. Замонавий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида барпо этилаётган уй-жойлар қишлоқларга янгича манзара, ободлик ва кўркамлик бахш этмоқда.
2009-2012 йилларда Чиноз туманидаги "Туркистон”, "Ўзбекистон” ва "Чиноз” қишлоқ фуқаролар йиғинларига қарашли ҳудудларда намунавий лойиҳа бўйича барпо этилган 79 уйнинг калити эгаларига топширилди.
Manba: Darakchi.uz
|