Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков умуман кутилмаган қўшиқ яратди. Қўшиққа сўз танлашда жуда инжиқ хонанда бугунги замоннинг долзарб мавзусини танлади-ю, бироқ, сўзлари у ўйланганчалик жиддий эмас-да! Шу боисданми ўзи ёзган қўшиқни ўзи куйламоқчи эмас. Назарбековнинг айтишича, бу таронадан сўнг журналистларнинг танқид "тошбўрони”га учрашни истамайди. Репертуарга ҳам киритилмай қолиб кетадими энди? Озодбек интернетда ёшларимизни қамраб олган энг оммабоп ижтимоий тармоқ "одноклассники” ҳақида ёзилган ҳазиломуз қўшиқни шогирди Алишер Файзга совға қилишни афзал билди. Ёшлар учун ёшроқ хонанда куйлашини маъқул кўрган халқ артистининг бундай фикридан балки сиз, мухлислар қайтарарсиз. Қўшиқда "қизларнинг "одноклассники”га кирмасдан, бу тармоқнинг қармоғига илинмасларидан олдин уларга уйланиш” кераклиги ҳақида маслаҳат берилади. Файз ижроси ҳам чаккимас, шу мавзудан таъсирланиб, янги қўшиқ яратган куйчи ижросида у барибир бошқача жаранг топса керак. Нима дедингиз, тингловчи?