Телефон жиринглади. Гўшакни кўтарсам, бир аёл:
— Сизларга бир таклифим бор. Ўғли йўқ аёллар ҳақида ёзинглар. Бир танишимнинг икки қизи бор, ҳозир учинчисига ҳомиладор. Шифокорлар бунисиниям қиз дейишибди. Энди бечоранинг уйида кунда жанжал. Қайнонаси, эри, қайнопаси «ичинг қизга тўлиб кетганми, фақат қиз туғасан?! Бунисиям қиз бўлса, жавобингни берамиз», деб кун беришмаяпти. Ахир боланинг ўғил ё қиз бўлиши фақат аёлга боғлиқмас-ку!
— Ҳа, биз бу ҳақда бир неча марта ёзганмиз, — дедим.
— Илтимос, яна ёзинглар, балки газетада ўғиб, ишонишар, инсофга кириб қолишар?!
Шундай қилиб, бу мавзуга яна бир марта қайтишга қарор қилдик.
Ультратовуш хонасидаги манзара
Айни шу мурожаат бўлган куни иш юзасидан шифохонага бордим. Ультратовуш текшируви ўтказиладиган хона ёнида одам жуда гавжум: кимдир навбат талашган, кимлардир ўзаро ҳасратлашган, ким шошилган, ким хавотирланганча коридорнинг у ёғидан бу ёғига юриб турган… Менга керакли шифокорни шу ерда кутишга, аёлларнинг дардлари, фикрларини бироз тинглашга, вазиятни кузатишга қарор қилдим. Шу жойда бир қарама-қаршиликка дуч келдим: аёллар орасида бефарзандликдан азият чекаётганлар ва «агар бунисиям қиз бўлса, олдираман» дея текширувга келганларнинг бир қанчасини учратдим. Уларни кўриб, «Кимдир тирноққа зор, кимдир безор» деганлар кўп бўлди. Вазият тақозо этиб, мен ҳам УТТ хонасига кирдим. Ичкарида бир эр-хотин ўтирибди. Аёл ҳомиладор, ҳомиланинг жинсини билгани Самарқанддан келишибди. «Уч жойга текширтирдик, иккитаси қиз, биттаси ўғил деди», дейди эр. Шифокор аёлни текшириб кўриб, «қизча экан, ҳаммаси жойида, яхши ривожланаяпти», деди ҳомиланинг соғломлигидан мамнун бўлиб. Аёлнинг эса ётган жойида куйиниб йиғлашини кўриб, эрнинг асабийлашиб, сўкинганини эшитиб, бу манзарани қандай изоҳлашни ҳам билмайсан киши. Тўғри, бошидан ўтказган билади, лекин барибир буни ношукрликдан ўзгасига йўйиб бўлмайди менимча. Афсуски, баъзилар учун вужудидаги фарзандининг саломатлигидан кўра ўғил ё қизлиги муҳим…
Турфа тақдирлар
Шифокор қабулига кириш учун навбат кутиб ўтирган аёллар билан суҳбатлашдим:
Гулзода, 30 ёш: — Иккита қизим бор. Икковиниям кесарча кесиш йўли билан туққанман. Яқинда учинчисига ҳомиладор бўлдим. Бугун жинсини билгани келдим. Бунисиям қиз бўлишидан жудаям қўрқаяпман. Чунки қайнонамнинг эримга «хотининг яна қиз туғса, ажрашасан. Бу дунёдан ўғилсиз ўтасанми?!» деганини эшитиб қолдим…
***
Дилшода, 28 ёш: — Менинг ҳам икки қизим бор. Қайнонам ва эрим қизларимни жуда яхши кўришади. Лекин қайнопам келиб-кетса, болалар учун кўзларига кўринмай қолади… Қайнопам «Мана, менинг учта ўғлим бор, бу қиз туғаверадими фақат?!» деб гапиравериб, жанжални бошлаб кетади…
***
Фарида, 45 ёш: — Ҳомиладорлигимни билган кунимдан эрим «менга ўғил керак, ўғил туғиб бер», деганди. Ошналари билан «кўрасанлар, хотиним ўғил туғади!» деб гаров ўйнабди. «УЗИ»га тушгунимизча ширин орзулар қилиб, жуда яхши яшадик. Лекин шифокор ҳомиламнинг қизлигини айтган кунданоқ эрим ўзгарди-қолди: ичкиликка берилди, «сен мени оғайниларимнинг олдида шарманда қилдинг!» деб кунда жанжал кўтарарди… Қизим туғилгандан кейин туғруқхонага ҳам бормади… хуллас, бирга яшолмадик… Қизимни ўзим ката қилдим, узатдим, мана, бугун уни «УЗИ»га олиб келдим, ҳомиладор! Қудаларим «ўғилми, қизми, Аллоҳнинг неъмати! Соғ-омон қўлига олса бўлди», дейишаяпти, жуда тушунган инсонлар! Афсуски, собиқ эрим мендан кейин икки марта уйланди, бироқ Яратган унга фарзанд бермади…
***
Камола, 30 ёш: — Биз ўн йилдан бери тирноққа зормиз. Қилмаган амалимиз, бормаган жойимиз қолмади. Ҳаётда аҳволи биздан ҳам баттарлар бор-ку, деб ўз ҳолимизга шукр қиламиз. «Ўғил бўлмаса, ҳомиламни олдираман» деган келинлар, «қиз керакмас» дейдиган эрлар, «хотининг ўғил туғмаса ажрашасан» дейдиган қайноналарга менга ўхшаганларнинг тақдири наҳот дарс бўлмаса?!
