Главная » 2013»Iyun»14 » «Unitel» ва «Coscom» корхоналарининг даъвоси бўйича суд иши 26 июнга қолдирилди
22:16
«Unitel» ва «Coscom» корхоналарининг даъвоси бўйича суд иши 26 июнга қолдирилди
Ўзбекистондаги иккита GSM-оператори - «Unitel» ХК МЧЖ (Билайн) ва «Coscom» ХК МЧЖ (Юсел) Тошкент шаҳар Хўжалик судига даъво аризасини берди. Бу ҳақда Риа Новости агентлигига таяниб, "Новый Век" газетаси хабар бермоқда.
«Куни кеча операторларнинг даъво аризалари юзасидан алоҳида-алоҳида суд мажлислари ўтказилди», — дейди агентлик билан боғланган манба. Қўшимча маълумотларни ўрганиш мақсадида суд иши 26 июнга қолдирилган.
Май ойида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси иккита операторни юқори мавқега эга бўлган корхоналарнинг давлат реестрига киритганди. Қўмита маълумотларига кўра, уяли алоқа бозорида Unitel нинг улуши 54%, Coscom нинг улуши 41%ни ташкил этган.
Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги қонунининг 6-моддасида товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳи товарининг улуши 50 ва ундан ортиқ фоизни ташкил этса, шунингдек яна қатор кўрсаткичлар бўйича 35% - 50% устунлик сақланиб турган бўлса, унда шу хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг мавқеи устун мавқе деб эътироф этилади.
Бундан ташқари, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси "Beeline" ҳамда "Ucell" савдо белгилари остида хизмат кўрсатувчи ушбу операторларни ўзаро келишган ҳолда абонент тўлови ва тарифларни оширишганликда ҳам айблаган ва умумий ҳисобда 30 миллион сўм жарима солганди.
Бунга қарши ўлароқ операторлар қўмита раҳбариятига шикоят билан чиқишган ва талаблари қаноатлантирилмаган тақдирда судга даъво беришлари ҳақида маълум қилишганди, деб ёзади "Новый век" газетаси.