Байроқ, герб, мадҳия каби давлат рамзлари орқали дунёдаги мамлакатларни яққол тасаввур қиламиз. Муайян давлатнинг ўзига хос "ташриф қоғози”га айланган бетакрор табиат ёдгорликлари, қадимий осори-атиқалари, киши ақлини шоширувчи турфа замонавий иншоотлари, оламга машҳур маҳсулотлари тимсолида ҳам ўша юртни кўз олдимизга келтирамиз.
Мустақиллик шарофати билан дунё аҳли "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" белгиси қўйилган миллий маҳсулотларимиз орқали ҳам мамлакатимизни таниётгани барчамизга чексиз ғурур бахш этади. Бундан ўн етти йил аввал Ўзбекистонда автомобиль заводи ишга тушгани юртдошларимиз қалбига ана шундай сурур бағишлади. Энг илғор технологияларни, илмий-техникавий изланишларнинг энг сўнгги ютуқларини, юксак малакали кадрларни жалб қилишни тақозо этадиган автомобилсозлик мустақиллик Ўзбекистон иқтисодий ҳаётига нақадар улкан ўзгаришлар олиб келганига ёрқин мисолдир.
Йигирма икки йил аввал оддий велосипед ишлаб чиқарадиган корхона қуришни орзу қила олмаган мамлакатимиз тарихан ғоят қисқа вақтда эришди бу муваффақиятга! Мустақилликка эришганимиздан кейин орадан бор-йўғи беш йил ўтиб ўз машинамиз чиқа бошлади. Тарихда бўлмаган воқеа бу!
Ўтган давр мамлакатимиз автомобилсозлиги учун том маънодаги юксалиш йиллари бўлди. Бугунги кунда автомобилсозлик соҳасида дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган "GM Ўзбекистон”, "СамАвто”, "JV MAN Auto – Uzbekistan”, "General Motors Powertrain Uzbekistan” сингари кўплаб корхоналарда енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, махсус машиналар, кенг турдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда, ушбу корхоналарда минглаб юртдошларимиз иш билан таъминланган.
Ҳозир "GM Ўзбекистон” корхонасида машҳур "Chevrolet” бренди билан "Malibu”, "Captiva”, "Lacetti”, "Cobalt”, "Nexia”, "Spark”, "Damas” автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда. "Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси автомобилларимиз экспорти ҳажмини ва географиясини янада кенгайтириш юзасидан доимий иш олиб бормоқда.
Бугунги кунда МДҲ мамлакатларида Ўзбекистон автомобиль саноатининг 250 дан ортиқ дилерлари фаолият кўрсатмоқда. Кейинги пайтда юк автомобиллари ва махсус машиналар ишлаб чиқараётган "JV MAN Auto – Uzbekistan” қўшма корхонаси Россия, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Афғонистон каби мамлакатларда ўз маҳсулотлари сотувини йўлга қўйди.
Машинасозларимиз автомобиллар учун зарур кўплаб деталларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш устида мунтазам иш олиб бормоқда. Бамперлар, автомобиль ойналари ва ўриндиқлари, автомобиль салонининг ички қоплаш қисмлари, лак-бўёқ материаллари, тутунчиқаргичлар ва зарбага қарши балкалар, ёнилғи баклари, ташқи ёритиш воситалари, жгутлар, автомобиль электр ўтказгичлари, аккумуляторлар, ғилдирак дисклари ва шасси узеллари, ёнилғи насослари, генераторлар, компрессорлар ишлаб чиқарувчи ва бошқа ўнлаб корхоналар фаолият кўрсатмоқда. "Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар мамлакатимиздаги икки юздан зиёд корхона билан кооперация алоқаларини йўлга қўйган.
Машиналар учун куч агрегатлари ишлаб чиқараётган "General Motors Powertrain Uzbekistan” корхонасининг ташкил қилиниши автомобилсозлигимиз ривожида янги даврни бошлаб берди. Бундай ноёб ва мураккаб ишлаб чиқариш корхоналари дунёнинг саноқли мамлакатидагина мавжуд. Мазкур заводда 1,5 литр ва 1,2 литр сиғимдаги янги авлод двигателлари ишлаб чиқарилмоқда. "GM Ўзбекистон” маҳсулотларига ушбу корхонада тайёрланган двигателлар ўрнатилиши натижасида корхонанинг қўшимча қийматида маҳаллийлаштириш улуши 82 фоизга етди.
Manba: Darakchi.uz
|