Тошкент шаҳрининг Навоий ва Ғ.Ғулом кўчалари кесишмасида ва "Хадра" майдонида янги ерости ўтиш йўли қурилмоқда. 19 июнь куни кечаси Навоий кўчасининг Абай кўчаси билан кесишган қисми бир неча муддатга тўсиб турилди ва қурилиш сабаб юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликнинг олди олинди.
Навоий кўчасининг Ўзбек миллий академик драма театри томонида қурилиш ишлари олиб борилиши муносабати билан йўлнинг шу томони автомобилларнинг эркин ҳаракатланиши учун кенгайтирилди. Маълумотларга кўра, ерости ўтиш йўлини қуриш ишлари икки ой давом этади.
Дарҳақиқат, Хадра майдони пойтахтнинг энг мураккаб чорраҳаларидан бири бўлиб, бу ерда нафақат пиёдаларнинг, балки автомобилларнинг ҳаракатланиши ҳам анча қийин. Айниқса, эрталабки ва кечки тирбандликларни ЙПҲ ходимларининг ёрдамисиз бартараф этиш мушкул.
Қолаверса, қиш ойларида Навоий кўчасида янги кўп қаватли турар жойлар фойдаланишга топширилганидан хабарингиз бор. Демак, бу ерда энди пиёдалар ҳаракати янада зичлашади. Шуларни эътиборга олиб, ерсти ўтиш йўлининг қурилаётгани, айни вақтида қабул қилинган жуда тўғри қарор бўлганини эътироф этиш лозим. Ўйлаймизки, бу Мустақиллик байрамининг 22 йиллиги арафасида юртдошларимизга муносиб туҳфалардан бири бўлади.