Главная » 2013»Iyun»18 » Уй бекаси: Ўхшашлик, камчилик, энг муҳими янгилик!
23:33
Уй бекаси: Ўхшашлик, камчилик, энг муҳими янгилик!
Сўнгги йилларда кўплаб ўзбек сериаллари суратга олиниб томошабинларга тақдим қилинмоқда. Бу анъана бугун ҳам давом этмоқда. Айни пайтда ана шундай ўзимизнинг сериаллардан бири «Уй бекаси» турли ёшдаги томошабинни экран олдига йиға оляпти. Айтиш керакки, бу сериал бошқалардан фарқли равишда янги услубда олинган, мавзу, йўналиш, кадрлар ҳам ўзгача. Айниқса, сериалда соғинган актёрларимизнинг чиқиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Сиз азиз газетхонларимизнинг «Уй бекаси» сериалига бўлган қизиқишини инобатга олган ҳолда, биз бош роль ижрочилари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотима Режаметова ҳамда унинг қизи Фарангиз Режаметова билан суҳбат уюштирдик. «Уй бекаси» сериали: - Ҳар бир қисми ярим соатдан иборат 40 серияни ташкил қилади. - Гўзал (Фарангиз)нинг икки синглиси Зиёда ва Мубинахонлар ҳаётда ҳам опа-сингиллардир. - Айтишларича, «Уй бекаси» сериалининг иккинчи фасли ҳам суратга олинади. - Фотима Режаметованинг сериалдаги эмас, ҳаётдаги ўғли Фирдавс ҳам кино соҳасига кириб келган. У «Бир кам дунё» сериали ҳамда чет эл фильмларида роль ўйнаган. - Актриса Фотима Режаметовани охирги пайтларда экранларда каттароқ ролда кўрмаган эдик. Қолаверса, кинолардаги кўп ижроларингиз асосан иккинчи даражали роллар бўларди. Айтишларича, сизга унча-мунча сценарийлар ёқмас экан. «Уй бекаси» сериали ижодкорлари сизни қандай кўндира олишди? - Шу пайтгача ўзимга ўзим ҳам сизнинг саволингизни бериб келардим. Яъни шу кунгача кинодаги ижроларим ичида умуман бош роль йўқ экан. Ҳатто ўша «Кўзларим йўлингда» фильмида ҳам урғу кўпроқ Мирзабек ака Холмедов образига берилган. Айтайлик, Гулчеҳра Эшонқулованинг «Шабнам» фильмидаги қаҳрамони каби бош ролим йўқ барибир. Тўғри, театр саҳнасида бош қаҳрамонларим жуда кўп. Биласизми, «Уй бекаси» лойиҳасидаги ролимни мен тақдиримдаги совға деб биламан. Ҳар бир актриса мана шундай ролларни кутади. Фақат бир нарса мени ранжитади, «Уй бекаси»даги ролимни кўрганлар комедия жанрида ҳам яхши роль ижро этаркансиз, дейишди. Ваҳоланки, саҳнада бу каби комедик ролларим жуда-жуда кўп. Тўғри таъкидладингиз, бирор сценарийга розилик беришимдан олдин ўзимнинг талабларим анча кўп. Чунки менда масъулият катта. Битта роль билан бутун ижодингизни пучга чиқариб қўйишингиз ҳам ҳеч гап эмас. «Уй бекаси»нинг сценарийсини ўқимасдан туриб, мен: «Менга миниатюра керакмас, хонтахта керакмас, профессионал даражаси паст бўлмаслиги керак, тиниқ кадрли бир маҳсулот бўлиши лозим» дедим. Чиндан ҳам ушбу сериал ҳали ўзбек томошабинига янги бўлган СИТКОМ (ситуатив комедия) жанрида суратга олинди, воқеалар ҳам бир жойда бўлди. Нафақат мухлислар учун, балки сериал ижодкорлари учун ҳам бу жараён янгилик бўлди. - Янгилик қилинган жойда қийинчилик ҳам кўп бўлади. Бу нималарда кўпроқ билинди? - Чиндан ҳам ҳали шу кунгача бундай сериал бизда олинмагани сабаб, ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бўлди. Биз суратга тушган хонадон съёмкаларга мўлжалланмаганди. Шу сабаб ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, уни турли ашёлар билан бойитдик. Ким нима топса, кўзами, чиройли идишми, хуллас уйидан кўтариб келди. Биринчи кундан бошлаб, сериал