Главная » 2013»Iyun»21 » Ўзбекистондан ноқунуний йўл билан валюта олиб кетишга уринган чет элликлар ушланди
00:19
Ўзбекистондан ноқунуний йўл билан валюта олиб кетишга уринган чет элликлар ушланди
Мамлакатимизда жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валюталарни олиб кириш ва олиб чиқиш тартибларини белгиловчи барча ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилган. Уларга кўра, хорижий фуқаролар Ўзбекистонга кириб келаётганда ўзи билан олиб келган ҳамда божхонага тақдим этган "Т-6” шаклидаги божхона баённомасида қайд этилган миқдордаги нақд хорижий валютани олиб чиқишларига рухсат этилади.
"Тошкент-Аэро ” ИБК ахборот хизматининг маълум қилишича, шунга қарамасдан амалдаги тартибларни қўпол равишда бузиб, нақд ҳорижий валюталарни ноқонуний равишда олиб чиқишга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Яқинда «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комлпекси ходимлари томонидан шу турдаги бир нечта қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинди.
Дубайга йўл олган Баҳрайн Қироллиги фуқароси И.Ҳасан ўзи ташриф буюрган давлатнинг қонун-қоидаларини менсимаслиги оқибатида, 2300 АҚШ доллари билан хайрлашишига тўғри келди. Чунки, у хамёнига бекитилган ушбу валюталарни божхона баённомасида кўрсатишни гўёки "унутиб” қўйибди.
Польшалик П.Томашнинг эса бекитиб олиб ўтишга уринган салкам 3,5 минг АҚШ долларини Россия Федерацияси пойтахтида қай тарзда сарфлаш бўйича ширин хаёллари ҳам қинғир қилмиши оқибатида чипппакка чиқди.
"Амалдаги тартибларни билмасдим” дейишга айниқса, россиялик фуқаролар – М.Арзамасцева, С.Комлев ва Э.Курмаеваларнинг ҳақлари йўқ, назаримизда. Чунки, уларнинг она тилида ёзилган батафсил эслатмалар божхона баённомасини тўлдириш устунларига илиб қўйилганига қарамасдан, Хабаровска учаётган М.Арзамасцева 3 минг АҚШ доллари, Екатеринбургга парвози олдидан С.Комлев 3,5 минг АҚШ долларидан ортиқ ҳамда Москвага учишга шайланган Э.Курмаева салкам 4,5 минг АҚШ долларини оғзаки сўровлар пайтида ҳамда божхона баённомасида маълум қилмасдан туриб, олиб ўтишга уринишган пайтда тўхтатиб қолинди.
"Тошкент-Сеул” рейси билан учиб кетаётган хитойлик Ч.Цзяньмин шунингдек унинг Пекинга йўл олган юртдоши Х.Гуанюларнинг ҳар бирининг 1700 АҚШ долларини яширинча олиб ўтишга уринишлари божхоначилар қаршисида ер чизиб қолиш билан якунига етди.
Хитойдан ташриф буюрган "меҳмон” Т.Чжанг эса 2700 АҚШ долларини яширинча олиб чиқишга уриниши сабабли, Урумчига парвозини кечиктиришга тўғри келди.
Пекинга йўл олган яна бир хитойлик - Хуан Синься эса таваккалчиликда юқоридаги юртдошларидан ўзиб кетди. У 6300 АҚШ долларини ноқоуний равишда, бемалол олиб чиқиб кета оламан деб, оқибатда қаттиқ янглишди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Таъкидлаш жоизки, 2013 йилнинг ўтган даври мобайнида "Тошкент-Аэро” ИБК ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 142 та қонунбузарлик ҳолатларида 620 млн. сўмдан ортиқ эквивалентдаги нақд ҳорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.