— Замон тараққий этгани сари эр-хотин ўртасидаги низоларнинг ҳам янги шакллари пайдо бўляпти. Узоққа бормай, ўзимнинг ҳаётимни сизга мисол қиламан. Турмуш ўртоғим ҳар доим ярим тунда уйга келишини билсам-да, яна бир бор уйга қачон қайтишини билиш учун "Эртакчи болажонлар” тугаши билан "гудок” ташлайман. Мендек рашкчи аёли борлигини яхши билган бегим ҳам уяли телефонимга ишхонасидан қўнғироқ қилади. Икки кун аввал эса у уяли телефони кечки соат саккизда "ўчирилган” деб жавоб қайтарди, ишхонасида эса жавоб қайтаришга бир зоғ ҳам топилмади. Хайрият, эримнинг ўзи уч соатдан сўнг топилди. Нима эмиш, "сотка”си ҳам, ишхонасидаги "рабочий”си ҳам бузилиб қолибди. Мен ўзимни лақма ҳисобламайман. Каттагина жанжал бўлиб ўтди. Эрим мени эмас, аксинча телефонни ихтиро қилган Беллни росса бўралаб сўкди. Маслаҳат беринглар! Эрим меникини, мен эса унинг телефонини титкиламасам туролмайман, лекин мана шу ишимиз билан йўқ жойдан ўзимизга тўполон сотиб оламиз. Менга ўхшаб, телефон дастидан дод дейдиганлар борми?
"Админа”
— Аразлашган эр-хотинларнинг нима сабабдан уришиб қолганини суриштирсангиз телефон асосий масала бўлиб чиқади. Ҳаттоки, адашиб тушиб қолганларни баҳона қилиб ҳам уришиш мумкин. Мен ана шундай кўнгилхираликлардан узоқроқ бўлиш учун уйдалигимда телефонимни атайин кўзга кўринадиган жойга қўяман. Мабодо жиринглаб қолса, уни эшитмаганликка олиб, ишимда давом этаман. Югуриб бормайман, худдики телефон мен учун муҳим эмасдек. Ҳар қандай вазият бўлиши мумкин, "адашиб тушганлар” билан баланд овозда совуқ муомала қиламан. Ва бу ҳақда албатта эримга айтаман. Турмуш ўртоғим ҳанузгача «сотка»мни титкилайдиган одати бор. Бу ҳолат менга ёқмаса-да, асабийлашганимни билдирмасликка ҳаракат қиламан. "Нега титкилаяпсиз?” деб жаҳл қилсам, айбинг бордир деб ўйлаши мумкин. Сизга эса эрингизни телефон борасида тергов қилмасликни тавсия этаман.
Машҳура, 37 ёш
— Биз бир-биримизнинг телефонимизни титкиламаймиз-у, бироқ соат кечки 20:00 дан кейин кимдир менга қўнғироқ қилса, дарров тергов ишлари бошланади. Шу сабаб соат 18-00 дан кейин уяли телефонимнинг овозини пастлатиб қўяман.
Дилдора, 28 ёш
— Бўлажак турмуш ўртоғим билан оиламиз ишончга қурилишини истайман. Бу ҳолатда, табиийки, манзилда янглишган қўнғироқлару «смс»лар иккимизнинг муносабатларимизга салбий таъсир кўрсатмайди. Умуман олганда, барча дўстлариму ҳамкасбларимни бўлажак турмуш ўртоғимга ғойибона бўлса-да таништираман. Назаримда, эркак киши рафиқаси ким билан мулоқотда эканини билса кўнгли таскин топиб, беҳуда ва асоссиз рашкка ўрин қолмайди. Балки келажакда турмуш ўртоғим қўл телефонимни доимий назоратда ушлаши мени ранжитар. Шундай ҳол юз бердими, демакки, орадан ишонч кўтарилган. Истагим бу ҳолга тушмаслик! Мақсад арзимаган нарсадан жанжал чиқариш эмас, балки бахтли ҳаёт кечириш!
Садоқат, 25 ёш
— Гумон қилиш даражасига эркак ҳам, аёл ҳам олиб бормаслиги лозим. Шундай ҳолат бўлдими, телефон у ёқда турсин, сочини бошқача тарагани учун ҳам эр-хотин жиғиллашиб қолиши мумкин-ку? Ишонч бўлса, оила тинч бўлади! Эрим баъзан мени телефонимни "томоша” қилса, жаҳлим чиқмайди. Ўзим эса бундай қилмасликка ҳаракат қиламан.
Саидахон, 35 ёш
— Телефон туфайли оилам билан ажрашишимга сал қолганди. Туғилган кунимда яқинларим билан уйда ўтиргандик. Телефоним жиринглади, овқатланаётгандим. Қўлим бандлиги учун аёлим баланд овозда гаплашадиган қилиб, қулоғимга тутди. "Алло” дейишимни биламан, бир аёл "Жоним, мени соғинмадингизми? Қачон келасиз?” деса бўладими! Туғилган кун нақ қиёматга айланди! Хотин отасиникига аразлаб жўнаворди, ўшанда иккинчи «сотка» тутмайман дегандим. Билсам, бу шунчаки диктофонга ёзилган телефонларда тарқалган ҳазил экан.
