Главная » 2013»Iyun»28 » Ўзбекистонда “Ҳизб ун нусрат” диний-эктремистик ташкилоти аъзоларидан бири фош этилди
06:38
Ўзбекистонда “Ҳизб ун нусрат” диний-эктремистик ташкилоти аъзоларидан бири фош этилди
Виждон эркинлиги мамлакатимиз қонунчилигида ҳар бир фуқаро учун кафолатланган. Бош Қомусимизда ҳар бир фуқаро жинси, тили, дини, миллати, ижтимоий келиб чиқиши ва мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенг экани кўрсатиб ўтилган.
Бугунги кунда юртимизда 135 миллат ва элат, бир қатор диний конфессиялар вакиллари истиқомат қилади. Ислом, насронийлик диннинг деярли барча йўналишлари, шунингдек, буддавийлик, баҳоийлик, яҳудийлик, кришнавийлик ва бошқа диний таълимотга эътиқод қилувчиларнинг барча диний арконларни адо этишлари учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилган.
Бироқ, бу борадаги диний бағрикенгликдан ва эътиқод эркинлигидан айрим диний-экстремистик оқимларнинг ғаразли мақсадларда, жумладан ўз зарарли ғояларини омма орасида кенг тарғиб этиш ва шу орқали улар устидан ҳукмронлик ўрнатиш, ўз йўл-йўриқларига юргизишга интилиш ҳоллари учраб турибди.
Хусусан, "Хизб ут таҳрир”, "Хизб ун нусрат” ва "Жиҳодийлик” каби диний-экстремистик ташкилотлар тарафдорлари диний таълим ниқоби остида мустақил давлатимиз фуқароларини ақидапарастлик ғояларга эргаштиришга уринмоқдалар. Масалан, "Ҳизб ун нусрат” диний-эктремистик ташкилоти сафидаги ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун 2012 йил декабрь ойида тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум этилган Маҳмудхўжа Аҳмаджоновнинг турмуш ўртоғи Лола Аҳмаджонова эрининг кўрсатмалари асосида атрофига тақводор аёлларни тўплаб, улар ўртасида ноқонуний диний тарғибот ишларини олиб борган.
Дастлабки босқичда уларга ислом динининг асосий арконлари ва араб алифбосидан сабоқ берилган. Кейинги босқичда эса, "муаллима”лар "Хизб ут тахрир” ва "Хизб ун нусрат” диний оқимлари ғояларини "илми толиб”ларга сингдиришга ҳаракат қилишган. Натижада бир неча йил ичида пойтахтлик ўнлаб ёш хотин-қизларнинг онгу шуурини заҳарлашга эришган.
Эътиборлиси шундаки, Аҳмаджонова ўз машғулотлари учун харажатларни иштирокчиларнинг ўзидан ундириб келган. Фақат дастлабки ой сабоқлар бепул ўтилган. Кейинги ойларда эса, "шогирдлар” ё Аҳмаджоновларнинг шаҳар ташқарисидаги томорқасида бепул ишлаб беришлари, ё ойида 50-100 минг сўм миқдорида пул тўлашлари керак бўлган.
Шу ҳолатнинг ўзиёқ мазкур ташкилот бир неча йиллардан буён ғаразли ва тубан мақсадларга асосланган ҳолда фаолият юритиб келаётганини исботлайди.
Руҳий таъсир ўтказиш орқали ўз мустақил фикрлаш қобилиятидан маҳрум бўлган тингловчилар ўз-ўзидан Лоланинг барча кўрсатмаларини сўзсиз бажарадиган бўлишган. Унинг ўқув машғулотлари иштирокчилари, аёллар ва вояга етмаган қизларга ҳижобга кириш мажбурий этиб белгиланган, улар учун мактабга қатнаш, кўнгилочар дастурларни томоша қилиш, туғилган кунларни ўтказиш, ҳайитдан бошқа байрамларни нишонлаш тақиқланган. Энг даҳшатлиси, уларнинг барчасига террорга мойиллик, динсиз ва бошқа динларга эътиқод қилувчиларга нисбатан чексиз нафрат ғоялари пухта сингдирилган.
Бироқ, Лола ва унинг назорати остида бўлган гуруҳларнинг фаолияти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фош этилди ва айни пайтда бу гуруҳларнинг ҳар бири устидан алоҳида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шундай экан, азиз ватандошлар, огоҳ бўлайлик! "Тақводор” инсонларнинг даъватлари зимиридаги ғаразли мақсадларни англаб етмай туриб, уларга осонгина алданиб қолмаслик, шу каби диний-экстремистик оқимлар фитнасига тез ва осон учмаслик учун ҳушёрлик ва эҳтиёткорликни қўлдан бермайлик.