Главная » 2013»Iyun»14 » Ўзбекистон – Қатар учрашуви чипталари 15 июндан сотилади
00:12
Ўзбекистон – Қатар учрашуви чипталари 15 июндан сотилади
Ўзбекистон – Қатар учрашуви чипталари сотувга чиқарилиши санаси тўғрисида «Бунёдкор» стадиони сайти нотўғри ахборот тарқатди.
12 июнь, чоршанба куни «Бунёдкор» стадиони расмий сайти 18 июнь, сешанба куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Қатар учрашуви учун чипталар 13-14 июнь кунлари сотувга чиқарилиши ҳақида хабар тарқатган эди. Ушбу хабар кўплаб ўзбек спорт сайтлари, шунингдек, Kun интернет-нашри томонидан ҳам тарқатилган.
Маълум бўлишича, чипталар 13 июнь кунидан сотувга чиқарилмаган. Чипталар 14 июнь куни ҳам сотилмайди. «Бунёдкор» стадиони кассаларидаги эълонларга кўра, чипталар 15 июнь, шанба кунидан сотувга чиқарилади. Эълонларда, шунингдек, чипталар паспорт нусхаси орқали амалга оширилиши ҳам қайд этилган.
Стадион кассаларида чипталарнинг нархлари тўғрисида маълумот берилмаган. Бир қатор футбол мухлислар «Бунёдкор» расмий сайти ва бошқа нашрлар 12 июнь куни тарқатган хабарга ишониб, стадион кассаларида тўпланган. Чипталар савдоси нега 15 июнь кунига кўчирилгани тўғрисида касса олдида йиғилганларга ҳеч ким ахборот бераётгани йўқ.
Шу йилнинг 26 март куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш ўйинлари доирасида Ливан терма жамоасини қабул қилган эди. Ушбу ўйин янги қурилган «Бунёдкор» стадионида ўтказилган дастлабки расмий учрашув бўлган, унга чипталар расман, тоифасига кўра, 15 минг, 25 минг ва 30 мингдан сотилган. Ўзбекистон – Ливан ўйинига чипталарни сотиб олиш жараёни ҳақиқий шов-шувга айланиб, бу борада Ўзбекистоннинг қатор машҳур шахслари ҳам фикр билдириб ўтган эди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 18 июнь, сешанба куни ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич «А» гуруҳи 10-тур учрашувлари доирасида Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида Қатар миллий терма жамоасини қабул қилади. Ўзбекистон – Қатар ўйини билан бир вақтда бошланадиган Жанубий Корея – Эрон учрашувида меҳмонлар мағлубиятга учрашса ва Қосимов шогирдлари Қатарни мағлубиятга учратишса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.