жамоаси учун ҳам жуда қизиқ жараён бошланди. - Ҳар нарсанинг бир «лекин»и бўлганидек, «Уй бекаси» сериали ҳам камчиликлардан холи эмас. Назаримизда, баъзи диалоглар, ҳодисалар унчалик кулгили чиқмаган. Фикримизга қўшиласизми? - Профессионал актриса сифатида биринчи кундан биргина норозиликни билдирганман, диалоглар борасида. Сценарийни ёзган муаллиф балки ёмон ёзмагандир, сабаби янгича йўналишда ишлаш осон эмас. Кейин комедия жанрида ёзадиган ёзувчилар алоҳида бўлишади. Сценарийда вазиятлар кулгили, аммо диалогларга келганда, аслида кулгили бўлиши керак бўлган ҳар бир гапимиз ундай чиқмаган. Шу сабабдан биз актёрлар кулгили бўлмаган жойини комедик тарзда ўйнаб беришга роса ҳаракат қилдик. Ҳаттоки, съёмка пайтида баъзи жойларни бирга ўзгартиришга тўғри келди. Ўйлайманки, бир ярим ойлик ҳаракатларимиз зое кетмади. «Уй бекаси»даги ролимни ростини айтсам, бир умр кутгандекман. Кийган кийимларимиздан тортиб, пардозгача ҳаммаси кўнглимдагидек бўлди. - Яна бир аҳамиятли жиҳат, «Уй бекаси» Режаметовлар учун оилавий сериал бўлиб қолди… - Томошабинлар Режаметовларнинг акаси, синглиси, қизи ҳам ўйнабди дейишгандир, албатта. Бу гапни рости кутганман. Аммо ишни бошлашимиздан аввал аслида умумун бошқа актёрлар ўйнаши керак эди. Менинг ролимга Лола Элтоева, Зулхумор Мўминовалар синовдан ўтказилган. Оила бошлиғи ролига эса Беҳзод Муҳаммадкаримов, Отабек Мусаев каби актёрлар проба беришган. Уларнинг вақти тўғри келмадими ёки бошқа сабабми, хуллас, кўрикдан ўтказиш ҳайъати бош ролга мени чақиришди. Чиндан ҳам биз бир ярим ой мобайнида ҳеч қандай танаффуссиз суратга олиш майдончасида юрдик. Ҳеч қаерга бормасдан, уйимизга фақат ухлашга келардик. Акамга келсам, шу пайтгача кинода у кишининг роллари кўпроқ жиддий бўлган. Зуҳриддин акам Москвадаги кино олийгоҳини битириб келган, кейин комедик ролларни зўр уддалашини билардим. Бу актёрни таклиф қилганимдан кейин сериал ижодкорлари аввалига иккиланишди, аммо синовдан ўтказгач, уй бекасининг эри ролига тасдиқлашди. Фарангизнинг сериалга келиб қолиши эса катта воқеа бўлди. Қизим синов топширди, ижодкорлар «қизингиз айнан сериал қаҳрамони ёшига мос, ўзингизга ҳам роса ўхшайди» деб, Фарангизни сериал қаҳрамони ролига тасдиқлаб, албатта ўйнайди, деб ваъда беришди. Аммо нимагадир сериал съёмкалари бошланишидан сал олдин, тўғрироғи, репетиция жараёнида Гўзал ролига бошқа ёш актриса чақирилди. Фарангиз буни билди албатта, ростини айтсам, жуда хафа бўлди. Кино шунақа нарса. Мен бу ҳақиқатни жуда яхши тушунаман, аммо йиғлаб ўтирган қизимни қандай овутишни билмасдим. Ишонсангиз, эртага съёмка бошланади деганда, сериал ижодкорлари қўққисдан қўнғироқ қилишиб, ўша ёш актриса ўйнамаслигини айтишиб, яна Фарангизни чақиришди. «Энди мен орага тушолмайман, у қаттиқ хафа бўлди, ўзларинг кўндиринглар», дедим. Хуллас, ҳаммаёқ Режаметовлар деганларга жавобим, бу тақдирдан бўлди. - Фотима опа, ўз акангиз билан эр-хотин ролини ижро этиш ғалати бўлмадими? - Ҳаммада бошида шу савол туғилди. Шахсан мен учун эса бу муаммо бўлмади. Сабаби сценарийни ўқиганимдаёқ, севги саҳналари, ортиқча эр-хотин муносабатлари бўлмаслигини билгандим. Фақат «дадажониси» билан чекланишимни сезгандим. Сизнинг саволингизни акамга ҳам беришди. Улар эса: «Бир сериалда ўзимнинг қизим билан эр-хотин ролида чиққанмиз, синглим билан