Нега ҳар доим қоқиламан? Нега доим омадим чопмайди? Нима учун ўзимни ўзим эплай олмайман?» Шу саволлар хаёлимда айланиб, кўзларимга ёш келди. «Турмушнинг зарбалари каммиди менга? Одамлар ҳам алдашга уринади. Бу ноҳақликларга чидаб бўладими?..»
Қадам товушларимни эшитиши билан дарвоза олдида кутиб ўтирган тўққиз ёшли қизим югуриб чиқди. Ҳатто шу мурғак қалбнинг кўзларига қарашга ҳам уялдим. «Нега менинг онам бу қадар ношуд?» демасмикан?
— Яхши ишладингизми? — у мени ишлаб келаяпти деб ўйлаб, атрофимда хурсанд ирғишлай бошлади. — Ойи, мактабимга кийимни ўзингиз олиб берасиз, а? Унгача ойлик оласизми?
— Менимча, у ердагилар ёлғончи. Пул ишлашнинг яхши йўлини топиб олишган. Ўзи эълонга «даромадли иш», деб фалон сўмни ёзиб қўйишганидан қўрққандим. Ҳар кун борсангиз, ҳар кун бирорта қоғоз беради, тўлдиринг, деб. Кейин «бу «лист»имиз уч юз сўм, икки юз сўм», деб пул олади. Ўзингиз ўйланг, иш излаб юрган нечта одам боради у ерга. «Хабар олиб туринг, одам кўп излаганда тополмай қолмайлик», дея умид беришади. Кейин менга ўхшаб ишонганлар бораверади-бораверади. Ҳар борганда уч юз-беш юз сўм ташлаб келади, тўлдирган қоғози учун. Бир кунда йигирма-ўттизта одам келиб кетаяпти. Ҳеч қанақа иш йўқ у ерда, — гапларимни тез-тез айтдим-да, оғир тин олдим. — Энди бормайман.[
Онам секингина уҳ тортди. Кейин эса мени овутган бўлди:
— Сиқилма, ишламасанг ҳам кунинг ўтиб турибди-ку!
Куним ўтаяпти. Қандай ўтаётгани эса иккаламизга ҳам маълум. Кечагина янгам онам билан айтишиб қолди.
— Етти йилдирки, боқаман. Бу эшитган раҳматимми? — дея бақирди у киши. Бу уйда ишламайдиган, пул топмайдиган одам фақат мен. Онам ҳам нафақа олади. Уни албатта менга ва қизимга сарфлайди. Рўзғорнинг каму-кўсти акамнинг бўйнида. Янгам эса тикувчи. Ўйда ўтириб пул топади. Сал жанжал чиқса, «биз ҳам фақат болаларимизни ўйлаб яшармиканмиз? Ё бировлардан ортмай ўлиб кетамизми?» деган гап оғзидан тушмайди. Шу гаплардан бездим. Ўзим униб-ўсган, катта бўлган уйда ортиқчаман. Ўзимни сиғиндидек ҳис қилганим учун уй юмушларининг ҳаммасини бўйнимга олганман. Барибир «чиққан қиз чиғириқдан нари» экан.
Иш излашга киришдим. Ҳеч қаерда ўқимаган бўлсам, қаердан ҳам ишлай? Икки ой аввал ҳам бир иш топгандим. Дафтар чиқарадиган цех.
— Ҳадемай «сезон» бошланади, тезроқ ишланглар, — деб шошириб ишлатган одамлар маошимни ҳалиям бермади. Бошқа иш ахтариб, мана, нима кўйга тушиб ўтирибман.
Индамадим. Хотираларим жонланиб кетгани учун уйга қандай келганим, нима қилганимни эслай ҳам олмайман. Ўзимга келганимда ёстиққа юзимни босганча йиғлаб ётардим. Қизим ҳар доимгидек бошимда менга термулганча жим ўтирарди. Қизим, отасининг бир оғиз сўзини эслай олмайдиган, қанақалигини ҳам билмайдиган менинг етимгина, ширин қизим. Қайдан ҳам эсласин? Ўшанда энди икки ёшдан ошганди… Бизнинг овунчоғимиз, қувончимиз эди у. «Ширин аясининг асал қизи», дерди эрим бирданига иккаламизни ҳам эркалаб. «Менинг уйимда ҳамма болдек ширин. Шунинг учун тўймайман!» — бу у кишининг ҳар доимги гапи эди. Ростдан ҳам тўймади у. Тўёлмай бизни тарк этди. Кутилмаган автоҳалокат у киши айтгандек болдек ширин оиламизни аччиқ фироққа тўлдириб кетди. Ҳадемай етти йил бўлади, усиз яшаётганимга етти йил. «Сизларни ҳеч қачон ёлғиз, қаровсиз қолдирмайман», деганига ҳам етти йил… Дод солиб йиғлагим келди. Хаёлимда бақирсам, юрагимдаги йиғилган бор аламлар чиқиб кетадигандек эди. Яна юзимни ёстиққа босдим.
— Тур, аза ҳам узоғи билан бир йил тутилади. Сен эса ҳалиям йиғлаб қон қиласан. Анув таксичининг ҳам юрагини ёрибсан. Энди кетди, бечора, — деди доимгидек жаҳл қилгандек, аммо меҳр тўла овоз билан. — Қизингизни хафа қилмоқчи эмасдим. Билмасдан сўраб қўйдим, деб қайта-қайта узр сўради. Сенам худди эринг ҳозир ўлгандек югуриб кирдинг уйга.
— Шу пайтгача шу ердамиди? — ҳайрон бўлдим.
— Ҳа, дафтарларни уйга киргизди. Бир пиёла чой ичиб кетди.
