Ўзининг ҳар хил характердаги роллари билан томошабинлар кўнглидан жой олган, иқтидорли актриса Зарина Низомиддинова кўп қиррали ижодкор, дейиш мумкин. Чунки, у фақат актрисалик билан чекланиб қолмасдан, Шарқшунослик институтида ҳам, таълим олди, хореография бўйича рақс борасида ҳам таълим олган, мусиқий билимдан хабардор ва қолаверса, хонандаликда ҳам ўзини синаб кўриб, бир неча қўшиқлар ҳам куйлади.
- 10 йил аввалги Зарина билан ҳозирги Заринанинг фарқи?
- 10 йил аввал 14 ёшда бўлган эканман. (самимий кулади) Ёш бола эдим, Инсон ёши катта бўлган сари ҳаётни кўриб, аччиқ-совуғини татиб кўрар экан. У вақтлардаги Зарина ёш бола, лекин ҳозиргиси ҳам, ёшим катта бўлиб, жуда бир дономан, демоқчи эмасман. Лекин, у вақтларга қараганда, ҳаётга анча бошқача қарайман.
- Ҳозирги кунда сизни турмушга чиқмоқда, деган ҳар хил гап-сўзларни эшитяпмиз. Шунга ойдинлик киритсак...
- Йўқ! Ҳозир турмушга чиқиш ниятим йўқ! Чунки, каръерам муваффақиятли давом этмоқда. Чўққига чиққан вақтда, турмушга чиқиб, каръерамни тўхтатиш ниятим йўқ.
- Лекин, барибир эндиликда яна оила қурмоқчи бўлсангиз, бўлажак турмуш ўртоғингизни қандай фазилатлар эгаси бўлишини истар эдингиз?
- Бўлажак турмуш ўртоғим, биринчи навбатда ўғлимни яхши кўриши керак! (ўйланиб) Ўзимдан анча ёши катта бўлишини ҳоҳлайман. Чунки, ҳаётда мен билмаган нарсаларни ўргатиб туришини истардим. Йўл-йўриқ кўрсатиб туриши керак. Масалан, мен хато қилиб қўйсам, ўша хатойимга тез жавоб қайтармасдан, ётиғи билан тушунтиришини истайман. Ташқи кўриниши албатта, хушбичим бўлиши керак. Лекин, мен ташқи кўринишига унчалик аҳамият бермайман. Аммо, аҳамият бермайман, деганимда ҳам, ўзимнинг маълум бир стандартларим бор. Лекин, жуда бир чиройли бўлиши керак, ундай-бундай бўлиши керак, деб айтмайман. Инсон сифатида яхши инсон бўлиб, менинг кўнглимни ололса, шуни ўзи етади.
- Агар яна оила қурсангиз, аввалгидек, санъатдан осонликча воз кечиб кета оласизми?
- Воз кечиб кета олмаётганим учун ҳам, ҳозирда турмушга чиқмаяпман. (самимий кулади)
- Унда у вақтда нима учун, шартта воз кечиб кета олгансиз?
- У вақтларда, тўғри, биринчи иккита суратга тушган фильмларим, жуда яхши фильмлар бўлганлиги билан, у вақтда кино нималигини, унча тушунмаганман. Мисол учун, ўшандаги ролларни ҳам зўр ижро қилгансиз, дейишади, ўзимга ҳам, ўша "Йўл бўлсин” ва "Ромео ва Жульетта” фильмларида ижро қилган ролларим ёқади. Аммо, у вақтларда фильмлар ҳам кўп суратга олинмасди! Суратга тушган фильмларим ҳам кўп эмасди ва ўзим ҳам кино оламига унчалик киришиб олмагандим. Шунинг учун ҳам, осонгина тарк этиб кетдим. Нафақат у вақтда, менга доимо оила биринчи ўринда! Лекин ҳозирча, каръера ҳам биринчи ўринда бўлиб турибди. Оилани танлайман, албатта. Лекин, турмуш ўртоғим рухсат берса, кинода чиқавераман. Агар рухсат бермаса, ноилож оила барибир бўлиши керак.
- У вақтларда санъат йўлидан кетаман, деб ўйламаганмисиз?
- (самимий) Йўқ. Мен биринчи ўринда, оила ҳақида ўйлаганман.
- Ўзи санъатга яна қайтаман, деб ўйлаганмидингиз?
- (самимий) Йўқ, ҳечам.
- Унда яна санъатга қайтишингизга нима сабаб бўлди?
