Байрам билан гуллар «тил»ида табриклаш
Ҳар йили 8 март қанча яқинлашса, бошингиздаги ташвишлар шунча ортади. Совға олиш зарурати, унга ажратиладиган вақт, қилинадиган харажат. Шунча саъй-ҳъаракатларингиз унга хуш ёқсаку «хўп-хўп», ёқмаса додингизни кимга айтасиз? Тўғри, ҳамадан ҳам сиз эркакларга қийин, бу аёл аталмиш «аждаҳолар» совғадан барибир «тўймайди». Юлдузлардан бўйнига маржон тақиб қўяман, десангиз ҳам, «юлдузларингизни бошимга ураманми, ундан кўра кир мошина оберсангиз, қўлларим бунча қабарилмасди», деб ношукрлик қиладиганлари ҳам бор. Шунданми сиз ҳам ўзингиз учун осонгина баҳона топиб олгансиз, «сенга нима ёқишини билмадим, гуллар ҳаммага ҳам ёқадику деб, шуни олавердим», дейсизу битта гулдаста билан қутуласиз. Аммо билмайсизки бу гулларнинг ҳам ўз тили, ўз белгилари бор. У ортиқча ғиди-биди эшитмаслик гаровигина эмас, туйғуларингиз изҳорчиси ҳамдир. Шуни ёдда тутингки, тўғри танлаб, чиройли ўраб, икки оғиз ширин сўзни илова қилиб берилган гуллар ҳар қандай қимматбаҳо совғадан ҳам афзал бўлиши мумкин.[
P/S: лекин буни «энди совға бериб ўтириш шарт эмас экан», деб тушунманг
Атиргул байрамларда табриклаш учун бериладиган энг анъанавий совға. Яна у гўзаллик ва муҳаббат рамзи ҳамдир. Қип-қизил атиргул «сени севаман», оқ—«сендан умид қиламан», тўқ қизил ранглиси (бардовая)—«бениҳоя гўзалсан» деган маънони билдиради. Бироқ атиргул ортиқча бачканаликни «кўтармайди». Уни ўратаётганда қоғоз сифати ва рангига эътибор беринг. Қиммат аммо сипо бўлсин. Қизил атиргул устига сепилган ялтироқ зар эса ўтакетган дидсизлик аломатидир.[
Бир дона атиргулни шундоқлигича, қоғозга ўрамай совға қилинса, «сен менинг боримсан», дегани бўлиб, чўнтагингиз ҳам оғриниб ўтирмайди.[
Орхидея—назокат ва донолик рамзи. Қадимдан гулларнинг энг «асилзода»си ҳисобланган. У муҳаббат, гўзаллик ва оилавий бахтни ҳам билдиради. Бирор бир қизга пушти ранг орхидея совға қилсангиз, ундан ҳеч қачон кўнгил узолмаслигигингизни айтган бўласиз.
Нилуфаргул—бокиралик ва умид рамзи. Совға учун энг анъанавийси оқ рангдагиси ҳисобланади. У беғубор гўзаллик тимсоли бўлиб, совға қилаётган инсонингизга нисбатан туйғуларингиз самимий, поклигини билдиради. Аммо унинг тўқ ранглисининг мазмуни салбий. Қадимда уни кимга совға қилсангиз, ўшандан нафратланишингиз тушунилган.
Хризантема—дўстона илиқ муносабатни билдиришнинг энг қулай усули. Уни курсдошингиз ёки ҳамкасбингизга совға қилишингиз мумкин. Бироқ унинг қизил ранглиси муҳаббат рамзи эканини унутманг. Оқ рангли хризантема эса самимият белгиси.[
Лола қадим замонлардан бери улкан бахт тимсоли бўлиб келган. Ола-чипор ранглиси совға қилиш ўша гўзалнинг ҳуснига қойил қолганингизни англатса, қизил лола пок муҳаббат, ғурур рамзи ҳисобланади.
Акас гуллари—нафосат ва қайта кўришишга умид белгиси. Уларнинг оқ ранглиси илоҳий ишқни билдирса, сариқ ранглиси узоқ умр тилаш маъносида совға қилинади.
Марваридгулнинг таровати олдида ҳар қандай гул ип эшолмайди. Шунинг учунми, гулдаста тайёрлаганда унинг ёнидаги бошқа гуллар тез сўнади. Яхшиси, гулдастани фақат марваридгулнинг ўзидан тайёрланг. У бахт ва пок муҳаббат тимсоли. Айрим ҳолатларда турмуш қуришга розилик олиш учун ҳам совға қилинади.
Кала—илоҳий гўзаллик, чексиз ҳурмат белгиси бўлиш билан бир қаторда, оилавий бахт тимсоли ҳамдир. Шундай экан, рафиқангиз учун тайёрлаган гулдастангиздан Ушбу гул ҳам ўрин олса, айни муддао. Қолеверса, у бир неча ҳафта давомида сўлимай туради. Чиннигул. 8 мартда энг кўп совға қилинадиган гул қайси биласизми? Шубҳасиз бу чиннигул. Агар гулдаста билан табрикламоқчи бўлган инсонингиз сизга ростдан ҳам азиз бўлса, унга чиннигул совға қилиб, ҳурматингизни йўқотманг! Тўғри, балки унинг тўқ қизил ранглиси севги тимсоли бўла олар, лекин бу гулнинг бошқаларидан кўра анча арзонлигини ҳамма билади. Бу гулни одатда йўл-йўлакай, байрам куни уйга қуруқ қўл билан кириб бормаслик учун сотиб олишади. Ҳамёнингиз жуда бетоб бўлсаю, тузукроқ гулдастага пул етмаса, уч донагина чиннигулни кўтариб олиб, уятга қолганча, яхшиси бир қутича конфет совға қила қолинг.
«Ўзинг гулсан-ку», деманг!
Ана холос, шунча гапдан кейин ҳам, гул олиш эсингиздан чиқибди. «Ҳатто бир дона гул совға қилмадингиз», қабилидаги таъна-дашномлар янграй бошлаганда, «ўзинг гулсан-ку», деб юпатишга уринманг. Бефойда! Устидан кулаяпсиз деб ўйлайди, яхшиси уни кечки овқатга бирор рестроранга таклиф қилингда, йўл-йўлакай гулдаста сотиб олинг. Фақат шундай қилингки, буни рафиқангизнинг ўзи сезиб қолмасин. Ва гулларни ажойиб оқшом сўнгида, уйга кетар чоғ совға қилинг. «Сюрприз» тариқасида. «Бачкана «расмиятчилик»дан асабингиз бузилаётганингизга қарамай, жилмайиб туринг. Ахир бугун 8 мартку
|