Статистика |
Hozirda saytda: 17 Mexmonlar: 17 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2013 » Iyul » 20 » Alvido nomli she`r
|
Vido nomli she`r asosida yozilgan badia...
Хиёбондаги ўриндиқлардан бирида ўтирган қиз узоқ-узоқларга термулиб, нималарнидир ҳаёл суради. Ёнида турли кўринишдаги зарқоғозларга ўралган совғалар, китоблар, момиқ айиқчалар. Унинг нигоҳларида на афсус, на алам ва на шодлик сезилади. Ҳиссизгина ўтириб, кимнидир кутади. Гўё кутаётгани келиб, унинг нурсиз кўзларига қувонч ҳадя этадигандек. Ўтган-кетганларга аҳамият бермайди, сочларини ҳар томонга тортқилаб ўтаётган шамол ҳам, ҳар-ҳар замонда дарахтлардан узилиб тушаётган хазон барглар ҳам ҳеч қандай маъно касб этмайди унинг учун. Ниҳоят, тоқатсизлик ила соатига қарашдан безиган нигоҳлар бир зум қувончдан чақнаб кетади. Ва бу қувонч қандай тезкорлик билан пайдо бўлган бўлса, шундайлигича ўтмиш бағрига сингиб ғойиб бўлади. Олисдан ўйга толганча бир-бир одимлаб, у томонга йўл солиб келаётган йигит кўринади. Қиз оҳиста ўрнидан туради. Эшитилар-эшитилмас салом беради: - Ассалому алайкум... - Ваалайкум ассалом... Ўртага ноқулай жимлик чўкади. Ўтирадилар. Йигит не сабабдандир ўзини айбдор сезиб, бошини қуйи солиб ўтирарди. Афсусли ҳаёллар гирдобида бир-бирларига нималарнидир сўзлайдилар, уқтирадилар, англашга уринадилар. Нимадан гап бошлашни билмай турганларида йигит ташаббусни ўз қўлига олишга тиришади. - Гўзал, мен... - Нодир ака, сизни бу ерга чақиришимдан мақсад... Ортиқ сизни севмаслигимни айтиш эди. Мен... Бошқа йигитни севиб қолдим. У айнан мен орзу қилган шаҳзода эканига ишончим комил... Шу сабаб, берган барча совғаларингизни қайтариб олиб келдим... - Гўзал... - Илтимос, энди мени безовта қилманг. Биргаликда бахтли ўтган кунларимизни унутиб юборинг. Сизга нисбатан кўнглимда ҳеч нима қолмаган бўлса-да, мен учун энг яқин инсонларимдан бири бўлиб қоласиз. Шу сабаб, азобли хотиралар сизни ўт бўлиб куйдиришини, ҳаётдан бездиришини истамайман. Барибир, ўтиб кетган ҳавас юрагингизни азоблар оташига отишингизга арзимайди... - Ким у? - Билганингиздан нима наф? Бу ҳеч нимани ўзгартирмайди. Бугундан ҳаётингиз китобида янги саҳифа очинг. У шундай саҳифа бўлсинки, унда менинг исмим ёзилмаган бўлсин... - Ундай дема, Гўзал. Мен ахир сени севаман-ку... - Йўқ, Нодир ака. Сиз мени севмайсиз. Мен эса сизни. Бу шунчаки бир ўйин эди. Бир муддат ошиқлар ролини ўйнадик, ўзимизча бир-биримизга бахт ҳадя этган бўлдик. Бироқ, ҳақиқий муҳаббат келганда ҳавас чекинаркан... - Бас! Етар! - Йўқ, мени охиригача эшитишингиз керак. Биламан, бошида кўникишингиз қийин бўлади. Бироқ кўникасиз. Ўрганасиз менсиз яшашга. Истасангиз, кўнглимни сизга қолдириб кетаман. Менинг ҳамма нарсам бор. Бахтим, орзу-умидларим, нурли келажагим... Сизнинг севгингизга эса ҳаётимда жой йўқ... - Мен сенсиз яшолмайман, Гўзал! Истаган нарсангни сўра, фақат сендан воз кечишимни эмас! - Кўча-кўйда мени кўрсангиз танимагандек ўтиб кетинг, нигоҳларимиз учрашмасин, токи юрагингиз тилка-пора бўлганини сезиб азобланмай... Ўртамиздаги муносабатлар гўё навбатдаги баҳор эди. Бу баҳор ўтиб кетса, янаги йил янги баҳор келади... - Гўзал, наҳотки сен...? - Менда нима гапингиз бор эди? - Ҳеч нима... Шунчаки сени кўргим келганди. Энди тушундимки, сенинг туйғуларинг барчаси ўткинчи ҳавас бўлган экан. Мен эса уйдагилар танлаган қиздан юз ўгириб, сен билан бирга севгимиз учун курашмоқчи бўлиб юрибман-а! - Мен кетишим керак, шошиб турибман. Бахтли бўлинг, Нодир ака! Йигит бир неча ойдан сўнг ойиси танлаган қизга уйланади. Қиз эса... Ёлғиз. Йўқ, у севгисига хиёнат қилмади. Ўша беғубор туйғулари ширин хотира бўлиб, кўнглининг туб-тубига кўмилди. Шунчаки у севгисига ота-она ризолигисиз етишни истамади. Тўкис бахтни орзу қилди. Дилозорлик ортида умидлари осмонига парвоз қилишни истамади. Кунларнинг бирида ишдан қайтган йигит ойиси билан аёлининг суҳбатига тасодифан гувоҳ бўлиб қолади: онаси севгилисидан ўғлини тинч қўйишни сўраган бўлиб чиқади... Эрини кўриб, ранги оқариб кетган аёл ҳолсизгина ўтириб қолади. Шошганча кўчага чиқиб кетган йигит ҳаво етишмаётганини сезади: нега унга ишонди, нега кўзларига тик қарамади, нигоҳларида йиғлаб турган муҳаббатни кўрмади? Соддагина ёлғонига алданиб қўя қолди... Ўша хиёбонга етиб келади. Таниш ўриндиқда ўтирган қиз узоқ-узоқларга термулиб, нималарнидир ҳаёл суради. Ёнида момиқ айиқча. Йигитни пайқамай, кимнидир чақиради: - Нодир, бу ёққа кел, уйга қайтамиз энди... Йигитга бу сўзлар бир неча йиллар аввал айтилмай қолган ўша биргина сўзни айтиб ўтгандек бўлади: "Алвидо...
|
Категория: Sevgi dunyosi |
Просмотров: 951 |
| Теги: Vido nomli sher
| Рейтинг: 5.0/1 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|