Кеча Москва Давлат халқаро муносабатлар институти спорт мажмуасининг майдонида ректор Кубоги учун футбол учрашувлари бўлиб ўтди.
Бу йил мусобақаларда 285 кишидан иборат 25 та жамоа иштирок этди. Уларнинг орасида Россия ташқи ишлар вазирлиги, Университет ўқитувчи ходимларидан таркиб топган терма жамоалар, шунингдек Москвада аккредитациядан ўтган хорижий элчихоналарнинг 20 та футбол жамоалари қатнашди.
Мазкур турнирда мамлакатимиз шарафини Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва "Келажак овози” Ёшлар ташаббуслар Маркази фаолларидан таркиб топган терма жамоа ҳимоя қилди. Эътиборли томони Италия элчихонаси жамоаси билан бўлиб ўтган учрашувда вакилларимиз 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Спорт мутахассилари, таҳлилчи ва журналистлар томонидан жамоамиз кўрсатган ўйин юқори баҳоланди.
Россияликларнинг эътирофича, ўзбек жамоасига ишқибозларнинг қўллаб-қувватлаши катта ёрдам берди. Стадион ўриндиқларида бутун тадбир давомида «Ўзбекистон чемпион!» деган хайқириқлар янграб турди. Мусобақалар илиқ ва дўстона муҳитда ўтди.
Шу куни Институтнинг кириш йўлагида Элчихона ва Фонд Форум ҳамкорлигида Ўзбекистонга бағишланган кўргазма ташкил қилинди. Барча иштирокчилар мамлакатимизнинг бой тарихий меъроси билан танишиш имконига эга бўлдилар.