Главная » 2013 » Iyun » 10 » Германияда Эльба дарёсининг тўғони ёрилиб кетди
23:29
Германияда Эльба дарёсининг тўғони ёрилиб кетди
Бугун Германия шарқидаги Эльба ва Зале дарёлари қўшиладиган нуқтада тўғон ёрилиб кетиши сабабли минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишган.
Мазкур ҳодиса оқибатида маълум худудлар сув остида қолган. Бу ҳодисадан асосан Магдебург шаҳри атрофи азият чеккан.
Маҳаллий хукумат 23 минг кишидан уйларини тарк этишларини сўрашмоқда. Саксония-Анхальт федерал ерларидан эвакуация қилинган одамлар сони 36 минг нафарни ташкил қилди.
Сув тошқини оқибатида Эльбадаги сув сатҳи 7,48 метрга кўтарилган, бу эса меъёрий кўрсаткичдан 5 метрга кўпдир. Сув кўтарилиш сатҳи 2002 йилда содир бўлган йирик сув тошқинидан ҳам ошиб кетди.
Ҳозирда мазкур ҳодисалар сабабли Германия иқтисодиёти 6 миллиард евро зарар кўрди. Германия канцлери Ангела Меркель сув тошқинида жабрланганларга федерал бюджетдан 100 миллион евро ажратишни ваъда қилди. Табиий офат оқибатларини бартараф қилишган 11 минг бундесвер аскарлари жалб қилинган.
Баъзи ОАВнинг маълумотларига қараганда, тўғон ёрилган куни бир нечта немис газеталари тўғонни портлатиб юбориш хақидаги хабар олишган. Аммо айтиш жоизки, бу қўрқитиш мактублари борган чоғда тўғоннинг босими ёғингарчилик сабабли анча кучайиб бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда сув тошқини Марказий Европанинг бир неча давлати, хусусан Германия, Австрия, Чехия ва Венгрияни қуршаб олди. Ҳозирда Венгриядаги Дунай сув сатҳи рекорд даражага кўтарилган. Дарё водийсида яшайдиган 1200 киши мажбурий эвакуация қилинган.
Европадаги сув тошқинлари сабабли ҳалок бўлганлар сони бугунги кун ҳолатига 18 кишини ташкил қилди. Шуларнинг 10 нафари чехияликлардир.