22 июнь куни эрталаб соат 5 ларда Фарғона шаҳри марказида жойлашган йирик икки қаватли бинода ёнғин содир бўлган. Узинформ интернет-нашрининг хабар беришича, ушбу бинода "Александрия" ресторани, "Донар" қаҳвахонаси ва мебел ҳамда оптика дўконлари жойлашган бўлган.
Тез ёнувчан пластик маҳсулот билан қоплангани учун олов тезда ресторанни қамраб олиб, бутунлай вайрон қилган. Ўт ўчириш инспекцияси вакили Орзигул Мирзаеванинг маълум қилишича, ёнғинни ўчириш учун 8 та ўт ўчириш техникаси жалб қилинган.
Ёнғин оқибатида ҳеч кимга шикаст етмаган. Умумий ҳисобда 160 квадрат метр майдон, асосан том қисми ёниб кулга айланган. Воқеа сабаблари ўрганилмоқда.
- Менимча ёнғинга эски электр сими ёки электрдан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлган, дейди ресторан хизматчиларидан бири.