Главная » 2014»Iyul»16 » Ravshan Ermatov Braziliyadan Toshkentga etib keldi
23:44
Ravshan Ermatov Braziliyadan Toshkentga etib keldi
Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов 16 июль Тошкент вақти билан соат 06:30да Истанбул орқали Тошкентга учиб келди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.
12 июнь - 13 июль кунлари Бразилияда бўлиб ўтган футбол бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатида ишлаган ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва ФИФА лайнсмени Абдуҳамидилло Расуловлар 16 июль, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 06:30да Истанбул орқали Тошкентга учиб келишди.
Ўз фаолиятида кетма-кет иккинчи Жаҳон чемпионати финал босқичи ўйинларида ишлаган Равшан Эрматов ва Абдуҳамидилло Расуловни Тошкент халқаро аэропортида футбол жамоатчилиги, ЎФФ раҳбарияти, бир қатор ОАВ ҳодимлари ва уларнинг яқинлари кутиб олишди.
Эслатиб ўтамиз, ФИФА рефериси Равшан Эрматов Бразилияда бўлиб ўтган мундиалда жами тўртта - Гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган Швейцария-Эквадор, 3-тури доирасидаги АҚШ-Германия, 3-тур доирасида Мексика-Хорватия, чорак финалдан ўрин олган Голландия-Коста-Рика учрашувларини бошқариб борди ва кетма-кет икки Жаҳон чемпионатларида бошқарган жами 9та ўйин билан Жаҳон чемпионатлари рекордини ўрнатган эди.
Жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп учрашувни бошқариб, бу борада рекорд ўрнатган ўзбекистонлик ФИФА рефериси ҳар бир ўйин олдидан мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қилганини алоҳида таъкидлади. «Юртимизга соғ-омон етиб келганимиздан ҳурсандмиз. Жаҳон чемпионатларида умумий 9та ўйин бошқариб рекорд ўрнатдик. Бу мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз ҳам», - деб биз ёшларга айтган шиорининг амалдаги ифодасидир», - дейди Эрматов.
«Жаҳон чемпионатидаги ҳар бир ўйин олдидан биз мана шу сўзларни доимо ёдимизда сақладик. Ҳар бир бошқарган ўйинимиз олдидан мухлисларимизнинг дуосини сезиб турдик ва ўзбек футболининг обрўсини кўтаришга ҳаракат қилдик. Финал ўйинига ҳам бизнинг тайинланишимизни кўпчилик кутган эди. Бироқ вазият ўзгарди. Лекин, бу ҳолат бизни ўз устимизда кўпроқ ишлашимизга ва навбатдаги жаҳон чемпионатида ўз орзуимиз сари янада кучлироқ ҳаракат қилишга ундайди», - дейди тўрт карра Осиёнинг энг яхши ҳаками.
Жаҳон чемпионати баҳсларида Эрматовга қанотда ёрдам берган ФИФА лайнмсени Абдуҳамидилло Расулов учун Бразилиядаги мундиал фаолиятидаги илк жаҳон чемпионати бўлди. «Мен учун бу биринчи жаҳон чемпионати бўлди. Тўрт йил аввал ўзбек ҳакамлари жуда юқори савияни намойиш этишганди ва бу сафар биз ана шу юқори савияни сақлашга ҳаракат қилдик. Жаҳон чемпионати биз учун катта тажриба мактаби ва бизни қўллаб-қувватлаб турган барча инсонларга миннатдорчилик билдираман», - дейди Расулов.