***
Дилшод, Камоланинг турмуш ўртоғи, 32 ёшда: — Хотиним 5 та қиз туғса ҳам жон дердим. Ўғилми, қизми, бераридан қисмасин экан…
Кўзингизни очинг, ношукр бўлманг!
Азиз қайноналар! Сиз онасиз! 9 ой вужудида бир жонни кўтариб юриш, фарзандни дунёга келтириш нималигини яхши биласиз. Айтинг, ўз қизингизни ўғлингиздан кам яхши кўрасизми? Бетоб бўлганингизда атрофингизда парвона бўлган, салгина улғайганидан қўлингиздан юмушингизни олиб, ишингизни енгиллатган, овқатингизни пиширган, уй-жойингизни саришта тутган, кирингизни ювган, дардингизни олган қизингизни яхши кўрмаслигингиз мумкинми?! Ўғлингизга ҳамма гапингизни ҳам айтолмай, палахмон тоши бўлиб ўзга хонадонга учиб кетган қизингизнинг келишини интиқ кутган пайтларингиз бўлмайдими? «Яхшиям шу қизимни туққан эканман!» демаганмисиз ҳеч?!
Ўрнингизга келинингизни қўйиб кўринг. Унинг учун ҳам ўғилу қиз фарзанд баробар. Келинингиз сиз кутгандек ўғил эмас, қиз фарзандларни дунёга келтиргани учун уни айбламанг. Ахир ёшингиз улуғ, ақлингиз расо, яхши тушунасиз-ку ҳаммаси унинг қўлида эмас, Яратганнинг измида эканини! Келинингизнинг ўрнида қизингизни тасаввур қилиб кўринг: агар унга қайнонаси «қиз туғаяпсан!» деб зуғум ўтказганида чидай олармидингиз? Келин ҳам бировнинг жондай азиз боласи, ўғлингиз билан тақдирини боғлаб, яхши ниятлар билан остонангиздан кириб келган, сизга қиз бўлишни кўнглига тугган болангиз. Сизнинг ишингиз айбдор излаш, жанжал кўтариш эмас, болаларингизни дуо қилиш, оилангиз шаъни, осойишталигини назорат қилиш, болаларингизга бош бўлиш! Сизга жанжаллар эмас, ана шулар ярашади! Ахир сиз ОНА деган буюк ном эгасисиз!
Ҳурматли эрлар! Сиз оилангиз устунисиз! Сиз ўғлингиз бўлишини истайсиз-у, рафиқангиз буни истамайди деб ўйлайсизми? Аслида у буни икки карра кўпроқ истайди: биринчидан, ўзи учун, иккинчидан, сизни хурсанд қилиш, бахтиёр кўриш учун! Агар бу истак амалга ошишини тақдир раво кўрмаса, у сиздан кўра кўпроқ изтироб чекади сизни қувончга тўлдирмагани учун… Қизлар отага меҳрибон бўлади, деганлари рост. Балки гўёки ўғил бўлиб туғилмагани уларнинг айбидек қизларингизга эътибор бермагандирсизу буни сезмагандирсиз? Балки улар туғилганларидан бери сизнинг меҳрингизни соғиниб яшаётгандир? Ишонмасангиз, нуроний оталардан сўранг, улар қизларининг меҳрибончилигини тўлқинланиб сўзлаб беришади.
Сиз қайдан биласиз, балки Яратган кутганингиздек ўғил эмас, қиз фарзанд бериб, сабрингизни, шукр қила олиш-олмаслигингизни синаётгандир? Балки шу синовдан шукроналик билан ўтсангиз, оилангизда ўғил фарзанд дунёга келар?.. Бесабрлик, ношукрлик қилаётганингиз етмагандек, тақдирини сиз билан боғлаган, юрак ҳовучлаб кўзларингизга мўлтираб яшаётган умр йўлдошингизни ўғил туғмаганликда аёбламанг, баттар қийнаманг. Шунда Яратганнинг Ўзи сизни қўллайди!
