Главная » 2013»Iyun»16 » Facebook ва Microsoft махсус хизматларнинг сўровлари тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилди
22:45
Facebook ва Microsoft махсус хизматларнинг сўровлари тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилди
Facebook ва Microsoft компаниялари 14 июнь, жума куни уларга фойдаланувчилар бўйича ҳукуматдан қанча сўров келиши ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишди. Бу ҳақда, Reuters ахборот агентлигига асосланиб, «Лента.Ру» интернет-нашри хабар бермоқда.
Facebook’дагиларнинг хабар беришича, 2012 йилнинг иккинчи ярми давомида компания давлатнинг турли органларидан 18-19 минг нафар фойдаланувчини қамраб олувчи тўққиз мингдан ўн мингтагача сўровларни олган.
Microsoft компаниясининг маълум қилишича, худди шу давр мобайнида компания полиция ва хавфсизлик хизматларидан 31-32 мингта аккаунтни қамраб олувчи олти-етти мингта ордер ва сўровлар олган.
Хабарда қайд этилишича, компаниялар АҚШ махсус хизматларидан рухсат олиб, ушбу маълумотларни ошкор этишган.
Facebook ва Microsoft жаҳоннинг бошқа йирик интернет-компаниялари билан бирга июнь ойи бошида катта можаро марказида қолиб кетди. The Washington Post газетасининг ёзишича, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) ва Федерал тергов бюроси (ФТБ) ушбу компанияларнинг серверларига тўғридан-тўғри кира олади ва фойдаланувчилар ҳақида ўзини қизиқтирган исталган маълумотни қўлга киритиши мумкин.
Facebook ҳам, Microsoft ҳам ушбу ахборотни рад этиб, ҳукуматнинг фақат расмий сўровлари бўйича фойдаланувчиларнинг маълумотларини тақдим этганини маълум қилган эди.