Менинг соғинчларим шамолга ўхшар, Бир елса осмонга ўрлаб кетади. Қалбимда бир дунё хотира яшар, Қўзғалса вужудни ўртаб кетади.
Менинг соғинчларим дарёга ўхшар, Оқиб бораверар чексизлик томон. Сеҳрланиб қолган дунёга ўхшар, Ҳайратдан ҳайкалдай қотаман шу он.
Менинг соғинчларим баҳорга ўхшар, Гуллаб-яшнаб кетар ўзидан ўзи. Тонг чоғи очилган гулзорга ўхшар, Шабнамга ювилар гулларнинг юзи.
Менинг соғинчларим денгиздай улкан, Қаърига сиғдирар бутун жаҳонни. Аслида хотира бир таскин экан, Орзуга ўрайди ўтган ҳар онни.
Менинг соғинчларим ўзимдек ўжар, Гоҳи жуда сокин, гоҳида шаддод. Шаҳд этса бошингдан нақ қайғу сочар, Дийдор насиб этса йўқ унингдек шод.
|