- (самимий) Қаранг, пешонамга ёзилган экан. Швецияда бўлсам ҳам, яна бу ерга қайтиб, кинода суратга тушишларим ҳам, осон ва тез бошланиб кетиб, фильмлар ҳам кетма-кет бўлиб кетди. Катта танаффусдан кейин, кўплаб актёр ва актрисаларимиз, қайтсалар ҳам, олдингидек олқишлар бўлмаяпти. Портлаш билан қайта олмаяпти. Томошабинлар ҳам унчалик қабул қилишмаяпти ва уларга аввалгидек таклифлар ҳам унчалик йўқ. Шу билан тамом. (самимий) Менда эса, қандайдир осон бўлгандек. Қайтиб келдим, кетма-кет фильмлар бўлиб кетди. Авваламбор, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг "Қоракўз” фильми, жуда яхши фильм билан қайтдим! Томошабинларга ёқди ва бу ёғига кетма-кет бўлиб кетди. Менинг яна бир ютуғим, менимча, ўша "Ромео ва Жульетта” фильмида роль ижро қилганим бўлса керак, деб ўйлайман. Чунки, ҳар бир юртнинг ўз "Ромео ва Жульетта” фильми бўлса, Жульетта битта бўлади, деб ўйлайман. (самимий) Мени шу ўзбек Жульеттасига айланганим, мени шу бир ўзбек сиймосига айланиб қолганманми, билмадим шу мухлисларим ҳам негадир менга бир оддий қиздек эмас, бир сиймодек қарашади. Шунга қайтиб келганимда, ҳам томошабинлар мени соғинганларини ҳис қилдим.
- Кинода суратга тушишга қайтганингизда, кимгадир, ниманидир исботламоқчи бўлмадингизми?
- Йўқ. Тошкентга қайтганимдан кейин, мени кинога қайтиб келиш ниятим ҳам бўлмаган! Аммо, таклиф келди ва мен "қани” деб қабул қилиб кўрдим. Ёқди ва шу билан, ўйнасам ўйнаб кўрай деб, шу билан ҳаммаси бир-бирига уланиб кетди.
- Кўпчилик, иккинчи бор турмуш қурганида, хато қилмаслик учун роса синчиклайди. Сиз-чи? Сиз ҳам, синчиклаб, синовдан ўтказасизми?
- (самимий) Сиз ўйлайсиз-ки, биринчи турмуш ўртоғимни синовдан ўтказмаганманми? Ўтказганман! Лекин, биласизми, ҳар хил вазият бўлади. Мингта синовдан ўтказсангиз ҳам, бирибир турмуш мушт. Турмушнинг ўз муштлари бўлади. турмушдаги нарсалар, барибир кейин чиқиб келади. Бу ҳаёт ахир.
- Ўзингизни ўзингиз ёқтирмайдиган одатингиз?
- Тез зерикиб қоламан. Масалан, бир нарсага қизиқиб қолдим, дейлик. Бир хиллар бир умр ҳам, ўша нарса билан шуғулланаверади. Мен эса, қизиқаман-да, озгина шуғулланганлигимдан сўнг, зерикиб қоламан.
- Бирор фильмга бепул суратга тушишни таклиф қилишди, дейлик. Қандай йўл тутасиз?
- Фильмга эмасу, лекин клипга бўлиб турадиган ҳолат. Лекин, ҳали фильмга бепул тушиш ҳолати бўлмаган. Клипга келсак, фақатгина хонанда Райҳоннинг клипига бепул суратга тушганман. У ерда ҳамма бепул суратга тушганди. Лекин, тўғрисини айтсам, фильмга ҳеч қачон бепул суратга тушмасам керак. Чунки, клип бир кунда ўтади, кетади. Лекин, кинонинг меҳнати оғир. Фильмда суратга тушганда барибир меҳнат ҳақи бериши керак, деб ўйлайман. Чунки, ўшанга қараб ишлайсиз. Масалан, ўша роль учун янги кийимлар ҳам олишингиз керак бўлади, баъзида. Чунки, ҳамма нарса ўзингиздан бўлади, кўпинча.
- Агар юлдузлик касалига чалинсангиз?
- Агар бу касалга чалинганимда, аллақачон чалиниб бўлган бўлардим! (самимий кулиб) Баъзилар битта клипда суратга тушиб "юлдуз” бўлиб қоляпти-ку! Чалинганимда ўша ижоднинг бошидаёқ чалинган бўлардим. Менда ундай нарса йўқ.
- Кўринишингиздан романтик қизга ўхшайсиз. Аслида-чи?
- Менга чиройли романтикалар қилишса, ёқади. Лекин, ўзим ундай нарсалар қилишни билмайман. Менга романтика қилишса ёқади, лекин ўзим романтика қилмайман.
- Танилиш ва машҳурлигингизда кимнинг ҳиссаси катта, деб ўйлайсиз?
