21 июн куни Тошкентдаги миллий санъат марказида "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, Ўзбекистон давлат консерваторияси билан ҳамкорликда мақом кечаси ўтказилди.
Ўзбекистон халқ артисти ва ўзбек мақомчилик санъатининг энг моҳир ижрочиларидан бири Берта Давидова хотирасига бағишлаб ўтказилган мазкур кечага унинг яқинлари, оила аъзолари ташриф буюришди. Кечада санъаткорнинг репертуаридан намуналар ижро этилди.
Юртимизда миллий мусиқа санъатини равнақ топтириш, унинг бой анъана ва мактабларини асраб-авайлаш, янада бойитиш, устоз санъаткорлар фаолияти, ижодий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда кўплаб жамоат ташкилотлари, жумладан, "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси томонидан ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бўлиб ўтган мақом кечасида мумтоз мусиқамиз, бу йўналишда ижод қилган устоз санъаткорларнинг фаолияти, ҳаёти ҳақида сўз борди. Ўзбекистон давлат консерваторияси бадиий жамоаси, Юнус Ражабий номидаги мақомчилар ансамбли, санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.