Чемпионатда йигирмага яқин давлатдан 270 нафар шахматчи қатнашган бўлса, уларнинг ҳеч бири Исломбек Синдоров кўрсатган натижани такрорлай олмади.
Исломбек чемпионат доирасидаги учала мусобақада ҳам ўз тенгқурларини катта фарқ билан ортда қолдириб, учта олтин медалга сазовор бўлди. У рапид ва блиц турнирларда ҳамда классик шахмат бўйича еттитадан, жами 21 партия ўйин ўтказиб, шунинг 20 тасида ғалаба қозонди ва ўзига хос рекорд ўрнатди.
Осиё чемпионати доирасида ўтказилган блиц турнирда 8 ва 14 ёшгача ўғил болалар ўртасида Исломбекнинг акаси Жавоҳир Синдоров ва "Умид ниҳоллари – 2012" спорт ўйинларида кашф этилган Нодирбек Ёқуббоев кумуш медалларга сазовор бўлди.
16 ёшгача қизлар ўртасида ўтказилган рапид ва блиц турнирларида учинчи ўринни эгаллаган Шаҳноза Турсунова бир жуфт бронза медаль билан тақдирланди.
Бобур Сатторов, Моҳинур Қаҳрамонова, Нилуфар Ёқуббоева, Фарида Ҳурсанова каби иқтидорли шахматчиларимиз мусобақа жадвалининг юқори поғоналаридан жой олди.
Халқаро шахмат федерацияси – ФИДЕ қоидалари асосида 18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган мусобақада иштирокчилар рапид ва блиц турнирлар ҳамда классик шахмат бўйича куч синашди.