- Мени қўллаб-қувватлаган ота-онам! Менга фильмларда чиқишимга қаршилик қилмасдан, "майли чиқавер” деб рухсат берганликлари учун ҳам, уларга каттакон раҳмат! Қолаверса, яна бу омад ҳам.
- Қандай ҳолларда ёлғон гапиришингиз мумкин?
- Фойдали бўлса, ёлғон гапиришим мумкин. Қандай ҳолларда? Масалан, доримни ҳар куни битта вақтда ичишим керак бўлса, бир кун аввал онамлардан "дорингни нега вақтида ичмайсан? Витаминларни вақтида ичишинг керак!” деб гап эшитган бўлсаму, уришган бўлсалар, эртасига эса, бу яна эсимдн чиқиб қолса, онамлар яна "дорингни ичдингми?” десалар "ҳа, ичдим” дейман ва кейин бориб ичиб келаман. (кулади) Шундай ҳолларда бўлиши мумкин.
- Кўпинча, Зарина ичидан ўтаётганларни яшириш учун доим кулиб туради, дейишади. Ростдан шундайми?
- (самимий) Йўқ, жаҳлим чиқса, буни яшира олмайман.
- Кино оламида сиз англаб етган ҳақиқат?
- Мен аввал фильмга суратга тушиш, зўр, деб ўйлардим. Қийин экан. (самимий) Осон, мазза, шундай чиқиб тез ўйнаб, ўтиб кетаверади, деб ўйлардим. Лекин, жуда ҳам қийин экан. Буни мен, 16 ёшимдаёқ тушуниб бўлганман! Кино олами ҳам, дам олишни яхши кўрмас экан. Ўзи бошқа санъат турлари ҳам, дамни яхши кўрмайди, рақс ҳам, мусиқа ҳам. Кинода аввал қанча танаффус бўлса ҳам, келиб яна шундоқ бемалол роль ўйнаб кета олади, деб ўйлардим. Йўқ, ролдан чиқиб қолар экан. Ролни ўйнай олмай қолиш, уялиш бўлиши мумкин, шу тарафлари бор экан.
- Сизнинг фикрингизча, актрисани нима машҳур қилади?
- Яхши роль, яхши образ ва ўша ролни юракдан, маромига етказиб ижро қила олиш!
- Сизни бир кўрсатувни суратга олиш жараёнида, бир бошловчи билан тортишиб қолганингиз ва бунинг сабаби у бошловчи сизга маданиятсиз муомала қилганлиги ҳақида, гаплар тарқалганди. Муносабатингиз? Аслида қандай ҳол юз берганди?
- (самимий) Тўғрисини айтсам, мен ташқи кўринишимдан индамай кетадиган, ўша "Ромео ва Жульетта” фильмидаги қизман. Кўпчилик шундай ўйлайди. Энди ўша кунга келсак, кўрсатувни суратга олиш жараёни, ўша кўрсатув бошловчиси туфайли анчагина вақт чўзила бошлади. Ўша куни 14 февраль эди, мени эса қандай кунлиги ёдимда ҳам йўқ эди. Мен ҳеч ким билан учрашиб юрмайман ва ўша куни ҳам ҳеч қандай айланишга бормоқчи эмасдим. Уйга боришим керак эди, уйдан телефон қилишганди, онам хавотир олиб қўнғироқ қилдилар, чунки соат 18.00 да бошланиши керак бўлган интервью, соат 20.00 да бошланди. Мен ҳам охири, "Қачон бошлайсизлар?” деб сўрасам, бошловчи "Бўлди, бошлаймиз. Тушунаман, 14 февраль бугун!” деди. Суратга олиш бошланганидан кейин эса, кутилмаганда, менга шахсий ҳаётим ҳақида, умуман ўша кўрсатувга алоқаси бўлмаган, чиндан ҳам маданиятсиз саволлар бера бошлади! Яна ҳамманинг олдида! Интервью эса, кино ҳақида бўлиши керак эди! Албатта, ҳар қандай инсоннинг бундай ҳолатдан жаҳли чиқиши мумкин. Лекин, мен шунда ҳам ўзимни босиб: "Бу ерга 14 февралнинг нима алоқаси бор?” дедим. У бўлса, маъноли қилиб "Шошиляпсиз-де” дейди. Шунда мен ҳам, "Нима учун бундай гапларни, 14 феврални гапиряпсиз? Балки мени мазам бўлмаётгандир? Институтдан сўнг, овқатланмай шу ерга келдим. Уйдан онам қўнғироқ қиляптилар! Уйда фарзандим кутяти! 2 соатдан буён кутиб ўтирибман. Шунда ҳам сизнингча 14 февраль учун шошиляпманми?” десам, кесатиб "Керак бўлса, кутасиз!” дейди. Шундан кейин, мен ҳам, маданиятсиз саволлар бераётганлигини ва ўзини маданиятсиз тутаётанини айтдим ва ўша кўрсатувда суратга ҳам тушмай, кетиб қолдим. Лекин, кейин ўша бошловчи мендан узр сўраб, смс ёзиб юборибди. Кек сақлаб юрадиганлардан эмасман. Ҳозир у билан салом-алигимиз бор.
