Мавсумий ҳарорат башоратларини тузаётганда ўртача кўрсаткичлар эътиборга олинади, бунда кундалик об-ҳавога ўхшаб аниқ рақамларни келтириш мушкул.
Шунинг учун ҳозирдан энг совуқ кунлар ҳақида гапиришнинг иложи йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги гидрометеорология хизмати маркази мутахассислари Uz24 нашрига маълумот беришди. Одатда юртимизда энг паст ҳарорат декабрнинг иккинчи ярмидан, февраль ойининг ўрталаригача кузатилади. Бироқ, баъзи ҳолларда, ҳудди 2010-2011 йилги қиш мавсумида бўлганидек энг совуқ кунлар февралга тўғри келиб қолиши ҳам мумкин.
Жумладан Ўзбекистон ҳудудида қиш мавсуми давомида вақти-вақти билан меъёрдан юқори иссиқ ҳавонинг, аксинча меъёрдан 2-4, баъзи жойларда 7-10 даража паст кўрсаткичи билан алмашиб туриши мумкин.
Метеорология мутахассиси Янги йил об-ҳавоси тўғрисида сўралганда, дунёда 6 суткадан ортиқ вақтга аниқ об-ҳаво башоратини айтиш мушкуллигини ва шу сабабли янги йил об-ҳавоси ҳақида бироз вақт ўтиб тўхталиш мақсадга мувофиқ бўлишини айтди.