Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуда ривоят қилинади: «Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан рўзадорнинг қучоқлаши ҳақида сўради. Шунда, унга рухсат бердилар. Бошқа биров У зотнинг ҳузурларига келиб сўраган эди, уни қайтардилар. Қаралса, У зот рухсат берган киши чол экан, қайтарган шахс эса, йигит экан». Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи шаръий ҳукмларни баён қилишда кишиларнинг шахсини ҳам эътиборга олганлари очиқ-ойдин кўриниб турибди. Қари чол ўз кампирини қучоқлагани билан рўзасига футур етадиган даражада шаҳвати қўзғалмаслиги аниқ. Ёш йигит эса, бу иш ила рўзаси очиладиган даражага етиши ва каффорот беришига мажбур бўлиб қолиши турган гап. Демак, рўзадорнинг бу борадаги ҳукми унинг ҳолига қараб белгиланади.[www.bekorchi.uz - Saytdan olindi]
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида ўпар ва қучоқлар эдилар. У зот ичингизда энг шаҳватига молик эдилар». Шарҳ: Демак, бу масалада шаҳватга молик бўлиш асосий меъёр ҳисобланади. Уламоларимиз ҳам ушбу ва бошқа ҳадисларни далил қилган ҳолда, рўзадор одам иложи борича бу ишлардан узоқ бўлгани маъқул, дейишади.