Собир, 30 ёш
— Ишончларини суистеъмол қилмаган бўлсам-да, институтда ўқиб юрган вақтимда телефоним тугул ҳар бир қадамим бутунлай назоратда эди. Аввалига менга жуда эътиборли-да, деб ўйлаб, турмуш ўртоғимдан хафа бўлмасдим. Фарзандимиз туғилганидан кейин уйда ўтирганимда эса "қатъий тартиб” анча бўшади. Боламиз катта бўлиб, мана, яқинда ишга тушганимдан сўнг яна ўша «диктаторлик тузуми» бош кўтарди. Иш юзасидан бир қанча одамлар билан телефонда гаплашишга мажбурман, кечки пайт эса улар ҳақида бирма-бир ҳисобот топшираман. Баъзан чарчаган вақтимда тергов қилаверишлари асабимга тегади, қаттиқ гапириб юборсам, "Бир балойинг бор, шунга асабийлашяпсан” деб баттар жаҳлимни чиқаради. Оилам тинчлиги учун бунақа нарсаларга тишимни тишимга қўйиб чидайман. Маслаҳатим, сиз ҳам шундай қилинг!
Наргиза, 26 ёш
— Мен эса умуман хафа бўлмайман. Хўжайиним баъзида телефонимни текшириб туришлари рашк туфайли деб ўйлайман. Бекорга рашк қилмайди-ку ахир, бу ишлар севишидан далолат. Ич-ичимдан хурсандман, демак, бефарқ эмаслар. «Энди ким менга севги изҳор қилиб «СМС» ёзарди» десам, «Билиб бўладими» деб ҳазиллашишларини яхши кўраман.
Лола, 25 ёш
— Аёлларга, шу жумладан, хотинимга ҳам айтмоқчиман: биз — эркаклар эртадан-кечгача кўчада юрсак-да, оилам, бола-чақам деймиз. Хиёнат қилишни истаган одам «сотка»сини аралаштирмасдан ҳам истаган ишини қилаверади. Ёки телефонларда "Удалить” деган хизмат борлигини унутиб қўйганмисиз? Мен ҳеч кимнинг дилини ғаш қилиш ниятим йўқ. Шунчаки, эрларига ишонишларини ва уларни ҳадеб тергайвермасликни маслаҳат бераман.
Шуҳрат, 32 ёш
— Эркаклар аёлини доим назоратда ушлашга ҳаракат қилишини табиат қонунидек қабул қилиш тўғри, менимча. Ахир, у оила бошлиғи-да. Уларга ҳамма нарса мумкин! Лекин ўзи учун ҳам тинчликни истаган аёл эрининг телефондаги "контакты”, "сообщения”, "журнал звонков” деган жойларни бирма-бир кўриб чиқиши ўзига зарар. Бирор нарсани сўрасангиз эса "Сенга ҳисоб беришга мажбур эмасман” деган жавобни олиш эҳтимоли бор. Шунинг учун бу ишларни қилмай қўя қолинг!
Мастура, 30 ёш
— Эр-хотин бир-бирининг телефонидан хабардор бўлишини одатий ҳол деб биламан. Аммо шу матоҳ сабабли жанжал кўп бўлишини инкор этолмайман. Яқинда бўлган воқеани айтиб бераман. Эрталаб маршруткада кетаётсам, бир киши "Синглим, телефонингиз бўлса бериб туринг, ўзимникини уйда унутибман, илтимос”, деди. Мен ҳам бердим. Ишга етиб борганимдан кейин телефоним жиринглади, жавоб берсам ҳалиги одам севги изҳор қилса денг. Уришиб кетдим, жаҳлим чиққанидан ёши катта эркак ҳамкасбларимдан ёрдам сўрадим. Кечгача безовта қилаверди. Уйга борганимда телефон қилса ёки «СМС» юборса-я деб қўрқдим. Ҳамма гапни очиқчасига хўжайинимга гапириб бердим. Улар ҳам мени тўғри тушундилар. Яна телефон қилса, ўзим гаплашаман дегандилар, хайрият ундай бўлмади. Хуллас, яхшиси ҳеч нарсани бир-бирингиздан яширманг!
Муслима, 28 ёш
— Биз турмуш ўртоғим билан келишиб олганмиз. Кечки соат саккиздан сўнг иккаламиз ҳам қариндошлардан бошқа одамларнинг қўнғироғига ва «СМС»ига ҳам жавоб бермаймиз. Биласизми, ана шуни татбиқ қилганимиздан сўнг келишмай қолишимиз ҳамда тушунмовчиликлар анчагина камайди. Бундан жуда хурсандман! Сизга ҳам тавсия этаман!