роль ўйнаш менга муаммо бўлмайди», — деб ҳазиллашдилар. - Россия телеканаллари орқали «Папини дочки» сериалини кўпчилик томоша қилган. «Уй бекаси»даги учта опа-сингил, бирининг танноз, бирининг кўзойнак тақиб, ўта ақлли бўлиши рости ўша сериалдаги қаҳрамонларнинг ўзгинаси. Бизнинг сериал ана шу «Отанинг қизлари»га ўхшаш «Онанинг қизлари» бўлиб қолгандек. Сиз нима дейсиз? -Менга бундай фикр келмади. Бизнинг сериалда асосий урғу уй бекасига берилган. Фарзандлари, эри, қўшнилари ана шу уй бекаси билан муносабатдаги инсонлар. Ўхшашликка келсак, кимдандир яхши маънода кўчирилгандир балки. Айтаяпман-ку, жанримиз — СИТКОМ. Яна бир гап, бу жанрдаги ишимиз ҳали янгилик, бошқа сериалларимизга мутлақо ўхшамайди. Ривожланиш ҳам секин-аста бўлади. Янгилик бўлгани учун ҳам томошабинга ҳозирги кунда қизиқ бўлаяпти, деб ўйлаяпман. Янгилик бўлгани учун ҳам томошабинга ҳозирги кунда қизиқ бўлаяпти, деб ўйлаяпман. - Фотима опа энди Фарангизга юзлансак. Сериалдаги Гўзал билан ўхшашлик томонларингиз қандай, фарқингиз-чи? - У менинг бутунлай аксим десам бўлади. Шунинг учун ҳам бу ролга киришишим бошида қийин кечди. Аслида кундалик ҳаётда умуман бўянмайман, кейин ота-онасининг эркатойи ҳам эмасман, қўлини совуқ сувга ҳам урмайдиган Гўзалмасман. Рўзғор юмушлари аслида бўйнимда, онамнинг ёрдамчисиман. Дугоналарим ҳам сериалда умуман бошқача бўлиб чиқибсан дейишди. - Сериалда онангиз билан жуда ўхшаб кетганингизни кўрдик. Гапиришларингиз, овозларингиз, ташқи кўринишларингиз. Феъл-атворингиз ҳам бир хилми? - Йўқ. Бу борада бироз адашдингиз. Тўғри, овозимизгача ўхшайди. Уйимизга қўнғироқ қилганлар, мен гўшакни кўтарсам, Фотима, деб мурожаат қилишади. Феъл-атвор бобида бироз фарқимиз бор. Онам жуда куюнчаклар, мен эса акси. Онамнинг пазандалигига ҳавас қиламан. Фарзанд сифатида онамга ўхшагим келади. - Ҳаётда Фотима опа билан дугона бўла олганмисиз? - Жуда яқин бўлмаса ҳам, аммо ҳар ишда онамдан маслаҳат сўрайман. Уларга она сифатида суянаман. - Сериалдаги сингилларингиз, укангиз билан қандай тил топишдингиз? - Диёрни ўйнаган Абдулҳаким билан олдиндан танишмиз. Жуда истеъдодли болакай. Суриштириб қарасак, қариндошимиз чиқиб қолди. Зиёда, Мубиналар ҳам аввал сериалларда чиқишган, жуда фаол қизлар. Сериалдаги сингилларим, укам билан жуда яхши чиқишиб кетдик. Энг қизиғи, сериал съёмкаси тугаганда, бир-биримиз билан йиғлаб хайрлашдик. Суратга олиш пайтларидаги кулгили вазиятларни айтмайсизми. Агар ўша воқеаларни ҳам суратга олишганда, у ҳам қизиқарли фильм бўларди. Ҳар кунимиз ана шундай руҳда ўтарди. Онам билан роль ўйнаш мароқли бўлди мен учун, тоғам ҳам бир съёмка майдонида бўлдилар. Ўзимни оиламда юргандек ҳис этдим. - Билишимча, чет тиллари соҳасида таҳсил оласиз. Онангизнинг касбини ҳам давом эттирмоқчимисиз? - Айни пайтда Жаҳон тиллари университетида халқаро журналистика факультетида ўқийман. Келажакда журналистика билан санъатни ҳам бирга олиб бормоқчиман. Тўғрироғи, санъатга яқинроқ журналист бўлсам керак. «Уй бекаси» ҳамон давом этмоқда. Эрининг эътиборсизлигидан чарчаган уй бекаси турмуш ўртоғининг севгисига яна эриша оладими? Унинг учун у яна қандай янги чора ва усулларни қўллайди? Бу саволларимизга қаҳрамонларимиз жавоб беришмади ва сериални охиригача кузатишимизни маслаҳат беришди. Нодира Ҳайдарова суҳбатлашди Bekajon Gazetasi