Халқаро футбол уюшмалари федерацияси – ФИФА миллий терма жамоаларнинг янги рейтингини эълон қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аввалги ой рейтингидан 7 поғона юқорилаган ҳолда жаҳон рейтингида 52-ўринда бормоқда. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё миқёсида бир ўрин юқорилади ва қитъа пешқадами Япония (45) ва Эрон (49)дан кейинги ўринни эгаллаб турибди. Ўзбекистондан кейинги икки ўринни эса Жанубий Корея (56) ва БАА (65) терма жамолари банд этишган. Жаҳон чемпионати иштирокчиси Австралия (76) эса қитъада 6-ўринга ўринга тушиб кетган.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги-2015 финал босқичи “В” гуруҳидаги рақиблари орасида пешқадам бўлиб турибди. Гуруҳда, Ўзбекистон ва Саудия Арабистонидан (жаҳонда 78) ташқари, Хитой (жаҳонда 94) ва КХДР (жаҳонда 147) терма жамоалари ўрин олган.
МДҲ, Грузия ва Болтиқбўйи мамлакатлари орасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Украина (жаҳонда 22-ўринн), Россия (23) ва Арманистон (41)дан сўнг тўртинчи ўринни банд этган.
Жаҳон рейтингида эса амалдаги жаҳон чемпионлари Германия пешқадамга айланиб олди. Германия терма жамоасидан кейинги ўринларда Аргентина ва Голландия терма жамоалари ўрин олишган. Жаҳон рейтингининг тўлиқ кўриниши билан ФИФА расмий сайтида танишиш мумкин.
|