Касбимиз тақозоси билан бир кунда бир нечта тўйларда қатнашишимизга тўғри келади. Яқинда пойтахтдаги бир тўйхонага йўлимиз тушди. Кириб боришимиз билан бизни тўй эгалари яхши кайфият билан қарши олишди-ю, бир ҳолат кўнглимни хижил қила бошлади. Мендан 15-20 ёш катта бир одам маст ҳолатда атрофимда айланаверди. Нимагалигини билмасдан ҳайрон эдим. Ҳалиги одам менга шунчалик ўқрайиб қарардики, гўё мен еб у қуруқ қолгандек. Ва ниҳоят қўшиқ куйлаш навбати менга тегди. Тўйхонадаги ёшу қари оёққа туриб, шўх қўшиқларимга рақс туша бошлади. Лекин ҳалиги одам қошини чимирганча у ёқдан-бу ёққа ўтишни канда қилмасди. Қўшиқ куйлаяпман-у, ҳозир бирор нарса бўлмаса эди, деган фикр хаёлимни чўлғаб олди. Созандаларим, ёнимдаги маъмуримни аввалдан огоҳлантириб, хушёрроқ бўлиб туришларини илтимос қилдим.
Бир зумда муздек терга ҳам ботдим. Ахир маст одамдан ҳар нарсани кутса бўлади-да. Тўртинчи қўшиғим ниҳоясига етиб "Бемор” қўшиғини куйлашни бошлаганимда хаёлга берилиб қолибман-у, ҳалиги кишини кўздан йўқотиб қўйибман. Атрофга аланглаб роса қидирдим. Бир вақт қарасам, ўша менга кўзини лўқ қилиб турган киши, одамлар орасида ўйнаб юрибди. Юзимдаги хавотирлик аломатини табассум эгаллади. "Э, хайрият-ей, бу одам "Бемор”ни айтмаётганимга жаҳл қилаётган эканда”, деб ўзимни қўлга олдим. Бешинчи қўшиғимни ҳам амал-тақал охирига етказиб, кўчага отилдим. Энди машинам томонга югуриб кетаётган эдим, бояги одам ортимдан "Улуғбек, Улуғбе-е-ек”, деб бақириб қолса бўладими? Бояги хурсандчиликдан энди асар ҳам қолмади. У киши ёнимга яқинлашгани сари юрагим така-пука бўлиб кетарди.
"Нима бўлишидан қатъи назар вазиятни ижобий ҳал қилишим керак”, — дердим ўзимга-ўзим. Маст одам ёнимга етиб келди.
— Ака тинчликми, шошиб тургандим, — дедим гапни қисқа қилишга уриниб. — Баракалла, ўғил бола. Бундан ҳам баттар машҳур бўлиб кетинг.
Аслида бу киши мени ашаддий мухлисларимдан бири экан. Қўлимни маҳкам сиқиб, ҳалиги гапни айтганида кулгидан ўзимни тийиб туролмадим. — Ака сиз ҳам, бугунги тўй ҳам менинг хотирамда умрбод сақланиб қолади. Бундан баттар машҳурлик қанақа бўлади билмадим-у, менга бугунгиси ҳам бўлаверади, — деб хайрлашдим.