Одатда, Дубайга аксарият машҳурлар дам олишга боради. Йилнинг 365 куни жазирама иссиқ, оёққа хуш ёқувчи соҳил ва гўзал бинолар – ҳордиқ чиқариш учун айни муддао! Жаҳонгир Позилжонов бу омилларга иккиламчи қараб, энг сайёҳбоп шаҳарга илм излаб кетди!? Хонанда шунча йиллик ижоди давомида қачон жонли тарзда куйлаганини ҳам эслолмаса керак. Ҳозирги замон эса тобора фонограммасиз куйлашни талаб қилмоқда. Ўзбек шоубизида яшаш учун кураш бундан буёғига осон кечмайди. Позилжоновнинг яқин дўсти Жавлон Шодмоновга кўра, у БААнинг энг йирик шаҳрида вокал бўйича мукаммал дарс олади ва соз чалишни ўрганади. Бир ой давом этажак мусиқий илм ўрганиш даври мобайнида Жаҳонгир учта янги клип ҳам суратга олдирмоқчи. 2014 йилда Жаҳонгир Позилжонов мухлисларини янги клиплар, янги альбом ва жонли ижродаги концерти билан ҳайратга солмоқчи?! Қизиқ, Позилжоновнинг жуда кўп танқидларга учрайдиган қўшиқлари ( айниқса, матни...шеър десак уят бўлади!) ва алламбало ғоялар асосида суратга олинажак клипларига "Наво” телеканали эфири учун рухсат тегармикан?!
Позилжоновнинг жонли ижрони ўрганиши (фонограммадан воз кечиши) учун нега айнан араблар мамлакатини танлагани номаълум-у, бироқ, Ўзбекистонда ҳам вокал бўйича истеъдодли мутахассислар кам эмас.
Ҳамманинг ўз режаси бор. Демак, Позилжонов ниманидир қойил қилмоқчи. Ўша "нимадир”ни эшик қоқаётган янги йилда биламиз!