Ўқувчиларимизнинг кўплаб мурожаатларини инобатга олиб, "Саломатлик" рукнида ошқозон мавзусига эътиборингизни қаратамиз. Саволларга олий тоифали гастроэнтеролог Лобар Саидрасулхўжаева жавоб беради.
ЯРА ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛАДИ?
— Ошқозон яраларининг пайдо бўлишига нималар сабаб бўлиши мумкин?
— Ошқозон яраларининг келиб чиқишига наслий мойиллик, нотўғри овқатланиш, стресс, мавсумнинг таъсири, чекиш, ичиш кабилар сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, шифокор тавсия этмаган дори воситаларини қабул қилиш ёки тавсия этилган дориларни пала-партиш ичиш ҳам ошқозон ярасининг келиб чиқишига сабаб бўлади.
ОШҚОЗОН ЯРАСИНИНГ ТАШҚИ БЕЛГИЛАРИ
— Ошқозонда касаллик ёки яра борлигини қандай аниқлаш мумкин, унинг ташқи белгилари борми?
— Агар ошқозонда гастрит ёки яра бўлса қориннинг юқори қисмида оғриқ бўлади. Бу оғриқ айниқса, қорин очганда, кечки вақтларда кучаяди. Овқатлангандан сўнг оғриқ камайиши мумкин, баъзи беморлар узоқ вақт давомида оғриқ қолдирувчи дориларни қабул қилганликлари боис, оғриқ бўлмаслиги ҳам мумкин, аммо бу ҳолат ҳаёт учун хавфли саналади. Чунки оғриқ сезилмаса-да, ошқозондаги яра ёрилиб, қон кета бошлайди. Ошқозон-ичак яра касалликларининг олдини олиш учун тўғри, ўз вақтида овқатланиш, ҳаддан ташқари ёғли, аччиқ таомларни истеъмол қилмаслик, қаҳва, газли ичимликлар, шоколад кабиларни меъёрида истеъмол қилиш керак.
10 ЙИЛДАН БУЁН "МЕЗИМ ФОРТЕ” ИЧАМАН
— Оиламиз аъзоларидан бири "Мезим форте” дори воситасини 10 йил давомида доимий равишда кунига 1 та, баъзида 2 та ҳабдоридан ичиб туради. Айтинг-чи, у дори ичишда давом этаверса, организмга ҳеч қандай зарари йўқми, илтимос шу ҳақида маълумот берсангиз.
— Ҳар бир дори воситаси маълум касаллик ва уни келтириб чиқарадиган асоратларни даволаш учун қўлланилади. Шифокор кўрсатмасисиз, узоқ муддат давомида дори воситасини қабул қилиш нотўғри. Мунтазам ичилган препарат организмда кумуляция ҳолатини, яъни оз-оздан йиғилиб жигар, буйрак каби ҳаёт учун зарур бўлган органларга зиён етказиши мумкин. Шу сабабли, сизга шифокор кўригидан ўтишни ва у тавсия қилган дори воситаларинигина қабул қилишингизни маслаҳат берган бўлардим.
БОЛАГА ЎСИМЛИК ЁҒИ ФОЙДАЛИРОҚ
— Фарзандим 4 ёшда. Болалигида ошқозони бузилиб шифохонада даволанганмиз. Шундан буён ёғли таомлар, торт кремларини истеъмол қилса ошқозони оғрийди. Иккинчи фарзандим эса ушбу таомларни қийинчиликсиз еяверади. Бунинг сабаби нимада бўлиши мумкин?
— Болаларда ошқозон бузилиш ҳолати диарея дейилади. Диарея вақтида болага қўшимча тузли эритмалар ичириш тавсия этилади. Агар бола кўкрак сути билан озиқланса яна ҳам яхши. Аммо шунда ҳам тез-тез суюқлик бериб туриш лозим бўлади. Болага ёғли таомларни меъёридан ортиқ бериш мумкин эмас. Ёғлар ошқозонда ўт-сафро ёрдамида парчаланади, болаларда эса у тўлиқ 5 ёшдан кейин ажрала бошлайди. Аслида болаларга ҳайвон ёғларидан эмас, ўсимлик ёғидан тайёрланган таомларни бериш фойдали саналади. Ўсимлик ёғи ошқозонда тез парчаланади, шу билан бирга мия фаолиятини яхшилаб, мия ҳужайраларини озиқлантиради.
ҲОМИЛАДОРЛИКДА ОШҚОЗОН ОҒРИСА...
— Ҳомиладорликнинг 6 ойидаман. Очиғини айтсам, ошқозоним жуда кўп оғрийди, бузилади. Бунинг туғилажак фарзандимга таъсири йўқми?
— Ҳомиладорлик даврида ошқозон фаолиятининг бузилиши жуда кўп учрайдиган ҳолат саналади. Бунинг сабаби она организмидаги гармонал ўзгариш, меъда суюқлигининг кўп ишлаб чиқарилиши, токсикоз (бунинг натижасида аёл қайт қилиши, маълум озиқ-овқат маҳсулотлари, меваларни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиши, нордон, шўр, аччиқ ейиш) оқибатида учрайди. Бу физиологик нормал бўлиб, бола организмига салбий таъсири йўқ. Чунки туғруқдан сўнг бу ҳолат ўтиб кетади.