Муҳтарам қайнопалар! Сиз учирма қуш мисол ота уйингизни тарк этдингиз. Ўрнингизга ўзга хонадоннинг суюкли фарзанди келиб, қўним топди. Энди сизнинг ҳақиқий уйингиз — жуфтингизнинг ёнида. Бу хонадон учун эса энди меҳмон ҳисобланасиз. Опасиз, укангизни ўзингиз кўтариб ката қилгандирсиз балки. Кичиклигида йиқилса, суринса, дарҳол турғизиб, тиззаларини қоқиб, бошини силагансиз, қўлчаларидан ушлаб, юришни ўргатгансиз… Инсон ҳаёт йўлларида улғайиб, ақлини таниганида ҳам қоқилади, суринади, йиқилади… Сиз опа бўлиб, укангизга, унинг «ўғли йўқ» деган таъналарга қолиб кетган оиласига тиргак, суянч бўлинг, асло бундай таъна қилувчилардан бўлманг. Укангиз, келинингизда маслаҳат беришга, йўл-йўриқ кўрсатишга ҳақлисиз. Аммо гап-сўзларингиз бу хонадонда жанжал, келишмовчилик, кўнгилхираликларга эмас, аҳилликка, осойишталикка сабаб бўлсин.
Келинингизнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг: агар қайнопангиз ёки қайнсинглингиз келиб, қайнонангиз ва эрингизнинг олдида сизга таънаю маломат тошларини отиб, жанжал бошлаб кетса, тинчингизни бузса, чидай олармидингиз? «Чиққан қиз чиғириқдан ташқари» бўлгани энг маъқул йўл. Сиз аёлсиз, «фақат қиз туғаётган» келинни сиз тушунишингиз керак.
Мунис келинлар! Унутманг, сиз бахтлисиз! Чунки Яратган сизни ОНАЛИК деган бахтга, номга муяссар этди! Агар шу қизларингиз бўлмаганида, ким билсин, балки оилангиз бутун бўлмасмиди… «Ўғлим бўлганида оилам бутун бўларди», дейишга шошилманг! Ахир қизларингиз бор! Агар улар бўлмаганида юрагингиз фарзандсизлик доғида қоврилиб, ҳувиллаб ётарди, чидай олармидингиз? Ўғилли бўлмаётганингиз учун ўзингизни айблайверманг, буни тақдир ҳукмига қўйиб беринг. «Ўғил туғмаяпсан» деган айбловлардан ҳориган бўлсангиз, қайнонангиз, эрингиз, яқинларингизга инсоф, ўзингизга ирода сўранг. Эсда сақланг, сиз ўзингиз, қизларингиз ва насиб этса, дунёга келажак ўғилларингиз учун ҳам ўзингизни, саломатлигингизни асрашингиз шарт!
Мутахассислар нима дейди?
Бу ҳақда илгари ҳам кўп сўз юритганмиз. Мавзуни қайта-қайта қаламга олган тақдирда ҳам асрлар оша таъкидланиб, тасдиқланиб келаётган илмий асослар ўз ҳолича қолади. Шу боис Республика ихтисослашган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббий маркази тиббий ирсият маслаҳатхонаси бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор Ҳамида МАҚСУДОВАнинг илгари ҳам таъкидланган фикрларини келтириб ўтишни ўринли деб билдик: — Аслида барчаси эркакка, аниқроғи, аёл тухум ҳужайрасини эркакнинг қайси хромосомаси (Y ёки Х) уруғлантирганига боғлиқ. Шундай экан, эркаклар томонидан «меросхўр ўғил туғиб беролмай, қаторлаштириб қиз туғдинг», дея билдириладиган айбловлар ўринли эмас. Бунинг учун 9 ой қийналиб, яна туғуруқ азобларини ҳам бошдан кечирган аёл эмас, сперматозоиди «қизлар» хромосомаси — Хдан таркиб топган эркак «айбдор». Яъни ҳомиладор аёлнинг ўғил туғишига фақат эркак сабабчи бўлади. Чунки Y хромосома аёлда йўқ, у фақат эркакда мавжуд. Яъни эркакнинг Х хромосомаси аёлдаги Х хромосома билан бирлашса, қиз туғилади. Эркакнинг Y ва аёлнинг Х хромосомаси бирлашганда эса ўғил дунёга келади.
Муборак ПИРИМҚУЛОВА, олий тоифали акушер-гинеколог: — Илмий нуқтаи назардан, бу вазиятда кўпроқ эркаклар масъул. Чунки агар аёл тухум ҳужайраси билан учрашган эркак уруғ ҳужайраси Х хромосомали бўлса, қиз, У хромосомали бўлса, ўғил дунёга келади. Умуман олиб қараганда, фарзанднинг ўғил ё қиз бўлиши инсон иродасига, истакларига боғлиқ эмас.
Мутахассислар бир фикрда якдил: соғлом турмуш тарзи кечирадиган, спиртли ичимликлар, тамакидан тийилган ва камроқ шамоллаган эркак-аёлларда ўғил фарзанд туғилиш эҳтимоли юқори бўлиши аниқланган.
Хулоса
Одамзот сабрли бўлишни ва "ШУКР” дейишни ўрганса, муаммолар қалашмайди, қалблар яраланмайди, оилалар дарз кетмайди. Эҳтимол кимларнингдир тирноққа зорлиги ўғилми-қизми фарзанди борларнинг шукр қилиши учун сабабдир? Шукр деювчилардан бўлинг, хонадонингиздан жанжал-суронларнинг эмас, чақалоқларнинг ингаси, болакайларнинг шодон қийқириғи, кулгиси жаранглаб турсин!
Нилуфар ВАҲОБОВА
|