Менга ушбу лойиҳа ("Сиз нима дейсиз?") жуда ёқди. Кимларнингдир ҳаётидаги воқеалар бошқаларга ибрат бўлиши табиий. Афсуски, интернет деганларини тушунмайман. Шунинг учун қўнғироқ қилиб қўя қолдим... Дунёда доим ҳалол яшаш лозимлигига мен кўп бора амин бўлганман. Турмушга чиққанимга йигирма йил бўлибди. Тўрт фарзанднинг онаси эдим. Афсуски, бир фарзандимни... Ҳеч бир она болам демасин экан. Биттасини Аллоҳим қайтариб олди. Бунга сабаб эримнинг ҳаром йўлга юриши деб биламан. Оила қурганимиздан буён доим бошқа аёллар кўнглини овлашга тиришади. Биттасини иккинчи хотин қилиб олиб, ҳалол яшаса ҳам шукр қилардим. Афсуски, у яхши аёлларга эш бўлмайди. Топиш-тутиши зўр бўлса ҳам майли эди. Алламбало касаллик юқтириб келган вақтлари ҳам бўлди. Емаган сомсага пул тўлагандек мен ҳам даволандим. Ҳар доим шу қилиғини қилса, уйимизда қандайдир кўнгилсизлик бўлади. Ҳали молимиз ҳаром қотади, ҳали кимгадир нимадир бўлади. - Кўряпсизми? Ўзингизни ўйламасангиз ҳам болаларни ўйланг. Ҳаром бегуноҳга урармиш, - дея зорланардим доим. Қани гапларим кор қилса. Мана охир-оқибат... У яна шу ишини қилди. Уйда эса... Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, эримга фарзандимизнинг ўлими ҳам таъсир қилмади. Ҳамон шундай. Ахир ота ўз болаларига ўрнак бўлиши, тарбия бериши керак-ку! Эримдан болалари нимани ўргансин? Мен бу гапларни сизларга нима учун айтяпман. Уни ўқиб эркаклар хулоса чиқарсин! Сизнинг бир кунлик кўнгилхушлигингизнинг нуқси бошқа бир покиза инсонга урмасин! Майли, аёлингизнинг ғурури, қалби сизни қизиқтирмас, аммо ҳар доим кўз ўнгингизда фарзандингиз, гулдек нозик дилбандингиз турсин!