Главная » 2013»Iyun»6 » Ўзбекистон — муддатидан аввал ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишга ягона номзод
06:58
Ўзбекистон — муддатидан аввал ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишга ягона номзод
Кечаги тур натижалари гуруҳимиздаги вазиятга анча ойдинлик
киритди. Очиғини айтсам Жанубий Кореянинг Ливанда очко йўқотишини кутгандим. Чунки кореяликлар бу сафар саралаш ўйинларида аввалги барқарорликни намойиш эта олмаяпти. Ёдингизда бўлса, Қатарга қарши ўз уйларида ўтказилган учрашувда ҳам 90+7 дақиқадаги гол эвазига иродали ғалабага эришдилар. Кеча Ливанга қарши ўтказилган учрашувнинг 90+7 дақиқасида киритилган гол эса Жанубий Кореяга бу сафар иродали дурангни келтирди. Нимагадир охирги вақтларда кореяликларда бундай "иродали" натижалар кўпайиб кетмаяптими?.. Қатар - Эрон учрашуви эса биз истагандек якунланмади. Эрон ғалаба қозонди ва 10 очко жамғарди. Аммо эътибор беринг, улар ҳамон биздан пастдалар. Ўзбекистон терма жамоаси эса голлар нисбатига кўрагина Жанубий Кореядан ортда турибди. Бироқ бизда уларда бўлмаган бошқа бир нарса бор. Бу шундай нарсаки, ҳар қандай жамоага руҳий устунлик бериши мумкин. Тўғри, Жанубий Корея 11 июнда ўз уйида ўйнайди. Аммо Ўзбекистон терма жамоаси ўша куни Сеулга жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилиш учун боради. Айни вақтда Ўзбекистон терма жамоасида ҳам, Жанубий Кореяда ҳам 11 очкодан бор. Эронда эса 10 та эканини айтдик. Келгуси турда биз ғалаба қозонгудек бўлсак, 14 очко жамғарамиз ва гуруҳда биринчи ўринга кўтариламиз. Сўнгги турда рақибларимиз Жанубий Корея ва Эрон ўзаро майдонга тушадилар. Бу учрашувда улардан бири ёки ҳар иккиси ҳам очко йўқотиши муқаррар. Шундай экан, Сеулдаги ғалаба биз учун узоқ кутилган йўлланма вазифасини бажариб бериши аниқ ва тиниқ бўлиб улгурган. Бунақаси шу вақтга қадар бўлмаганди. Шу вақтга қадар бошқалар Ўзбекистонга жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилиш учун келардилар. Японияси ҳам, Хитойи ҳам, мана шу Жанубий Кореяси ҳам Тошкентга келиб, дилларимизни абгор қилиб, "Пахтакор" майсаси устида мундиал йўлланмасини байрам қилиб кетганлар. Энди ўша кунлар алами ҳаққи, мухлислар ҳаққи-ҳурмати Сеулдан йўлланмани олиб келишимиз шарт! Балки тўрт йил олдин мана шу гаплар утопия бўлиб туюларди. Аммо ҳозир бемалол амалга оширса бўладиган иш. Мен юқорида бежизга кореяликларнинг "иродали" ғалабаларига писанда қилиб ўтмадим. Улар икки сафардан буён сўнгги дақиқаларнинг сўнггиси ҳам тугаб бўлгач гол уриб келмоқдалар. Афтидан улар фақат ўзлари гол урган дақиқани сўнгги деб ҳисоблашга кўникиб қолганлар шекилли. Бу эса бир нарсадан далолат беради - Жанубий Корея аввалгидек даҳшатли эмас. Жанубий Кореяни ютса бўлади. Бемалол бўлади! Кореяликлар охирги учрашувларда фақат "сўнгги дақиқалар"даги голлар эвазига натижага эришиб келмоқдалар. Кўрамиз, Ўзбекистонга қарши ўйинда нима бўларкин. Ахир айтадилар-ку, кўза кунигамас, кунида синади деб. Фақат бу сафар синадиган кўза бизники эмас, корейсларники бўлади. Биз эса ўзимизникидан ғалаба шарбатини симирамиз, насиб қилса. Ўша кунларга етказсин!..