Ҳаётида вақт муаммога айланган машҳурлардан бири Шоҳруҳ Хондир. Шу боисми, у вақт ҳукмига бўйсуна олмайди ва ҳамиша ундан илгарилашга ҳаракат қилади. Хоннинг иш режаси шу қадар тирбандки, айни пайтда 2016 йилда суратга тушиши режалаштирилаётган фильмларга йилнинг қайси ойида вақт топишини аранг ўйлаяпти! Гастроллар, суратга олиш ишлари, крикет жамоасига “бош-қош”лик, реклама роликлари ва яна юзлаб турфа таклифлар... Йиллар давомида йиққан даромади бобида эса кўплаб Ҳолливуд юлдузларини ҳам ортда қолдирганини нуфузли нашрлар чоп этди. Ишлаган тишлайди. Йиққан моддий бойлиги умри давомида ҳеч нима қилмасдан оёқ чўзиб ётганда ҳам невара чевараларига етса керак-ов! Бироқ, ўзи оқиб келаётган ризқни ким суриб қўяди?! Яратганнинг сийлагани бир бандага шунча бўлар! Унинг чеҳрасини кўришга Ер куррасида миллионлаб мухлислар муштоқ. Мана шунинг ўзи бир неча миллион долларлик бизнеснинг кафолати эмасми? Болливуднинг биринчи рақамли актёри иш режаси тирбандлигидан оиласи, фарзандларини ойда бир-икки марта кўришига тўғри келмоқда. Омма эса Хоннинг қачон сўнгги марта ўз оиласи билан бирга суратга тушганини ҳам эсидан чиқараёзди. Бироқ, яхшиям, Гаури Хон дизайнерлик дўконини очди-ю, оиланинг жамулжам кўришга ҳеч бўлмаса журналистлар муваффақ бўлишди. Бўйи етиб қолган Арьян ва Суҳанна ота-онаси бағрида бахтли фурсатнинг шоҳидига айланишди. Хон ижоди давомида ҳамиша қўллаб-қувватлаб келаётгани боис рафиқасини эркалаб Гаурима дея чақиради. Гауриманинг дизайнерлик дўкони турмуш ўртоғини ҳайратга солгани унга бир умрлик қувонч бахш этган бўлса ажабмас. Гаури яқин йиллар олдин Шоҳруҳ Хонни махсус автобус совға қилиб, “ақлдан оздирганди”! Бундай автобус Болливуд тугул Ҳолливуддаги бирон актёрда ҳам йўқлиги билан қойил қоларли! Автобуснинг ичида сартарошхонадан тортиб, махсус мебел билан жиҳозланган ётоқхонагача мавжуд бўлиб, бу рафиқанинг ҳамиша меҳнатга қоришган эри учун бир жонкуярлиги ифодасидир! Хуллас, оила “йўқотилган” отани ниҳоят, яна топди! Бу ҳақиқий юлдузлик онлари. Машҳурлар бундай онлардан озми-кўпми татишга ҳаракат қилмоқда. Қандини урсин. Ҳатто, фарзандлар учун машҳур отасини кўриш бир орзу экан, мухлислар учун бир бахт экан-да! Кези келиб, Шохруҳ Хон ҳам Ўзбекистонга ташриф буюришига умид қиламиз. Зеро, бир пайтлар Шохруҳ Хон кабиларни “чанг”ида қолдирган юлдуз – Митхун Чакраборти ҳам қариган чоғида бўлса-да, ўзбекистонлик мухлисларини баҳраманд этди-ку?! Ана шунақа гаплар! Жасур ҲАМРОЕВ Класс 11