Ўша куни тақдирим шу киракаш билан боғланади, деб сира ўйламагандим. Бир ҳафта ўтиб «одам» қўйганида, рости, жаҳлим чиққанди. Аммо онам негадир унинг ёнини олди.
— Сизларга юк бўлдим-да, шунинг учун мендан қутулсангиз бас, тўғрими? — хафа бўлдим онамдан ҳам.
— Унақа дема. Ҳали ёшсан. Эндигина йигирма саккиз ёшга кирдинг. Оила қуришинг керак. Бугун мен борман, бу уйга сиғиб ўтирибсан, эртага ўтиб кетсам… — онамнинг кўзлари ёшга тўлди. — У бефарзандликдан ажрашган экан. Ўн уч йил кутиб яшабди. Сабрли, иймон-эътиқодлига ўхшаяпти. Ёши ҳам жуда катта эмас, қирққа ҳам кирмаган ҳали. Ўттиз саккиз ёш экан.
— Мендан ўн ёш катта-ку! Шу катта дегани эмасми?
— Нега тушунмайсан? Битта фарзандинг бор. У қизингни ҳам олиб кетишингга рози. Кўпчилик эркак бунга рози бўлмайди. Ўша куни ўзим гаплашиб кўрдим, ёмонга ўхшамайди.
Хуллас, онам ўзининг насиҳатлари ва кўз ёшлари билан мени турмушга чиқишга кўндирди. Аммо қизимга нима дейишни билмасдим. Уни бирдан ўзим билан олиб кетиш ниятидаман. Онамдан қизимга ўзи тушунтиришини сўрадим. Аммо у киши рад этди. Ноилож, ўзим бўлсам, ўзим-да. Кечқурун ухлашимиз олдидан уни бағримга босиб гап бошладим:
— Гулруҳ, мен… мен… яна оила қуряпман. Энди биз бошқа жойда, ўша мен турмуш қурган инсоннинг уйида яшаймиз. У сенга ота ўрнида ота бўлади. Уни «дада» дейишинг керак. Айта оласанми?
— Йўқ. Хафа бўлмайди. Сен яхши қиз бўлсанг, айтганимни қилсанг, асло хафа бўлмайди.
— Унда айтаман. «Дада» дейман. Ойи, ўзи «дада» дейишни жуда яхши кўраман. Жаҳонгир билан Ойдин тоғамни «дада» деса, менам ичимда айтиб кўрардим, — қизимнинг бу гаплари кўзларимни ёшлади. Унинг тили «дада» деб чиққанди. Аммо мана етти йил шу сўзни айтишга зор бўлди. Энди бир бегонани… У қизимни ҳеч қачон ўз боласидек кўрмайди…
Шуларни ўйлаб йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолдим. Бир ҳафтадан сўнг эса биз иккинчи турмушимникида эдик. Рости ўзим ҳам, қизим ҳам дарров киришиб кета олмадик. Эримнинг уй-жойи, машинаси, ҳамма-ҳамма нарсаси бор эди. Аммо биз… ўзимизни эркин ҳис қила олмасдик. Эрталаб у киши киракашлик қилгани чиқиб кетади. Шундан сўнггина қизим иккимиз катта ҳовлида бахтиёр ва енгил ҳис қилардик. Бу ётсираш камлик қилгандек овсиним буткул совутди:
— Қизингиз тўққиз ёшга ўхшамайди. Анча бўйчан экан. Яна жуда ёқимтой. Кўз-қулоқ бўлинг. Ўгай барибир ўгай-да! Эрингиз ола қараб юрмасин!
Бу гапни эшитиб музлаб кетдим. Шу ондаёқ бу уйни тарк этгим келди. Лекин ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ… Эримнинг феъли бузуқмикан? Овсиним ҳарқалай уни аввалдан билади. Жинни бўлаёздим. Ўша куни эрим қизим учун уйга киядиган халат кўтариб келибди:
— Менинг чиройли қизимга шунақа ярашадики бу!
Унинг сўзлари ҳам юрагимга титроқ олиб кирди. Ҳадик билан яшай бошладим. Бир куни эса… Ярим кечаси қизимнинг овозидан уйғониб кетдим. У ингранар, йиғламоқчидек эди. Ўрнимдан сакраб турдим. Эрим ёнимда йўқлигини кўриб оёқ-қўлимдан жон чиқиб кетгандек бўлди. Аммо қаердан куч топдим, билмайман, ўқдек отилиб қизимнинг хонасига югурдим. Эшик олдида эса таққа тўхтадим.
Гулруҳ ўрнидан туриб ўтирган бўлса-да, кўзлари юмуқ эди. Шу ҳолда дорини ичди. Мен эса хотиржам ўрнимга қайтдим. Бу аҳволда уларга кўрина олмасдим. Чунки вужудимда турган титроқ ҳали кетмаганди. Шу пайт қизимнинг овози эшитилди:
— Дада, яна сув ичаман…
Бу қизимнинг илк бор «дада» дейиши эди. Ҳаяжонданми, улар ёнига қандай борганимни билмай қолдим.
Мен ҳам йиғлаб юбордим. Учаламиз ҳам унсиз кўз ёш тўкдик ўша кеча. Аммо бу кўз ёшлар бир ой ўтиб яна такрорланди. Менинг ҳомиладор эканлигим турмуш ўртоғимни йиғлатмасдан қўймади.
— Ўзингга шукр! «Биринчи бахтинг — ой бахтинг», дейишарди. Шунинг учун иккинчи бор оила қураётганимда ҳадиксирагандим. Аммо бахт яратиш ўзимизга ҳам боғлиқ. Биз энг бахтли оиламиз, тўғрими? — деди у киши менга.
Рост, биз энг бахтли оиламиз. Бу бахтни қўлдан чиқармаслик учун ҳамма нарсага тайёрман!