Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркияда ўтаётган Жаҳон чемпионатининг чорак финалида Франция билан тўқнаш келадиган бўлди.
Французлар нимчорак финалда мезбон жамоани мусобақадан чиқариб юборди. Жисмоний ва техник жиҳатдан устун бўлган франциялик футболчилар ўйиннинг бошиданоқ катта ташаббусга эга бўла бошладилар ва дастлабки 45 дақиқа ичида бу устунликни 2та тўп кўринишида исботладилар. Турклар иккинчи бўлимда катта иштиёқ билан олдинга интилдилар, бир қатор қулай вазиятларга эга бўлдилар, аммо Франция дарвозабони яхши ўйин кўрсатди. Французлар кейинги дақиқаларда Туркия дарвозасини яна икки марта ишғол қилиш билан бирга битта пенальтини голга айлантира олишмади. Ҳисоб 4:0га етганидан кейин Туркия битта жавоб тўпини киритишди.
Франция ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги чорак финал баҳси 6 июль куни Ризе шаҳридаги "Янги шаҳар" стадионида, соат 20:00 (Тошкент вақти билан)да бошланади.
Ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионати. Нимчорак финал ФРАНЦИЯ - ТУРКИЯ - 4:1 Голлар: Кондогбия (18), Баҳебек (34), Саного (68), Веретут (74) — Бакиш (77)