- Ташқи кўриниш, алдамчи бўлади, деган фикрга муносабатингиз?
- Тўғри! Ташқи кўриниш, алдамчи бўлади. Масалан, мен ҳақимда, ҳаётга енгил қараса керак, турмушга чиқса ҳам, умуман иш қилмаса керак, қўлидан иш келмайдиган "белоручка” қиз деб ўйлашади. Аслида, ундай эмас! Ҳамма қизлар қаториман! Бндан ташқари, мени жуда ҳам юмшоқ кўнгилли қиз ҳам, дейишади. Аслида ундай ҳам эмас, ўзимни хафа қилдирмайман.
- Зарина ошхонада?
- Ошхонада қўлим жуда ҳам ширин. Энг яхши тайёрлайдиган таомларимдан биттаси лағмон. Ҳамма овқатни яхши қиламан. Фақат ош қилмаганман.
- Ҳаётингиздаги энг унутилмас байрам?
- Кўп бўлган, масалан, 7 ёшимда "Ботир Зокиров” фонди номидаги "Юлдузча” танловида, "Насиба” қўшиғим билан биринчи ўринни олганим ҳам, мен учун байрам бўлган. Опамнинг турмушга чиқиши ҳам, мен учун байрам бўлган. Институтга ўқишга кирганлигим жуда катта байрам бўлган! Ўғлимнинг туғилгани, мен учун бахт!
- Ҳозирги кунда ўзингиз биринчи рақамли актриса ким, деб ўйлайсиз ва нима учун?
- Менимча, Дилноза Кубаева. Менга ҳам ёқади. Ҳам яхши актриса, ҳам яхши инсон. Менга кўпинча, ёши сал катталардан Дилноза Кубаевани, ёшлардан сизни яхши кўрамиз, дейишади. Бу мен учун катта бахт!
- Ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтганмисиз? Қайси бирида аниқ ўзингизсиз?
- Facebooc, "Одноклассники” сайтида эса, менга "юлдузча” беришган. Лекин, менинг номимдан ўша "юлдузча” берган сайтдаги инсонлар ўтиришади. Твиттердан регистрациядан ўтдим, чунки у ерда сохта Зариналар кўпайиб кетган экан. Лекин, твиттердан қандай фойдаланиш кераклигини ҳалигача тушунмадим ва била олмадим. Шунинг учун, кирмайман ҳам. Инстраграмда ҳам борман.
- Ўзингизни ҳам келажакда режиссёрлик қилиш ниятингиз борми?
- Йўқ. Чунки, режиссёр бўлиш учун ҳам маҳорат керак.
- Телебошловчилигингиз ҳақида, телеканаллардан биридаги кино ҳақидаги кўрсатувга бошловчилик қилаётган эдингиз...
- Мен у ердан кетдим. Чунки, вақти тўғри келмай қолди.
- Оилавий ҳаётда энг муҳими?
- Бу бир-бирини тушуниш, эркак кишининг ақлли ва оғир-босиқ бўлиши. Эркак киши енгилтак бўлса, ҳар қандай оила бузилади. Ҳамма гап эркак кишида, аёл киши эса, барибир ҳамма нарсага чидаб кетади.
- Сиз санъатни қандай таърифлайсиз?
- Санъатни мен бир гулдек таърифлайман. Ижод бошлаётган санъаткор бу ғунча, кейин очилади ва чиройли бўлади, гуллайди. Айтишадию бир гуллаган пайти бўлди, деб, кейин секин тўкилиб йўқолади. Шунинг учун ҳам, санъатнинг умри қисқа дейишади.
- Фарзандингиз қайси фильмингизни кўп кўради?
- "Оқибат”, "Қоракўз”, "Мен юлдузман” фильмларимни яхши кўради ва кўп кўради.
- Қайси фильмда суратга тушганингиз учун ота-онангиздан гап эшитгансиз?
- "Илтимос, менга қаранг” фильмида.
- Бугунги кундаги ижодингизга нима етишмаяпти, деб ўйлайсиз?
- Яна ҳам яхши фильмлар бўлса.
Саида Вахобова. Fattohhon
|