Главная » 2013»Iyun»13 » Ҳожибой Тожибоевнинг футбол иқтибослари туширилган футболкалар тайёрланди
00:55
Ҳожибой Тожибоевнинг футбол иқтибослари туширилган футболкалар тайёрланди
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари марҳум қизиқчи, таниқли сўз устаси Ҳожибой Тожибоевнинг футболга оид машҳур иқтибослари туширилган футболкаларни тайёрлашди. Бу ҳақда Facebook ва Twitter фойдаланувчилари маълум қилишган.
Асосан футбол ишқибозлари учун тайёрланган футболкаларда, жумладан, Ҳожибой Тожибоевнинг футболга оид машҳур «Любойини энасини кўрсатворамиз», «Стадионинггаям, стадионингни директоригаям, айниқса, 2та боковой судьенгга…» ва бошқа иқтибослари туширилган.
Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2014 саралаш босқичидаги муваффақиятли иштироки учун тайёрланган «РИОга борамиз! Жуда бўлмаганда, музқаймоқ ялаб қайтамиз» иқтибоси айниқса оммабоп бўлиши кутилмоқда.
Facebook ижтимоий тармоғидаги «I Love Uzbekistan» гуруҳи хабарига кўра, Ҳожибой Тожибоевнинг оқ-қора сурати ҳамда унинг футбол ва бошқа мавзулардаги машҳур иқтибослари туширилган футболкаларни 13 июнь, чоршанба кунидан эътиборан Тошкентдаги «Чорсу» буюм бозорида савдога чиқарилади.
Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. Миллий терма 11 июнь куни Жанубий Корея терма жамоасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди, бироқ мундиалга тўғридан-тўғри йўлланма олиш имкониятларини сақлаб қолган. Бунинг учун Миржалол Қосимов шогирдлари 18 июнь куни Тошкентда Қатар терма жамоасини мағлубиятга учратишлари, ўз навбатида, Эрон терма жамоаси сафарда Жанубий Кореяга имкониятни бой бериши керак.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистондаги энг машҳур қизиқчилардан бири бўлган Ҳожибой Тожибоев 2008 йил августида, 52 ёшида вафот этган. Сўз устасининг ўзбекистонлик футболчилар ҳақидаги ҳангомалари айниқса машҳур бўлиб, «жаҳон чемпионатида музқаймоқ еб келиш» билан боғлиқ иқтибоси халқ орасида ҳаддан ташқари машҳур бўлиб кетган.